Иргашев Нуриддин Нормурод ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): Темир йўл ҳаракат таркиби буксаларининг техник ҳолатини назорат қилиш усулларини такомиллаштириш, 05.08.03 – Темир йўл транспортини ишлатиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.PhD/Т6254.
Илмий раҳбар: Курбанов Жанибек Файзуллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.10/2025.27.12.Т.01.06 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Адилова Зиёда Гафуржоновна, техника фанлари доктори, профессор, Тажиев Жанибек Адамбоевич, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади темир йўл ҳаракат таркиби буксаларининг техник ҳолатини назорат қилиш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
темир йўл ҳаракат таркиби ғилдирак жуфтлигининг ҳароратини баҳолаш имконини берувчи датчиклар орқали инфрақизил нурланиш даражасини баҳолаш асосида буксанинг белгиланган чегара қийматларидан ортиқ қизишини аниқлашнинг математик модели ишлаб чиқилган;
буксалар қизиши ҳақидаги огоҳлантириш сигналларини электр марказлаштириш тизимига симсиз онлайн узатиш усули ғилдирак жуфтлигини назорат қилиш қурилмаларидан олинадиган маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилган;
инфрақизил датчиклар ишлаш аниқлиги ва ўлчаш жараёнидаги эҳтимолий хатоликларининг стохастик математик модели тасодифий омиллар параметрларидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш имконини берувчи марказий чегара назариясига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган;
темир йўл буксаларининг техник ҳолатини реал вақт режимида назорат қилиш ва диагностик маълумотларни техник хизмат кўрсатиш шохобчаси вагон кўрувчи-таъмирловчиларига хавфсиз ва узлюксиз етказишни таъминлаш имконини берувчи масофавий ташхислаш усули яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ҳаракат таркиби букса қисмининг техник ҳолатини назорат қилиш усулларини такомиллаштириш боʻйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
буксалар қизиши ҳақидаги огоҳлантириш сигналларини электр марказлаштириш тизимига симсиз онлайн узатиш усули, темир йўл участкаларида букса қисмининг қизиш ҳолатини масофавий назорат қилиш қурилмаси “Темирйўлинфратузилма” АЖ тасарруфидаги “Тошкент сигналлаштириш ва алоқа масофаси” филиали Пахта станцияси ПК3406+9 жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 20-январдаги 4/Э82-сонли маълумотномаси). Натижада техник хизмат кўрсатиш шохобчаси вагон кўрувчи-таъмирловчилари томонидан букса қисмининг қизиш ҳолатини ташхислаш жараёнини автоматлаштириш орқали ҳаракат таркибини техник кўрикдан ўтказиш вақти 2 баробарга қисқартирилган;
ҳаракат таркиби букса қисмини назорат қилиш тизими “Темирйўлинфратузилма” АЖ тасарруфидаги “Тошкент сигналлаштириш ва алоқа масофаси” филиали Янгийўл-Пахта перегонида синовдан ўтказилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 20-январдаги 4/Э82-сонли маълумотномаси). Натижада букса қизиш ҳолатларини ±0,5 °C аниқликда тезкор аниқлаш, маълумотларни 120-150 мс кечикиш билан узатиш ҳамда инсон омилининг таъсирини 30 % гача камайтириш орқали поездлар ҳаракати узлюксизлигини таъминлаш имконияти яратилган;
темир йўл буксаларининг техник ҳолатини масофавий ташхислаш усули, темир йўл участкаларида ҳаракат таркиби букса қисмини назорат қилиш қурилмаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Вагонлардан фойдаланиш бошқармаси” Пахта станцияси назорат пунктида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 20-январдаги 4/Э82-сонли маълумотномаси). Натижада темир йўл ҳаракат таркиби ғилдирак жуфтликлари ҳолатини узлюксиз масофавий ташхислаш орқали буксалар қизиши ҳолатини эрта аниқлаш ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланганлик даражасини ошириш имкони яратилган.