Бобохонова Мамурахон Нормирза қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон об-ҳавосига Эл-Нинё ва Ла-Ниня жараёнларининг эҳтимолий таъсирини баҳолаш”, 11.00.04 - Метеорология. Иқлимшунослик. Агрометеорология (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам В2024.3.PhD/Gr339.
Илмий раҳбар: Кадиров Бахтиёр Шарофиддинович, география фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ).
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти, DSc.18/2025.27.12.Gr.02.01.
Расмий оппонентлар: Эгамбердиев Хамроқул Турсунқулович, география фанлари доктори, профессор; Гафуров Зафар Асроржонович, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Эл-Нинё ва Ла-Ниня ҳодисаларининг Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати режимига эҳтимолий таъсирини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Эл-Нинё фазаси кузатилган давр мобайнида Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кўп, Ла-Ниня даврида эса аксинча ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кам бўлганлиги аниқланган;
Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари даврида ёғингарчилик аномалиялари миқдорининг баландлик бўйича ўзгариши аниқланган;
Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари даврида Ўзбекистонда кузатилган ёғингарчилик аномалиялари миқдорининг рақамли карталари ГАТ асосида яратилган;
келгуси ўн йиллик ёғингарчилик режимига тааллуқли иқлим модели учун методологик асос ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон об-ҳавосига Эл-Нинё ва Ла-Ниня жараёнларининг эҳтимолий таъсирини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Эл-Нинё фазаси кузатилган давр мобайнида Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кўп, Ла-Ниня даврида эса аксинча, ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кам бўлиши Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида ёғингарчиликни прогноз қилишда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 01-15/1593-сон маълумотномаси). Натижада, Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари даврларида Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчиликни меъёрдан кўп ёки кам кузатилиши қонуниятлари асосида мавсумий ва узоқ муддатли прогнозлар тузиш имконияти яратилган;
Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари даврида Ўзбекистонда кузатилган ёғингарчилик аномалиялари миқдорининг ГАТ асосида яратилган рақамли карталари Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида ҳудудлар кесимида ёғингарчилик миқдорини прогноз қилишда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 01-15/1593-сон маълумотномаси). Натижада, ҳудудлар кесимида келгуси Эл-Нинё ва Ла-Ниня даврларида прогнозлар тузиш имконияти яратилган;
Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари даврида ёғингарчилик аномалиялари миқдорининг баландлик бўйича ўзгариши Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида тоғолди ҳамда тоғли ҳудудлар учун махсус прогнозлар тузиш амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 01-15/1593-сон маълумотномаси). Натижада, тоғли ва тоғолди ҳудудлардаги сув ресурсларининг шаклланишини олдиндан аниқлаш, хусусан, сел хавфини камайтириш, сув ресурсларини самарали бошқариш имконияти яратилган;
Эл-Нинё ва Ла-Ниня ҳодисаларининг эҳтимоллиги асосида Фарғона водийси ҳудудига келгуси 10 йиллик давр учун узоқ муддатли ёғингарчилик миқдори учун ишлаб чиқилган прогнози Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигида аҳолига метеорологик хизмат кўрсатиш ва метеорологик прогнозлар тузиш фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 01-15/1593-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистоннинг марказий, жанубий ҳамда шимолий ҳудудлари учун Эл-Нинё ва Ла-Ниня фазалари эҳтимоллиги асосида 10 йиллик ёғингарчилик прогнози тайёрлаш имконияти яратилган.