Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар  ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгиланиб, жойларда ёшлар билан очиқ ва юзма-юз мулоқотлар ташкил этилишига муҳим эътибор қаратилмоқда. Зеро, самимий ва дўстона учрашув ва суҳбатлар ёшларда ўзига ишонч ва ғурурни уйғотиши билан бирга, уларни ўйлантираётган масалаларга тез ва тўғри ечим топишда катта аҳамият касб этмоқда. 
Жорий йилнинг 26 март куни Олий аттестация комиссияси раиси А.Т.Юсупов Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим ва илмий тадқиқот ташкилотларида бўлиб, илмий-педагогик ва олимлар жамоаси ҳамда ёш илмий тадқиқотчилар билан учрашув ва сайёр қабуллар ўтказди. Учрашувлар дастлаб Қорақалпоқ давлат университети, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ва Нукус давлат педагогика институти, ундан сўнг эса, Фанлар Академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Табиий фанлар ва Гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтларида ташкил этилди.

Илмий-амалий, педагогик ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари самарадорлигини оширишга бағишланган суҳбатларда олий таълим ва илмий тадқиқот ташкилотларининг 395 нафар, шундан 35 ёшгача бўлган 326 нафар ёш тадқиқотчиси иштирок этди. Эътиборлиси, юртимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, айниқса таълим ва илм-фан соҳаларидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар самарасида илмий-педагогик фаолият олиб бораётган аёл-қизлар улуши ҳам доимий ўсиб бормоқда. Шунга мувофиқ тадбирларда 244 нафар аёл-қизлар фаол иштирок этиб, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестация тизимига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Бунда юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар таркибида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимидаги янгиликлар ҳамда диссертация тадқиқотлари сифати ва самарадорлигини таъминлаш борасидаги амалий вазифалар бўйича тавсиялар ҳамда тегишли маълумотлар берилди.

Очиқ учрашув ва мулоқотларда 52 та саволга тушунтириш берилди, 11 нафар тадқиқотчига жойида услубий ёрдам кўрсатилди. Сайёр қабуллар давомида 3 нафар тадқиқотчи ўзини қизиқтирган 3 та масала юзасидан оғзаки мурожаат қилиб, уларга низомлар талаблари асосида жойида батафсил тушунтиришлар берилди.

Албатта, бу каби мулоқотлар ёш тадқиқотчиларнинг илмий-педагогик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадқиқотларини низом талаблари асосида тўғри расмийлаштириш ва тақдим этиш юзасидан амалий кўмак ва зарур тавсияларни олишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish