Самандаров Батирбек Сатимовичнинг
техника фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кўп параметрли маълумотлар оқимини бошқариш моделлари, алгоритмлари ва ахборот алмашиш жараёнлари (чорва комплекслари мисолида)”, 05.01.10 – “Ахборот олиш тизимлари ва жараёнлари” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.DSc/Т919.
Илмий маслаҳатчи: Нишанов Ахрам Хасанович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.09/2025.27.12. Т.01.01.М
Расмий оппонентлар: т.ф.д., проф. Саидов Абдусобир Абдураҳмонович, т.ф.д. (DSc), проф. Каландаров Илёс Ибодуллаевич, т.ф.д. (DSc), доц. Асқаралиев Одилбек Улуғбек ўғли.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: чорва комплексларида кўп параметрли маълумотлар оқимига асосланиб, оптимал озуқа рационини шакллантириш, инфекция тарқалишини башоратлаш ва обектлар ҳаракатини кузатиш жараёнларининг математик моделлари ва алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда ахборот тизимни лойиҳалаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кўп параметрли маълумотлар оқимига асосланган озуқа рационларини шакллантиришнинг такомиллаштирилган математик модели ишлаб чиқилган;
сенсор технологиялари ва ташқи ахборот манбалардан олинадиган фазовий-вақтли маълумотларга асосланган эпидемиологик ҳолатларни тавсифлаш ва таҳлил қилиш жараёнларининг СЕИР-Л модели ва алгоритми ишлаб чиқилган;
РФИД идентификация тизими инфратузилмаси воситасида маълумотларни автоматик йиғиш ва таҳлил қилишга асосланган обектлар (чорва моллари) ҳаракатини узлюксиз кузатиш ва бошқариш жараёнини ташкилий таъминлашнинг ахборот модели ишлаб чиқилган;
рақамлаштирилган чорва комплексида ахборот жараёнларини тавсифлаш ва уни ахборот билан таъминлашга асосланган дастурий воситаларнинг ўзаро алоқасини ташкил этиш учун ахборот тизимининг қатламлаштирилган архитектураси ишлаб чиқилган;
сенсор қурилмалар маълумотларига таяниб чорва молларини реал вақтда идентификациялаш ва хатти-ҳаракатларини кузатиш асосида озуқа рационини автоматик шакллантириш жараёнлари учун ахборот моделлари ишлаб чиқилган
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кўп параметрли маълумотлар оқимини бошқариш моделлари, алгоритмлари ва ахборот алмашиш жараёнлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Чорва молларининг ҳаракати, жойлашуви ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларни реал вақтда автоматик йиғиб, таҳлил қилиш, электрон паспортлар орқали индивидуал кузатиш, бош сонини назорат қилиш, ветеринария маълумотлари билан интеграция қилиш орқали инфекция хавфини баҳолаш, эпидемиологик ҳолатни олдиндан башоратлаш ва бошқарувни оптималлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасида жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 18-июндаги № 02/013-2037-сон маълумотномаси). Натижада, рақамлаштирилган чорва комплексида ахборот жараёнларини тавсифлаш ва уни ахборот билан таъминлашга йўналтирилган дастурий воситаларнинг ўзаро алоқасини ташкил этиш учун ахборот тизимининг қатламлаштирилган архитектурасининг ишлаб чиқилиши, бир нечта чорвачилик комплексларининг маълумотлар базаларини ягона платформа асосида интеграциялаш имконини яратган, бу эса маълумот алмашинуви тезлигини 3 баробар ошириб, қайта киритиладиган ортиқча маълумотларни 40% га камайтирган ва бошқарувни марказлаштириш даражасини 70% гача оширишни таъминлаш имконини берган.
Сенсор қурилмалари орқали йиғилган маълумотларга асосланиб, чорва молларининг физиологик ҳолати, озуқа эҳтиёжи, ҳаракат фаоллиги, соғлиғи ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда оптимал озуқа рационини автоматик шакллантириш мақсадида Элликқалъа туманидаги «Бахрам Чайка» фермер хўжалигида жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 18-июндаги № 02/013-2037-сон маълумотномаси). Натижада таклиф қилинган ахборот модели ва автоматлаштирилган идентификация алгоритмларига асосланган РФИД технологияси ёрдамида электрон идентификация тизими ишлаб чиқилиб, чорва комплекси инфратузилмасига интеграция қилиниши илгари қўлда юритилган қайдларда аниқланган хатолик даражаси 100 та ёзувда ўртача 13% ни ташкил этган бўлса, янги тизимда бу кўрсаткич 1,5% гача камайиб, жараённинг аниқлиги ва ишончлилигини қарийб 10 баравар яхшилаш имконини берган.
Чорва комплексини рақамлаштириш, ахборот жараёнларини тавсифлаш ва ахборот билан таъминлашга асосланган дастурий воситаларнинг ўзаро алоқасини ташкил этиш, ҳар бир чорва молига электрон паспорт шакллантириш мақсадида Амударё туманидаги “Амударё соҳили” фермер хўжалигида жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 18-июндаги № 02/013-2037-сон маълумотномаси). Натижада сенсор қурилмалар инфратузилмасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган ахборот моделлари асосида озуқа рационини автоматик шакллантириш ҳар бир қорамол учун кунлик озуқа сарфини 4-6% гача камайтириш, сут ва гўшт маҳсулдорлигини 5-6% га оширишга имкон берган.