Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва ўрганиш бўйича Олий аттестация комиссиясида амалий семинар ўтказилди.
Тадбирни Олий аттестация комиссияси раиси А.Т.Юсупов кириш сўзи билан очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётида энг муҳим воқеалардан бири эканлиги, унда юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш борасида йирик ташаббуслар илгари сурилиб, келгуси йиллардаги энг муҳим вазифалар белгилаб берилгани барчамиз учун дастуруламал эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг Мурожаатномада белгиланган ва 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишнинг аҳамияти хусусида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, тарих фанлари доктори А.Маврулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Ш.Аллаёров ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Б.Ғиёсов маъруза қилди. 
 
Эътиборлиси, маърузачилар томонидан маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда ҳар бир юртдошимизнинг фаол иштироки муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилди. 
Дарҳақиқат, мурожаатномада қайд этилганидек, “Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшашидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак. Шунинг учун, кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”. 

     

Албатта, ушбу ривожланиш одимларида барча соҳа ходимлари қаторида илм-фан аҳлининг ҳам ўз соҳаларида фидокорона меҳнат қилишлари ва изланишлари тақозо этилиши табиий. Зеро, Ватанимизни ривожланган илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.
Мурожаатномада кўрсатиб ўтилганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур транцформацияни талаб қилади.” Шунга кўра, Олий аттестация тизимини илғор халқаро тажрибаларга мувофиқ ҳолда трансформация қилиш бўйича тизимли ишлар изчил олиб борилаётгани таъкидланиб, амалга оширилаётган мақсадли вазифалар юзасидан ахборот берилди.
Тадбирда Олий аттестация комиссияси ходимлари фаол иштирок этишди. Улар томонидан Мурожаатноманинг ҳалқимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва фаровонлигини оширишдаги аҳамият, илм-фан соҳасидаги янгиликлар ҳамда келгуси вазифаларга доир фикр-мулоҳозалар билдирилди.

 ОАК ахборот хизмати.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish