Суванкулов Саркорбек Санжар ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқлим ўзгариши шароитида Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси музликлари, кўллари ва дарёлари гидрологик режимининг шаклланиш хусусиятлари”, 11.00.03 - Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Gr317.
Илмий раҳбар: Тургунов Данияр Маннапжанович, география фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти, DSc.18/2025.27.12.Gr.02.01.
Расмий оппонентлар: Ҳикматов Фазлиддин Ҳикматович, география фанлари доктори, профессор; Пирназаров Равшан Топволдиевич, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси музликлари, кўллари ва дарёлари гидрологик режимининг шаклланиш хусусиятларини экспериментал тадқиқот усуллари ва замонавий ГАТ технологиялари асосида баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасидаги тоғ кўлларининг морфологик (сув юзаси майдони, қирғоқ чизиғи узунлиги, узунчоқлиги, қирғоқ чизиғи ривожланиши, кўл косасининг шакли) ҳамда морфометрик кўрсаткичлари (узунлиги, кенглиги, ҳажми, чуқурлиги, максимал чуқурлиги, ўртача чуқурлиги) сўнгги беш йиллик учун аниқланган;
Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасидаги тоғ кўлларининг муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақалари замонавий ГАТ технологиялари ёрдамида аниқланган;
тоғ музликлардан тўйинадиган дарёлар ва сойлар оқимининг гидрокимёвий таркибини дала шароитида тадқиқ этиш асосида минераллашув даражасининг дарё узунлиги бўйича ортиб бориши харитаси яратилган;
дала тадқиқотлари натижасида Оҳангарон дарёси ҳавзасида майдонлари 0,25 км² гача бўлган 9 та тоғ музликлари мавжудлиги аниқланган, уларнинг шакл ва ўлчам кўрсаткичлари ГАТ технологиялари ёрдамида баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасида шаклланган тоғ дарёлари, музликлари ҳамда кўлларининг гидрологик режимини ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасида шаклланган тоғ кўлларининг морфологик (сув юзаси майдони, қирғоқ чизиғи узунлиги, узунчоқлиги, қирғоқ чизиғи ривожланганлиги, кўл косасининг шакли) ҳамда морфометрик кўрсаткичларининг (узунлиги, кенглиги, ҳажми, чуқурлиги, максимал чуқурлиги, ўртача чуқурлиги) миқдорий қийматлари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги тизимида ҳавза сув ресурсларини баҳолаш ва прогнозлаш амалиётида фойдаланилган (Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025-йил 1-августдаги 01-15/1180-сон маълумотномаси). Натижада, Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасида мавжуд 11 та тоғ кўлларининг мониторингини олиб бориш ва шу асосида ҳавзада шаклланадиган сув ресурсларини миқдорий баҳолаш имконияти яратилган;
Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасидаги кўлларнинг муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақалари ҳақидаги илмий асосланган хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимида сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш амалиётида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025-йил 29-июл 03-03/1-03/3-7486-сон маълумотномаси). Натижада, тоғ кўлларининг муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш, уларнинг санитария гигиена ҳолатини сақлаш, сув сифати ҳамда ҳудуднинг флора ва фаунасини асраб қолиш имконияти яратилган;
тоғ музликларининг эришидан ҳосил бўладиган сувлар ҳисобига тўйинадиган дарёлар ва сойлар оқимининг гидрокимёвий таркибини экспедицион тадқиқот усуллари орқали ўрганиш асосида минераллашув даражасининг дарё узунлиги бўйича ортиб бориши харитасидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги тизимида дарёлар оқими сифатини баҳолаш амалиётида фойдаланилган (Гидрометеорология хизмати агентлигининг 2025-йил 01-августдаги 01-15/1180-сон маълумотномаси). Натижада, Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзасида шаклланадиган дарёлар оқимининг улар узунлиги бўйича минераллашув даражасини аниқлаш имконини берган;
Оҳангарон дарёси ҳавзасида олиб борилган дала тадқиқотлари асосида тоғ музликларининг ГАТ технологиялари ёрдамида ҳисобланган шакл ва ўлчам кўрсаткичларидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимида ҳавзадаги музликлар ҳолатини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025-йил 29-июл 03-03/1-03/3-7486-сон маълумотномаси). Натижада, Чотқол тизмаси жануби шарқий қисмида шаклланган музликлар ҳамда морена ётқизиқларининг миқдор ва ҳажм кўрсаткичларини аниқлаш имкониятини яратилган.