Пирматова Озодахон Сапарбоевнанинг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
“Ўзбек тилининг шоличилик лексикаси”, 10.00.01 – Ўзбек тили.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.2.PhD/Fil1088.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номли Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Абдиев Муродқосим Болбекович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Абу Райҳон Беруний номли Урганч давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.06.05 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ақманова Шаҳноза Алимбоевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори; Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги шоличиликка оид лексик бирликларнинг тарихий тараққиёти, лексик-структур хусусиятлари ва деривацияциясини таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
шоличиликка оид лексик бирликларнинг ўзбек тили луғавий қатламида тутган ўрнини белгилаш орқали уларга хос терминологик ва нотерминологик бирликларнинг бири иккинчисига ўтиб туриши, бир-бирини тўлдириши далилланган;
ўзбек тилидаги шоличиликка оид лексик бирликларнинг йигирмага яқин лексик-семантик гуруҳлари таснифи ҳамда таҳлили асосида уларнинг ҳар бир гуруҳи алоҳида маъновий-вазифавий, консептуал хусусиятларга эгалиги, шу билан бирга, уларда ҳам ўзаро вариантлилик, жинс-тур, бутун-бўлак, даражаланиш муносабатлари мавжудлиги асосланган;
ўзбек тили шоличилик лексикасининг тарихий тараққиёти билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий жараёнларга асосланган ҳолда соҳа лексик бирликлар тарихий-этимологик жиҳатдан таҳлил этилиб, ўз ва ўзлашган қатлам асосида шаклланганлиги ҳамда содда ва қўшма, бирикма ва семантик усул билан юзага келиши далиллар билан кўрсатиб берилган;
ўзбек тилининг шоличиликка оид лексик бирликлари деревацияси таҳлил қилиниб, ушбу соҳа бирликлари, асосан, аффиксация ва композиция, нисбатан камроқ ўринларда соф семантик ҳамда семантик-синтактик усулларда ясалиши, шунингдек, ясалиш қолиплари ва воситалари аниқланган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбек тили шоличилик лексикасининг тадқиқи жараёнида олинган назарий натижа ва илмий хулосалар асосида:
диссертациянинг илмий натижалари ва хулосаларидан, хусусан, халқ оғзаки ижоди намуналаридан ва ёзувчилар асарларида қўлланилган шоличиликка оид лексик бирликлар, жумладан, миллий таомлардан бири бўлган палов консепти билан боғлиқ лингвокултурологик хусусиятлар тўғрисидаги илмий хулосаларидан ФА-Ф-1-005 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функсионал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалроқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2025-йил 28-майдаги №301/1 рақамли маълумотномаси). Натижада илмий тадқиқот лойиҳасининг мазмуни янги назарий ва амалий материаллар билан бойитилган ҳамда шоли ва палов консепти билан боғлиқ лингвокултурологик хусусиятлар, хусусан, туркий тиллар, жумладан, қорақалпоқ тили ва қорақалпоқ адабиётининг юксалиш даражасини аниқлашда таом консептини бадиий жиҳатдан таҳлил қилиш самарадорлиги ошган;
тадқиқотнинг илмий натижалари ва хулосаларидан, жумладан, диссертация ишидаги метелка – рўвак, выметывание – рўваклаш, кущения – тўплаш, эндодерма – энг ички қобиқ, перицикл – ҳаво ўтказиш, транспирация – суюқликни чиқариш, колэоптил – биринчи барг, шилц – барг қалпоқчаси, созревание – пишиш, кожура – шоли қобиғи сингари шоличилик лексик бирликларнинг ўзбекча вариантларини қўллаш борасидаги, шунингдек, ўзлашма лексик бирликларни тўғри қўлламаслик натижасида маъно ўзгариши мумкинлиги, шоличилик лексик бирликларини миллийлаштириш борасидаги хулоса ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли Шоличилик илмий тадқиқот институтида 2018-2020 йилларда бажарилган КХ-АКХ-2018-46 рақамли “Анъанавий ва ноанъанавий (биокимёвий маркерлага асосланган) селекция услублари асосида ноқулай иқлим шароитларига чидамли, юқори ҳосил берадиган шолининг янги тизма ва навларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига қарашли Шоличилик илмий тадқиқот институтининг 2025-йил 21-майдаги №01/02-05-283-сон маълумотномаси). Натижада шоличиликка оид лексик бирликлар имлосининг бир хиллигини таъминлашга, лойиҳадаги ўзлашма лексик бирликларнинг миллийлаштирилишига эришилган;
ўзбек тилида шоличиликка оид тушунчаларнинг лисоний ифодаси бўлган лексик бирликларнинг ифодаланишида ўзлашмаларни тўғри қўлламаслик натижасида маъно ўзгариши юз бериши каби хусусиятларга эга эканлиги билан боғлиқ илмий натижаларидан, хулосаларидан ва шоли етиштиришда ишлатиладиган фосфор, азот, гербицид, аммоний сулфат, калий, чириган гўнг, кўкат ўғит, майдаланган шоли похол каби маъданли; микроўғитлардан молибден, марганец, мис, рух, кобалт каби ўғит номларидан Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида 2022–2023-йилларда бажарилган АЛ-442105872 рақамли “Кимё атамаларининг изоҳли луғатини яратиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2025-йил 11-июндаги №912-сон маълумотномаси). Натижада мазкур тадқиқот материаллари шоличиликка оид лексик бирликлар имлосининг бир хиллигини таъминлашга, қолаверса, шоличилик лексик бирликларини миллийлаштириш–ўзлашма лексик бирликларнинг ўзбекча вариантларини қўллаш самарадорлигига хизмат қилган;
шоличиликка оид лексик бирликларининг аграр соҳа тил тизимидаги ўрни, аҳамияти, хусусан, миллий тилдаги лексик бирликларни ривожлантиришда бошқа тиллардан кириб келган айрим лексик бирликларнинг ўзбек тилидаги муқобилларидан фойдаланишга доир таҳлил ва хулосаларидан Хоразм вилояти телерадиокомпанияси томонидан 2025-йил 10-март куни эфирга узатилган “Ассалом, Хоразм!” дастуридаги “Тилимизни ўрганамиз” номли эшиттиришнинг ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2024-йил 14-мартдаги №212-сон маълумотномаси). Натижада адабий-бадиий, маънавий-маърифий дастурларда соҳавий лексикада, хусусан, шоличилик лексикасига оид лексик бирликларда ҳам тилимизнинг миллий-маданий тил бойлиги акс этишини атрофлича ёритиш имконияти яратилган.