Хокимов Абдулазиз Эргашали ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Минерал хомашёлар ва нефт шлами асосида керамик материаллар таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси, 02.00.15 – Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Т5239.
Илмий раҳбар: Эминов Ашрап Мамурович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Фарғона давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат техника университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.Т.19.06 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Талипов Ниғматилла Хамидович, техника фанлари доктори, профессор; Хошимов Ахроржон Ахадович, техника фанлари фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: минерал хомашёлар ва нефт шлами асосида керамик материаллар таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Шўрсув-4 кони гили, Ёзёвон бархан қуми ва нефт шлами кимёвий-минералогик таркибларини ҳисобга олган ҳолда, керамик ғишт ва керамзит олиш учун ишлатиш имконияти асосланган;
«гил - бархан қуми», «гил - нефт шлами» ва «гил - бархан қуми - нефт шлами» композицияларида 1000-1100℃ ҳароратларда куйдиришда борадиган фазавий ўтиш жараёнларида волластонит, муллит, анортит, кварцнинг юқори ҳароратли модификацияси ҳосил бўлиши ҳамда кўпчишнинг бир вақтнинг ўзида пишиш билан бориши аниқланган;
илк бор «гил - бархан қуми - нефт шлами» композицияси асосида керамик ғишт таркиблари ишлаб чиқилган ва ушбу таркибларга Ўзбекистон республикаси ихтирога патенти олинган;
«гил - бархан қуми - нефт шлами» композицияси асосида ишлаб чиқилган мақбул таркибларини 1000℃ ҳароратда пиширилганда М125 маркали (мустаҳкамлиги 13,92-14,79 МПа), 1050℃ ҳароратда эса М150 маркали (16,16-16,39 МПа) керамик ғишт олиш мумкинлиги аниқланган;
«гил - бархан қуми - нефт шлами» композициясида керамик ғишт ва керамзит шихта таркибларини мақбуллаштиришда «таркиб-структура-хосса» функсионал боғлиқлик қонуниятлари аниқланган ва технологик режимлари ишлаб чиқилган;
ишлаб чиқилган мақбул таркибларни куйдириш ҳарорати 1080℃ ушлаб туриш вақти 5 минут бўлганда зичлиги 662 кг/м3 (М700 марка) ва худди шу куйдириш ҳароратида ушлаб туриш вақти 20 минут бўлганда эса зичлиги 591 кг/м3 (М600 марка) бўлган талаб даражасидаги механик мустаҳкамликга эга керамзит олиш мумкинлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Минерал хомашёлар ва нефт шлами асосида керамик материаллар таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш боʻйича олинган илмий натижалар асосида:
маҳаллий хомашё ресурслари ва нефт шлами асосида ғишт ишлаб чиқариш учун керамик массасига Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан ихтиро патенти олинган (УЗ ИАП 7919). Натижада, ишлаб чиқилган таркиб асосида стандарт талабларга жавоб берадиган керамик ғишт олиш ҳамда уни ишлаб чиқариш амалиётига жорий этиш имконини берган;
Шўрсув гили - бархан қуми - нефт шлами ва Шўрсув гили - нефт шлами композициялари асосида ишлаб чиқилган керамик материаллар таркиблари ва уларни олиш технологиялари «Буилдинг материалс продуcтион анд традинг гроуп» қўшма корхонасининг “2026-2027 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалари рўйхати”га киритилган («Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг 2025 йил 6 октябрдаги 02/15-3260-сонли маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқилган таркиб ва технологиялар асосида энергия ва ресурстежамкор, паст ҳароратда пишадиган ва стандарт талабларига жавоб берадиган керамик материаллар ишлаб чиқариш имконини беради.