Қузиев Фарход Серабовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бухоро вилоятининг шўрланган тупроқлари шароитида ғўзани томчилатиб суғориш усулининг самарадорлиги”, 06.01.02-Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/Qx1510.
Илмий раҳбар: Хамидов Мухаммадхон, қишлоқ хўжaлиги фaнлaри доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qх.01.01.
Расмий оппонентлар: Авлиякулов Мирзоолим Авазович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Гаппаров Самандан Маматқулович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Бухоро вилоятининг ўтлоқи аллювиал, ўртача шўрланган енгил қумоқ тупроқлари шароитида ғўзани Бухоро-102 навини томчилатиб суғориш усулининг мақбул суғориш техникаси элементларини аниқлаш, уларнинг ғўзани ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва пахта толасининг сифат кўрсаткичларига ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив режимига таъсирини баҳолаш ҳисобланади.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бухоро вилоятининг ўтлоқи аллювиал, ўртача шўрланган енгил қумоқ тупроқлари шароитида ғўзанинг Бухоро-102 навини томчилатиб суғоришда томчилатгичнинг сув сарфи 2,0 л/соат, томчилатгичлар орасидаги масофа 40 см, суғориш қувурлари орасидаги масофа 60 см бўлганда, ғўзанинг ўсиши ривожланиши учун қулай мелиоратив режим яратилиши аниқланган;
таклиф этилаётган суғориш техникаси элементларида ғўзанинг Бухоро-102 навини томчилатиб суғоришда суғориш олди тупроқ намлигини ЧДНС га нисбатан 75-80-65 фоизда ушлаб туриб, 14 марта 220-330 м3/га суғориш меъёрларида ва 3389 м3/га мавсумий суғориш меъёрида етиштирилганда, сув ресурслари 1857 м3/га иқтисод қилиниб, ғўзадан юқори, 47,5 ц/га ҳосил олиниши исботланган;
ғўзани томчилатиб суғоришда таклиф этилаётган суғориш техникаси элементлари ва суғориш тартиби сизот сувлари сатхи ва минерализациясига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳамда вегетация охирида тупроқда тузлар реставрацияси эгатлаб суғоришга нисбатан кам бўлиб, 0-40 см қатламда хлор иони 0,022% ни ва 0-100 см қатламда 0,030% ни ташкил қилиши аниқланган;
ғўзани суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 75-80-65 фоизда ушлаб туриб, томчилатиб суғориш усулидаги мақбул суғориш техникаси элементларида суғориш натижасида шартли соф фойда 12 млн 597 минг сўм/га бўлиши ва рентабеллик даражаси 45% ни ташкил қилиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бухоро вилоятининг ўтлоқи аллювиал, ўртача шўрланган, механик таркиби енгил қумоқ тупроқлари шароитида ғўзани томчилатиб суғориш усулининг самарадорлигини аниқлаш бўйича ўтказилган илмий тадқиқот ишлари натижалари асосида:
ғўзанинг Бухоро-102 нави суғориш олди тупроқ намлигини ЧДНС га нисбатан 75-80-65 фоизда ушлаб туриб, томчилатиб суғориш усулидаги мақбул суғориш техникаси элементлари - томчилатгичларнинг сув сарфи 2,0 л/соат, томчилатгичли қувурлар орасидаги масофа 60 см ва томчилатгичлар орасидаги масофа 40 см бўлгандаги суғоришлар Бухоро вилоятининг Жондор тумани фермер хўжаликларида 106 гектар ва Шофиркон туманидаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликларида 84 гектар, жами 190 гектар майдонларда жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 26 ноябрдаги 05/27-4488-сон маълумотномаси). Натижада, ғўзани 230-330 м3/га суғориш меъёрлари ва 3400 м3/га мавсумий суғориш меъёри билан суғориш, ғўзадан 47,5 ц/га ҳосил олиш ва 35 % сув ресурсларини иқтисод қилиш имконини берган;
ғўзани суғориш олди тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 75-80-65 фоизда ушлаб туриб, томчилатиб суғориш усулидаги мақбул суғориш техникаси элементларидаги суғоришлар Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги фермер хўжаликларида 35 гектар ва Вобкент тумани фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларида 57 гектар, жами 92 га майдонда жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 26 ноябрдаги 05/27-4488-сон маълумотномаси). Натижада, сув ресурслари 28-36 % гача тежалиб, ғўзанинг Бухоро-102 навидан 43,8-45,4 ц/га пахта ҳосили олинган ва соф фойда 6,5-6,6 млн. сўм/га ни, рентабеллик даражаси 58-66,2 % ни ташкил қилган;
“Турли тупроқ-мелиоратив шароитларда томчилатиб суғориш технологиясининг суғориш техникаси элементлари ва тартибларини ишлаб чиқиш” номли тавсиянома тасдиқланган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 26 ноябрдаги 05/27-4488-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома шўрланган тупроқлар шароитида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари ва агрокластерлар, сув хўжалиги ходимлари ва илмий тадқиқотчиларга қўлланма сифатида хизмат қилмоқда.