Саидов Уткир Уралбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Туризм соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларининг ташкилий-иқтисодий асосларини такомиллаштириш (Ўзбекистон Республикаси мисолида)”, 08.00.17 - Туризм ва меҳмонхона фаолияти.  
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Iqt1634 
Илмий раҳбар: Назарова Раъно Рустамовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, PhD.33/08.05.2024.I.176.01
Расмий оппонентлар: Алиева Маҳбуба Тўйчиевна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Сафаров Баҳодир Шахриёрович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади туризм соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда қўллаш самарадорлигини оширишга қаратилган тавсияларни шакллантиришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Туризмда ДХШ механизмларидан самарали фойдаланишга оид “Туризм соҳасида ДХШ” тушунчаси моҳияти ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳудудий хусусиятларни инобатга олган ҳолда аниқлаштирилди ва назарий жиҳатдан асослаб берилиб, ДХШнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини қўллаш йўналишларини аниқ белгилаш ҳамда уларни амалий жиҳатдан мослаштириш учун асос яратди;
ДХШ тизимида ижтимоий шериклик тамойилларини жорий этиш ҳамда туристик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида давлат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган “секторлараро шериклик” консепсиясидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлиги илмий жиҳатдан асослаб берилди;
Туризм соҳасида ДХШнинг оптимал ташкилий-бошқарув тузилмаси шакллантирилди. У ДХШ механизмларидан самарали фойдаланиш, лойиҳа бошқарувини институционал қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий ташкилий-иқтисодий элементларни туристик ташаббусларни амалга ошириш тизимига интеграция қилишга асосланган;
Иқтисодий, ижтимоий ва экологик компонентларни ўз ичига олган ҳамда барқарор ривожланишнинг учлик консепсиясига асосланган “Барқарор туризмни ривожлантириш” модели (СДТ) таклифи илмий асосланган. Моделнинг самарадорлиги 2016–2024 йиллардаги статистик маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда 2025–2030 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш орқали илмий исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Агротуризмни ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар асосида:
Ўзбекистон Республикаси “Туризм тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳририни тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этган муаллиф томонидан Қонуннинг 
6-моддасида “Туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари”дан бири сифатида мазкур соҳада “давлат-хусусий шериклик”ни ривожлантириш масаласи бўйича таклиф ва тавсиялар берилиб, қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг 2024-йил 14-ноябрдаги 03-12-17-8060-сонли маълумотномаси). Бунда туризм соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллашнинг асосий ташаббускори ва тартибга солувчи сектор сифатида давлат органларининг масъулиятини янада ошириш назарда тутилган;
Мазкур диссертация иши доирасида ишлаб чиқилган хулосалар асосида туризм соҳаси, жумладан маданий мерос обектларининг самарали бошқарув тизимини яратишда ДХШ механизмларидан фойдаланиш ҳамда унинг аниқ тартибини жорий этиш бўйича тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 
6-апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6199-сонли Фармони орқали амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг 
2024-йил 14-ноябрдаги 03-12-17-8060-сонли маълумотномаси). Жумладан, туризм ва маданий мерос обектларини ДХШ асосида самарали бошқариш ҳамда соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ушбу соҳадаги давлат бошқарув органининг асосий вазифаларидан бири сифатида мустаҳкамланган;
Диссертация ишида туризм соҳасида “секторлараро шериклик” назарияси, яъни жамиятдаги уч сектор (давлат-хусусий сектор ва фуқаролик жамияти институтлари) ҳамкорлигини ривожлантириш орқали туризм соҳасини барқарор ривожлантириш ҳамда самарали бошқарув тизимини жорий этиш модели тавсия қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг 2024-йил 14-ноябрдаги 03-12-17-8060-сонли маълумотномаси). Бугунги кунда туризм соҳасида фаолият юритувчи нодавлат-нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ва инвесторлар билан ишлаш тизими яратилган бўлиб, “секторлараро шериклик” механизмлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 26-апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 
ПҚ-135-сонли қарори асосида туризм соҳасидаги нодавлат секторни қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланди;
Диссертация ишида бугунги кундаги экологик муаммолар ҳамда жаҳон миқёсида энг долзарб масалалардан бўлган “барқарор туризм”ни ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилган. Жумладан, туризм ва ёндош соҳаларни ривожлантиришга қаратилган давлат қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга ҳамда маданий меросга зарар етказмаслик нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилиши лозимлиги, барқарор туризмни ривожлантириш йўналишидаги ДХШ лойиҳалари учун рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш ҳамда барқарор туризм ва ДХШ лойиҳаларини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш. Ушбу тавсиялар бугунги кунда ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнларида фойдаланилмоқда (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг 2024-йил 14-ноябрдаги 
03-12-17-8060-сонли маълумотномаси). Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 12-январдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-21-сонли қарори доирасида экотуристик масканлар лойиҳаларини тайёрлашда “барқарор туризм” мезонларига таяниш белгиланган;
Туризм соҳасидаги лойиҳаларни самарали амалга оширишда ДХШ механизмларидан фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар асосида Самарқанд вилоятида туризм соҳасида амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳалари давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида амалга оширилган (Самарқанд вилояти Туризм бошқармасининг 2024-йил 15-ноябрдаги 02-13/1562-сонли маълумотномаси). Жумладан, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида бир нечта йирик меҳмонхона лойиҳалари ДХШ модели асосида амалга оширилмоқда. Хусусан, халқаро меҳмонхона тармоқлари билан ҳамкорликда янги меҳмонхона комплекслари, дам олиш масканлари, шунингдек, анъанавий услубдаги меҳмон уйлари барпо этилмоқда. Мисол сифатида Самарқандда барпо этилган “Силк Роад Самарканд” туризм марказини келтириш мумкин. Бу замонавий туризм маркази ДХШ асосида барпо этилган йирик лойиҳалардан бири бўлиб, унда меҳмонхоналар, конференция заллари, дам олиш масканлари ва кўнгилочар масканлар жойлашган;
Мазкур диссертация ишида туризм инфратузилмасини барпо этишда ДХШ механизмларидан самарали фойдаланиш ҳамда дунёда қўлланилаётган замонавий моделларни Ўзбекистонда жорий этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган бўлиб, Самарқанд вилояти туризм инфратузилмаси, жумладан, “Самарқанд” халқаро аэропортини замонавий реконструксия қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу тавсиялардан фойдаланилган (Самарқанд вилояти Туризм бошқармасининг 2024-йил 15-ноябрдаги 02-13/1562-сонли маълумотномаси). Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 24-декабрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни “Самарқанд - Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” консепсияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-455-сонли қарори асосида Самарқанд халқаро аэропорти ДХШ механизмлари асосида реконструксия қилинди. Аэропортни кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш имкониятларини ошириш мақсадида хусусий сармоядорлар иштирокида реконструксия ишлари амалга оширилган. Янги терминалнинг қурилиши ва транспорт инфратузилмасининг яхшиланиши сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда.
Диссертация иши доирасида берилган туризм ва ёндош соҳаларни ривожлантиришга қаратилган давлат қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга ҳамда маданий меросга зарар етказмаслик нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказиш таклифи соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлар  ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант дастури доирасида Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал ва Фориш туманларида амалга оширган “Оилавий меҳмон уйлари – қишлоқ ҳудудларида аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш воситаси” номли лойиҳа доирасида бўлажак тадбиркорларга барқарор туризмни ривожлантириш, атроф-муҳит ва қадриятларни асраш бўйича билим ва кўникмалар берилган (Ўзбекистон меҳмон уйлари ва хостел эгалари ассоциациясининг 2025-йил 10-февралдаги 25/3-сонли маълумотномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish