Баротов Сирожиддин Бахридиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Аштархонийлар даврида Бухоро хонлигининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Tar 2460
Илмий раҳбар: тарих фанлари доктори, профессор Холикулов Ахмаджон Боймахамматович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Tar.01.01
Расмий оппонентлар: Очилдиев Файзулла Бабакулович, тарих фанлари доктори, профессор; Улашова Севинч Улаш қизи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Аштархонийлар даврида Бухоро хонлигининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Аштархонийлар сулоласи Бухорода ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилиб, ўзларини Темурийлар ва Шайбонийларга мослаб асослашга уринса-да, амалда марказнинг сиёсий легитимлигини таъминламаганлиги, шунингдек, хон кенгашидаги айрим амалдорларнинг (оталиқнинг нуфузи ошиб, сув манбаларини тақсимланишини назорат қилувчи биринчи шахсга айланганиши, нақибнинг сиёсий ва ҳарбий нуфузи ошиши, шунингдек, эшикоғабоши, чиғатойбеги, мирохури калон ва тўқсаболарнинг олий ҳукмдордан узоқроқда тутилиши) ижтимоий мавқеидаги фарқлар ички бўлинишларни келтириб чиқариб, марказлаштириш сиёсатига тўсқинлик қилганлиги асосланган;
мазкур даврда солиқ турлари, уларнинг йиғиб олиш шаклларининг ўзгарганлиги, солиқ имтиёзларини олиш тартиби ва турли мажбуриятларнинг ҳаддан ташқари кўпашийи ортидан аҳолининг давлат ва унинг амалдорларига нисбатан норозилигининг ортиши, қўшимча даромад манбаларидан оқилона фойдаланмаслик, хусусан, закот тушумини хонлар фойдасига олиниши, давлатда маъданлар қазиб олишдаги суъистемолликлар, хонликда яшаб-истиқомат қилган пайғамбар авлодларининг барча тўловлардан озод қилиниши каби ҳолатлар табақаланишни янада кучайтириб, жамият ривожланишини ортга сурганлиги далилланган;
унумдор ҳудудларда жойлашган ер-мулкларнинг йирик амалдорлар ва диний элита қўлида тўпланиши, табиий шароит туфайли яроқсиз қолган сув иншоотлари асосан, меҳнаткаш аҳоли кучи билан мажбурий меҳнат эвазига қайта тикланиши (Бухоро яқинидаги Ҳасанободда жойлашган канални таъмирлаш ишлари) ва бу соҳа билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаган ҳудудларда қаровсиз ерларнинг кўпайши қишлоқ хўжалиги ривожида нотекис ҳолатни вужудга келтиргани очиқланган;
хонлик ҳудудларида мавжуд бўлган касб-ҳунар турлари аштархонийлар даврига хос бўлган сиёсий беқарорлик ҳолатида ҳам давом эттирилганлиги ҳамда айрим ҳунармандчилик тармоқларига оид бўлган одоб-ахлоқ қоидалари ва ишлаб чиқариш жараёнлари, жумладан, ҳунармандчиликдаги устоз-шогирд муносабатлари, ҳунармандларнинг иш жараёни ва касбга бўлган муносабати, асбоб-ускуналар ва маҳсулотларнинг меросий тарзда қолдирилиши билан боғлиқ анъналарнинг сақланиб қолиши, унинг архаик кўринишда қолиб кетишига олиб келганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Аштархонийлар даврида Бухоро хонлигининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тарихини тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Аштархонийлар сулоласи Бухорода ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилиб, ўзларини Темурийлар ва Шайбонийларга мослаб асослашга уринса-да, амалда марказнинг сиёсий легитимлигини таъминламаганлиги, шунингдек, хон кенгашидаги айрим амалдорларнинг ижтимоий мавқеидаги фарқлар ички бўлинишларни келтириб чиқариб, марказлаштириш сиёсатига тўсқинлик қилганлиги ҳақидаги натижалардан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 2025-йилга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фондининг 2025-йил 27-июндаги 37-01/27.06.2025 й. маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши хайрия жамоат фондининг миллий ўзликни англашга қаратилган ишларни илмий асосда ташкил қилиш имконини берган;
Аштархонийлар даврида солиқ тизими ва аҳоли мажбуриятлари билан боғлиқ жараёнларда содир бўлган ўзгаришлар ҳақидаги натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасаси таркибидаги “Ўзбекистон тарихи” телаканали “Тақдимот” кўрсатувининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасасининг 2025-йил 11-ноябрдаги 01-33/843-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши телетомошабинларда Аштархонийлар даврида юзага келган мураккаб сиёсий вазият, йер эгалиги муносабатлари, солиқ тизимидаги адолацизликлар ва унинг Бухоро хонлиги ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири ҳақидаги тасаввурларнинг кенгайишига хизмат қилган;
Хонликда ер-мулкларнинг йирик ер эгалари ва диний элита қўлида тўпланиши, табиий шароит туфайли яроқсиз қолган сув иншоотлари асосан, меҳнаткаш аҳоли кучи билан мажбурий меҳнат эвазига қайта тиклангани ва бу соҳа билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаган ҳудудларда қаровсиз ерларнинг кўпайганлиги ҳақидаги натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасаси таркибидаги “Ўзбекистон тарихи” телаканали “Тарих майдони” кўрсативининг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасасининг 2025-йил 11-ноябрдаги 01-33/843-сон маълумотномаси). Натижалар ўзбек давлатчилиги тарихининг Бухоро хонлиги давридаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлари ҳамда суғориш тизими тарихини ўрганишга қаратилган ишларни самарали ташкил этишга хизмат қилган;
Хонлик ҳудудларида мавжуд бўлган касб-ҳунар турлари аштархонийлар даврига хос бўлган сиёсий беқарорлик ҳолатида ҳам давом эттирилганлиги ҳамда айрим ҳунармандчилик тармоқларига оид бўлган одоб-ахлоқ қоидалари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан боғлиқ маълумотлар ҳақидаги натижалардан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 2025-йилга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фондининг 2025-йил 27-июндаги 37-01/27.06.2025 й. маълумотномаси). Натижалар Аштархонийлар даврида Бухоро хонлигида мавжуд бўлган ҳунармандчилик турлари ва уларнинг ривожига тўсиқ бўлган омиллар ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланишига имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish