Маълумки, жорий йилнинг 24 феврал куни “Кўксарой” қароргоҳида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ёшлари билан бевосита мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашувда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялардан 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди. Эътиборлиси, очиқ ва самимий мулоқотларда давлатимиз раҳбари томонидан   ёшларимиз учун таълим, спорт, касб ва тил ўрганиш, ишга жойлашиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳалар учун грант маблағлари ажратилиши бўйича қўшимча имкониятлар яратилиши юзасидан фикрлар билдирилди. Бунда эндиликда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” ўтказилиши асносида масъул раҳбарларнинг маҳалла ва таълим муассасаларига бориши ва ёшлар муаммоларини ўрганган ҳолда амалий ечимлар таклиф қилиши ташаббуси билдирилди. 
Жорий йилнинг 5 март куни Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Олий аттестация комиссияси раиси А.Т.Юсупов талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди. 
Тадбирда олий таълим муассасаси раҳбарияти, илмий-педагогик жамоа, хусусан, 65 нафар ёш мутахассис-ўқитувчилар, докторант ва талаба-ёшлар иштирок этди.   

   

Учрашувни олий таълим ташкилоти ректори в.б Э.Шерматов кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда ёшларнинг етук мутахассис-кадрлар сифатида камол топиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг ҳолда институтида ўтказилаётган мазкур учрашув ҳам ёшларнинг илмий-ижодий фаолликларини қўллаб-қувватлаш, уларни илм-фан соҳасидаги саволларига жавоб бериш ва ечим ахтариш мақсадида ташкил этилаётганига эътибор қаратди.
Олий аттестация комиссияси раиси А.Т.Юсупов ўз сўзида давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистонни барпо этишда илм-фан соҳасини ривожлантириш, илмий-педагогик кадрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса ёш олимларни, аёл-қизларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганига тўхталиб ўтди. Хусусан, айнан 2020 йил 2 сентябрда “Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусица санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори асосида таълим муассасаси фаолияти замонавий талаблар асосида ташкил этилгани ҳамда педагогик фаолият олиб бораётган ва давлат мукофотлари билан тақдирланган маҳоратли санъаткорларга профессор ва доцент илмий унвонлари тақдим этилаётгани эътироф этилди.
Мазкур учрашувда ёш тадқиқотчиларнинг олий малакали илмий ва илмий педагог кадрлар аттестациясига доир 25 та саволига расмий ҳужжатлар асосида тушунтиришлар берилди ва 8 нафар тадқиқотчининг илмий фаолияти юзасидан жойида услубий ёрдам кўрсатилди. Бир нафар тадқиқотчининг амалий таклифи қабул қилинди.
Учрашув Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ёш ижодкорларининг бадиий чиқишлари билан янада файзли ўтди.

ОАК Ахборот хизмати.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish