Юсупова Қувончой Майлибой қизининг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.  
Огаҳийнинг “Риёзу-д-давла” асари лингвопоетикаси, 10.00.01 – Ўзбек тили (Филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.PhD/Fil5497
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети
Илмий раҳбар: Ўразбоев Абдулла Дурдибаевич, филология фанлари доктори. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc.05/2025.27.12.Fil.15.03 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори, профессор Юлдашев Маъруфжон Муҳаммаджонович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анданиязова Гавҳар Рузиқуловна.
Етакчи ташкилот: Хоразм Маъмун академияси. 
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Огаҳийнинг “Риёзу-д-давла” асарини яхлит бадиий-лисоний ҳодиса сифатида тадқиқ этиш, асарнинг ўзига хос  тантанавор-безакдор услубини лингвопоетик жиҳатдан асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Ўзбек тилшунослигида илк бор Огаҳийнинг “Риёзу-д-давла” асари комплекс лингвопоетик таҳлилга тортилиб, унинг ўзига хос тантанавор-безакдор услубининг назарий-амалий моҳияти лисоний далиллар асосида асослаб берилган; 
асарнинг лексик қатлами таҳлили асосида унинг бадиий тили туркий, форсий ва арабий луғавий қатламларнинг ўзига хос услубий вазифалар тақсимоти асосидаги мураккаб синтезидан иборат экани очиб берилган; 
“Риёзу-д-давла” асаридаги лисоний воситаларнинг (фонетик, лексик, синтактик) бадиий санъатлар билан узвий боғлиқлиги ва уларнинг яхлит бадиий-эстетик тизимни ташкил этиши аниқ мисоллар орқали исботланган; 
    Огаҳийнинг ўзига хос услубий танловини шакллантирувчи экстралингвистик омиллар – муаллифнинг сарой тарихчиси сифатидаги ижтимоий мавқейи, исломий дунёқараши ва давр адабий анъаналарининг асар тили ва услубига таъсири кўрсатиб берилган.
    IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Огаҳийнинг “Риёзу-д-давла” асари лингвопоетикаси” мавзусидаги тадқиқот бўйича олинган натижалар асосида:
“Риёзу-д-давла” асарини лингвопоетик тадқиқ этишнинг назарий-услубий асосларини белгилаш, хусусан, “Риёзу-д-давла”да зоонимлар, хусусан, арлон маъноли сўзлар қўлланилишига доир қарашларидан; Огаҳийнинг синонимлардан фойдаланиш маҳорати бўйича таҳлилларидан Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2017-2020-йилларда бажарилган Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш” номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2025-йил         9-сентябрдаги 561/2-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз адабий ёдгорликларни тадқиқ этишда матнни яхлит бадиий ҳодиса сифатида таҳлил қилишнинг илмий-назарий самарадорлигини оширишга ҳисса қўшилган.
Огаҳийнинг монументал-орнаментал услуби моҳиятини муаллифнинг ижтимоий мавқейи, исломий дунёқараши ва давр руҳияти каби экстралингвистик омиллар билан боғлиқликда ёритиб беришга оид хулосалардан 2025-йил “Ичан қалъа” музей-қўриқхонасининг экспозициялари учун изоҳлар тайёрлашда ва Хоразм тарихий обидалари бўйлаб экскурсиялар ўтказувчи гид-йўлбошчилар учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг 2025-йил 13-августдаги 04-05/3276-сон маълумотномаси). Натижада тарихий воқеалар баёнини Огаҳий насрининг бадиий жозибаси ва тантанавор оҳанги билан бойитиш орқали сайёҳлар учун амалий қўлланмалар ишлаб чиқилган.
Огаҳий насрининг мусиқийлигини таъминловчи синтактик (мураккаб синтактик қурилмалар, параллел конструксиялар) ва фонетик-ритмик воситалар (сажъ, таърсеъ) таҳлилига оид хулосалардан Хоразм телерадиокомпаниясининг 2025-йил 18-мартда бўлиб ўтган “Ассалом, Хоразм” номли маданий-маърифий кўрсатувда ҳамда 2024-йил 24-июндаги “Нажот билимда” каби радиоешиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2025-йил 1-августдаги 615-616-сон маълумотномаси). Натижада кенг жамоатчиликка Огаҳий меросининг нафақат тарихий, балки юксак бадиий-эстетик қийматини ҳам илмий-оммабоп тарзда етказишга, кўрсатувнинг  мазмунли бўлишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish