Алимова Ирода Хайритдиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Аудиовизуал таржима матнларида лексик бирликларнинг лингвомаданий хусусиятлари; 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: -
Илмий раҳбар: Джафарова Дилдора Илхомовна, филология фанлари доктори (DSc), профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.11
Расмий оппонентлар: Ж.Ш.Джумабаева филология фанлари доктори (DSc), профессор; Д.А.Абдуазизова , филология фанлари бўйича фалсафа доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади аудиовизуал таржима матнларида вербал ва новербал компонентларнинг лингвомаданий хусусиятларини очиб бериш, уларнинг ўзбек тилига дубляж ва субтитр орқали мажмуавий доминант таржима стратегияларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
аудиовизуал таржима тури, таржимашунослик соҳалари тизимида синхрон, бадиий, ёзма ҳамда оғзаки таржималарнинг алоҳида – алоҳида хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган ҳолда, уларнинг маълум бир функсионал ва структур жиҳатларини бирлаштирувчи мураккаб ва кўп қатламли таржима тури сифатида намоён бўлиши, ушбу жараёнга коммуникатив, техник ва лингвомаданий омилларнинг таъсири қўшилиб ўзига хос комплекслик ясалиши назарий ва амалий мисол ва хулосалар орқали далилланди;
субтитрлаш жараёнида маданий реалиялар таржимаси учун стратегия танлаш масаласи бевосита субтитр матнининг вақт ва макон билан боғлиқ техник чекловлари натижасида юзага келадиган компрессия усули билан узвий алоқадор экани, яъни маданий бирликнинг семантик ядросини сақлаган ҳолда ихчамлаштириш зарурати лингвистик кўникма орқали амалга оширилиши аудиовизуал таржима материаллар мисолида қиёсий-таҳлилий усуллар орқали исботланди;
кино ва мултфилмларда учрайдиган реалияларнинг асосий қисми қайси туркумга мансуб бўлиши мазкур аудиовизуал асарнинг мавзу йўналиши ҳамда аудиовизуал асар жанри билан бевосита боғлиқ ҳолда шаклланиши, яъни, драма, комедия, фентези ва жангари жанрларда реалияларнинг маълум туркумининг кўп учраши, хусусан, мифологик туркумга хос реалиялар аудиовизуал асарларнинг фентези ҳамда комедия жанрларида миқдор жиҳатдан кўп келтирилиши эмпирик далиллар асосида аниқланди;
аудиовизуал таржима матнини шакллантириш жараёнида вербал компонентлар билан бир қаторда визуал новербал компонентлар сирасига кирувчи – имо-ишора, мимика, проксемика, кинесика, ва фон элементларининг таржима жараёнида эътиборга олиниши хабар мазмунининг тўлиқ ва адекват етказилишини таъминловчи муҳим омил экани, ушбу компонентларнинг ўзаро уйғунлиги таржима сифатига бевосита таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан ўта долзарблиги исботланди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Аудиовизуал матнда учрайдиган лексик бирликларнинг лингвомаданий хусусиятларини аниқлашдан олинган натижалар асосида:
натижаларнинг жорий қилиниши чет тилини ўрганишда ва ўргатишда, айниқса таржима жараёнида субтитр ва дубляждаги таржиманинг қиёсий ўрганиш, лексик бирликларнинг икки тилдаги лингвомаданий жиҳатларини келтириш, лингвистик билимларни профессионал таржимонликда қўллаш учун ҳам амалий ёрдам беради. Мазкур диссертациясининг илмий натижалари асосида аудиовизуал таржима матнларида учрайдиган вербал компонент сирасига кирувчи реалия ва визуал новербал воситалар таржимасининг биргаликда эътиборга олинганлиги таҳлили хулосаларидан ва материалларидан ҳамда реалияларнинг туркумланиши аудиовизуал асарнинг жанри ва мавзусига таалуқлилиги бўйича Ўзбекистон Миллий университетида бажарилган Я-1-06-сонли “Профессионал таржимонларни тайёрлашда сифат назоратини ташкиллаштиришга компонент ёндашув” мавзусидаги амалий илмий-тадқиқот лойиҳаси доирасида фойдаланилди.
Мазкур ишнинг илмий натижалари ва материалларидан Эрасмус+ дастурининг Прожеcт № 598340-EPP-1-2018-1-ES-EPPKA2-CBHE-JP University Cooperation Framework for Knowledge Transfer in Central Asia and China (UNICAC) номли инновацион тадқиқотлар лойиҳасида фойдаланилган. Хусусан, унинг асосий тушунча ва тамойиллари ҳақидаги назария ва фикрларидан, шунингдек, аудиовизуал таржиманинг назарий ва амалий асослари, аудиовизуал таржима матн яратилишининг техник кўникмаларидан олинган хулосалари ва таҳлилларидан лойиҳа доирасида ОТМ магистратура талабалари учун онлайн дарслар ташкил этишда, миллий ва минтақалараро тавсияларни ишлаб чиқишда, шунингдек халқаро мобиллик ва ҳамкорлик учун UNICAC лойиҳасининг стратегик режаларини ишлаб чиқишда қўлланилди.
Диссертацияда замонавий тилшуносликнинг истиқболли ёʻналишларидан бири бўлган лингвокултурология фани, унинг асосий тушунча ва тамойиллари ҳақидаги назария ва фикрларидан, шунингдек, аудиовизуал таржима бўлимларидан – субтитр орқали таржиманинг фарқли жиҳатлари, таржима яратилишининг техник кўникмалари ҳамда реалия таржимасига оид стратегиялар субтитрнинг техник жақраёни билан бирга боғлиқлиги хулосалари ва таҳлилларидан лойиҳа доирасида стратегик режаларини ишлаб чиқишда қўлланилди. Жумладан, илмий натижалари, амалий таклиф ва тавсияларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси “Ўзбекистон” телерадиоканали томонидан тайёрланган 2025-йил 25-август ҳамда сентябр ойларида эфирга узатилган “Тил-миллат кўзгуси”, “Таълим ва тараққиёт” номли эшиттиришлар ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган.