Шойимова Гулшод Шойим қизининг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумот 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармогʻи): “Ўзбек мумтоз адабиётида деҳқонга ва деҳқончиликка муносабат (Навоий ва Бобур ижоди мисолида)” 10.00.02 – Ўзбек адабиёти
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.PhD/Fil5256
Илмий раҳбар: Ҳайитов Шавкат Аҳмадович, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи (муассасалар), ИК рақами: Бухоро давлат университети DSc.03/2025.27.12.Fil.08.07
Расмий оппонентлар: Қобилов Усмон Уралович, филология фанлари доктори, профессор, Жўрабоев Отабек Рустамбек ўғли филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Алишер Навоий ва Заҳриддин Муҳаммад Бобур ижодида деҳқончилик мотиви ва образлари орқали ифодаланган ғоя ва мазмун, бадиий ифода, адабий-эстетик тафаккур ҳамда талқинлар оламини деҳқончиликнинг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанлик қудрати моҳияти билан уйғунликда илмий асослаб беришдан иборат.  
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қадимги ёзма манба “Авесто” деҳқон ва деҳқончиликка муносабат нуқтаи назардан илк марта чуқур таҳлил қилиниб, деҳқон ва деҳқончиликка, ерга ва нонга юксак эҳтиром қадимги аждодларимизнинг тафаккур ва маънавий заковатидан дарак бериши, экин ерларини кўпайтириш, ерни ва деҳқон меҳнатини асраб-авайлаш илоҳий низом мақомини олганлиги аниқланган;
деҳқон образи ва унинг поетик ифодаси, деҳқон шахси, сифатлари, руҳияти, ахлоқий фазилатлари бадиий тасвирига доир хусусиятлар “Қутадғу билиг”, “Қиссаси Рабғузий”, “Маҳбуб ул-қулуб” асарларининг таҳлили орқали далилланган;
ўзбек мумтоз адабиётида деҳқон мотиви ва деҳқончиликка муносабат кенг кўламли манзарани ҳосил этганлиги ва айни мавзунинг бадиий адабиёт поетикаси учун илҳом манбаи бўлганлиги Алишер Навоий ижоди мисолида исботланган;
ўзбек мумтоз адабиётида деҳқончиликнинг дончилик, полизчилик каби соҳаларига муносабат, деҳқончилик ва экологик маданият, боғдорчилик ва яшил макон уйғунлиги масалалари ўзбек адабиётшунослигида биринчи марта Навоий асарлари ва “Бобурнома”ни синчиклаб ўрганиш натижасида очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек мумтоз адабиётида деҳқонга ва деҳқончиликка муносабат муаммосини тадқиқ этиш жараёнида эришилган натижалардан: 
Алишер Навоий асарларидаги деҳқон образи ва унинг поетик ифодаси, деҳқон шахси, сифатлари, руҳияти, ахлоқий фазилатлари бадиий тасвирига доир таҳлилий фикрлардан; Навоий асарларидаги деҳқончиликнинг дончилик, полизчилик каби соҳаларига муносабат, деҳқончилик ва экологик маданият, боғдорчилик ва яшил макон уйғунлиги масалалари тадқиқига оид хулосалардан Давлат илмий-техник дастури доирасидаги АЛ-662205561 “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” (2023-2024 йй.) мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 28-июлдаги № 01/4-3308-сонли маълумотномаси). Натижада Алишер Навоий муаллифлик корпусида мақоллар ва ҳикматли сўзлар базасининг бойитилишига эришилган;
Бухоро адабий муҳити ижодкорларининг илмий-адабий меросини Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур поетик кашфиётларига қиёсан тадқиқ қилишда АЛ-622204396 “Бухоро адабий муҳити ижодкорларининг илмий-адабий мероси бўйича электрон платформа яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2025-йил 8-февралдаги 01-04/892-сонли маълумотномаси). Натижада Бухоро адабий муҳити вакилларининг асарларини қиёсий ўрганиб, муҳим илмий назарий хулосаларга келиш имконияти кенгайган;
Ўзбек миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом Бухоро”, “Шеърият гулшани”, “Миллий ўзликни англаш” телекўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиокомпанияси, Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2025-йил 6-февралдаги 01-09-61-сонли маълумотномаси). Натижада қадим тарихий ва адабий манбалардаги деҳқончилик маданияти ҳақидаги қуйма мулоҳазаларни ўрганиш ва уларни чуқур мушоҳададан ўтказиб, бугунги ўзбек деҳқонига тақдим этиш имконияти юзага келган. Истиқлол даври деҳқончилик маданияти, деҳқоннинг вазифалари, ҳуқуқ ва бурчлари хусусидаги фикр-қарашлар яна-да    кенгроқ оммалашишига йўл очилган;
деҳқон образи ва деҳқончилик талқини ниҳоятда жозибадор соҳа бўлиб, бадиий фикр ривожида катта ўрин тутадиган ранг-баранг мавзу ва сюжетларга, воқелик ва тимсолларга, тафсилот ва бадиий ифодаларга бой эканлиги ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими ҳузуридаги “Нилуфар” адабий тўгараги, шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатаётган тўгараклар машғулотларида, ўзбек мумтоз адабиётини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган тадбирларда фойдаланилган (Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимининг 2025-йил 7-февралдаги 2-сонли маълумотномаси). Натижада “Қутадғу билиг”, “Қиссаси Рабғузий”, “Хамса”, “Бобурнома” асарларидаги адабий маълумотлар янгича илмий талқинларда тўгарак азоларига тақдим этилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish