2 апрел куни Олий аттестация комиссияси раиси А.Т.Юсупов Бухоро вилоятида бўлиб, олий таълим ташкилотларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш илмий тадқиқотчилар ва илмий-педагогик жамоалар билан учрашув ва сайёр қабуллар ўтказди. Учрашувлар дастлаб Бухоро давлат университетида Бухоро халқаро университети ва Осиё халқаро университетлари илмий тадқиқотчилари, педагогик жамоалари ҳамда куннинг иккинчи ярмида Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилди.

Илмий-амалий, педагогик ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари самарадорлигини оширишга бағишланган суҳбатларда олий таълим ташкилот-ларининг 122 нафар, шундан 35 ёшгача бўлган 114 нафар ёш тадқиқотчиси иштирок этди. Эътиборлиси, юртимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, айниқса таълим ва илм-фан соҳаларидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар самарасида илмий-педагогик фаолият олиб бораётган аёл-қизлар улуши ҳам доимий ўсиб бормоқда. Шунга мувофиқ тадбирларда 71 нафар аёл-қизлар фаол иштирок этиб, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестация тизимига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Бунда юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар таркибида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимидаги янгиликлар ҳамда диссертация тадқиқотлари сифати ва самарадорлигини таъминлаш борасидаги амалий вазифалар бўйича тавсиялар ҳамда тегишли маълумотлар берилди.

Очиқ учрашув ва мулоқотларда 27 та саволга тушунтириш берилди, 8 нафар тадқиқотчига илмий изланишлари доирасида жойида услубий ёрдам кўрсатилди. Сайёр қабуллар давомида 5 нафар тадқиқотчи ўзини қизиқтирган масала юзасидан оғзаки мурожаат қилиб, уларга низомлар талаблари асосида жойида батафсил тушунтиришлар берилди.
Ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий-педагогик фаолиятини рағбатлантириш ва диссертация ҳимояларини ташкил этиш бўйича амалий кўмак ва зарур тавсиялар беришда бу каби мулоқотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
ОАК Ахборот хизмати