Бегулов Уткир Уктам ўғлининг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитда иссиқлик тарқалиш жараёнини сонли моделлаштириш», 05.01.07– Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/FM1387.
Илмий раҳбар: Хайдаров Абдугаппар, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.FM.01.03 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Садуллаева Шахло Азимбоевна, физика-математика фанлари доктори, профессор; Хасанов Жамшид Озодович, физика-математика фанлари бўйича PhD.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитларда иссиқлик тарқалиш жараёни ва икки компонентали муҳитларда кросс-реакция масалаларининг умумлашган ечимларини қуриш, сонли ечиш усуллари ва алгоритмларини ҳосил қилиш ҳамда дастурий таъминотини ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
манба ёки ютилишга эга бўлган ҳамда ўзгарувчан зичликка эга бўлган ҳолларда иссиқлик тарқалиш ва кросс-реакция жараёнини ифодалувчи ночизиқли математик моделининг секин диффузия ҳолида ечимларининг вақт бўйича глобаллик шартлари топилган;
манба ва ўзгарувчан зичликка эга бўлган иссиқлик тарқалиш тенгламаси ва кросс-реакция тенгламалар системаси учун ночизиқли ажратиш усулидан фойдаланиб Коши масаласининг автомодел ечимлари асимптотикасининг бош ҳадлари топилган;
манба ва ўзгарувчан зичликка эга дивергент шаклдаги иссиқликнинг тарқалиши ва кросс-реакция жараёнларини ифодаловчи ночизиқли масалаларни сонли ҳисоблаш учун зарур бўлган бошланғич яқинлашиш масаласи ҳал қилинган;
манба ва ўзгарувчан зичликка эга дивергент шаклдаги иссиқлик тарқалиши ва кросс-реакция жараёнларини ифодаловчи ночизиқли масалаларининг сифат хоссаларини ўрганиш учун ошкормас айирмали схемалари ишлаб чиқилган ва ушбу схемалар асосида сонли ҳисоблашлар бажарилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитда иссиқлик тарқалиш жараёнини сонли моделлаштириш бўйича олинган илмий натижалар амалиётда қуйидаги йўналишларда жорий этилган:
икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитларда иссиқлик тарқалиш жараёни масалаларини сонли ва аналитик ечиш алгоритмлари ҳамда глобал ечимнинг мавжудлик шартларидан ИЛ-4821091667-сонли “Оксид яримўтказгич бетартиб материалларда диелектрик-металл оʼтишлари ва электр ўтказувчанлиги механизмлари” грант лойиҳасида манба ва ютилишга эга бўлган ҳамда ўзгарувчан зичликка эга бўлган ҳолларда иссиқлик тарқалиш жараёнини ифодаловчи ночизиқли математик моделининг секин диффузия ҳолида ечимларининг вақт бўйича глобаллик шартларини олишда, автомодел ечимлари асимптотикасининг бош ҳадлари топишда ва сонли моделлаштириш учун зарур бўлган бошланғич яқинлашиш масаласини ҳал қилишда фойдаланилган. (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 2025-йил 18 сентябрдаги 04/11-18150-сонли маълумотномаси). Натижада, оксид яримўтказгич бетартиб материалларда диелектрик–металл ўтишлари ва электр ўтказувчанлиги механизмларининг хусусиятларини аниқлаш ҳамда уларни бошқариш бўйича янги илмий ёндашувларни шакллантириш имконини берган;
икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитларда иссиқлик тарқалиш жараёни масалаларини глобал ечимининг мавжудлик шартларини олишга ва сонли моделлаштириш учун амалий дастурлар мажмуини яратишга имкон берган; манба ва ўзгарувчан зичликка эга дивергент шаклдаги кросс-реакция жараёнларини сонли ва аналитик ечиш алгоритмлари, автомодел ечимлар асимптотикасининг бош ҳадларини топиш усулларидан УЗБ-Инд-2021-78-сонли “Металл оксидлари билан легирланган силикатларнинг термоелектрик хоссалари ва оʻз-оʻзидан ташкил боʻлиш жараёнлари” грант лойиҳасида икки карра ночизиқли бир жинсли бўлмаган муҳитда иссиқлик тарқалиш жараёнларини сонли моделлаштиришда фойдаланилган. (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 2025-йил 18 сентябрдаги 04/11-18152-сонли маълумотномаси). Натижада, манба ва ўзгарувчан зичликка эга дивергент шаклдаги кросс-реакция жараёнларини сонли моделлаштириш учун амалий дастурлар мажмуини яратиш имконини берган.