Маткаримова Саломат Кўзиевнанинг
филология фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хоразм шоирлари ижодида Навоий анъаналари (Аваз Ўтар ижоди мисолида)”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.DSc/Fil6
Илмий маслаҳатчи: Асадов Мақсуд Ҳусенович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.55.02 рақамли Илмий кенгаш асосида 10.00.02. – Ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича ташкил этилган бир марталик Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Қобилова Зебо Бакировна, филология фанлари доктори, профессор, Омонова Зилола Қодировна, филология фанлари доктори, профессор, Пардаев Қўлдош Узақович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Аваз Ўтар ижоди мисолида Алишер Навоий анъаналарининг Хоразм шоирлари ижодидаги ўрнини белгилаш ҳамда ғоя, мавзу, мазмун ва шаклий изланишларда Навоийга издошлик масалаларини атрофлича очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Адабий анъана мураккаб ижодий жараёнлиги, унда ворислик (ҳаракат, жараён), анъана (хусусият, қадрият), новаторлик (таждид, кашфиёт), маҳорат (юксак бадиият) кузатилиши, анъана динамикасини Тақлид – Эргашиш – Янгилик – Ўзига хослик тарзида акс эттириш мумкинлиги, анъаналар негизида юзага келган новаторлик янги ҳаётий муносабатлар инъикоси, янги типлар, янги ҳис-туйғулар, янги жанрлар ва образлар, янги қофиялар ҳам вазн ранг-баранглигида кўрилиши исботланган;
Хоразм шоирлари Алишер Навоий анъаналарини давом қилдириб, ривожлантирганликлари, хусусан, вазн, қофия, радифи сақланган мавзу ва мазмуни эркин, матбуъ, мавъиза татаббуълар, шунингдек, улуғ шоир ғазалларида ифода этилган фикр ва ҳислар яна-да изчил давом эттирилгани, мухаммас, қитъа, рубоий, чистонлар яратишдаги издошлик, янгича ижтимоий-сулолавий тамойил асосида ёзилган тазкира ҳамда тарихий асарлар, достонлар, дебочалардаги муштараклик ва ўзига хослик далилланган;
Навоийдан илҳомланган ва унга эргашган Аваз шеърлари мавзу жиҳатдан ҳамд, наът, ошиқона ёки ишқий, риндона, орифона, ахлоқий-таълимий, ижтимоий, ҳажвий ва табиат тасвири акс этган шеърлар тарзида таснифланиб, ҳажвий шеърлари икки гуруҳга - сатирик ва юмористик шеърларга ажратилган ҳамда ишқ, маъшуқа, ошиқ, вафо аҳлининг яхлит тўлақонли образи чизилгани лирик қаҳрамоннинг ҳаётий тажрибалари асосида очиб берилган;
Аваз Ўтарнинг Навоий ғазалларига татаббуълари тазмин, мавъиза, маснуъ, матбуъ татаббуъларга ажратилиб, шоирнинг илгари маълум бўлмаган яна бир мухаммаси илмий истифодага олиб кирилган ҳамда Аваз Ўтар шеъриятининг ижодий эволюцияси ғазал, қасида, таржеъбанд, мустазод, мусаммат, рубоий, қитъа ва чистонлари мавзу ва ғоя, образлар тизими, вазн, қофия ва радиф ҳамда шеърий санъатлар истифодаси жиҳатдан юксак иқтидор билан яратилгани, қўлёзма манбалар асосида Аваз Ўтарнинг чоп этилган шеърларидаги камчиликлар тузатилгани асосланган;
Аваз ижодида ошиқ, маъшуқ, рақиб, шайх, зоҳид, хон, муҳтасиб, ғаний, ҳаким, оқил каби тимсоллар, “фалони” номи остида берилган салбий образлар, ҳиммат, тамаъ, кўнгил, дил, ишқ, жудолик каби тушунчалар моҳияти ойдинлаштирилиб, ташобеҳ ул-атроф, тадрижийлик, тавзеъ, илтифот, диалектизмлар, иштиқоқ, сийғадошлик, таманниъ, риторик мурожаат, риторик савол, истифҳом, амр ва наҳий каби қатор бадиий тасвир ва ифода усулларига мурожаат қилингани, Навоий истифодага олиб кирган ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуфи мустазод, 16 рукнли мутақориби аслам вазнларида шеърлар ёзилгани адабий матн таҳлили орқали исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ҳамда ишланмалар асосида:
Алишер Навоий ижодининг ХВ асрдан кейин ўзбек адабиётига таъсири, Хоразм шоирлари Навоий анъаналарининг илғор жиҳатларини ривожлантириб, дурдона асарлар яратишга эришганликлари, устоз ижодкор қўллаган поетик тасвир воситаларига ижодий ёндашиб, мақсад-ғоянинг ёрқин ифодаси учун уларга янгича мазмун юклаганлари ёки янгича аспектда талқин қилганлари, қатор лирик жанрлар билан бирга тазкиранавислик, достоннависликда ҳам Навоий анъаналарини давом қилдирганликлари бўйича чиқарилган хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017-2020-йилларда бажарилган ОТ-Ф1-030 рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографиясини (7 жилд) чоп этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 01-декабрдаги №01-5759-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек мумтоз адабиётида анъанавийликнинг ижодий характери, анъанавийлик бағрида ижодкор қалби, давр руҳи ва халқнинг маънавий эҳтиёжи призмасидан ўтган “тарҳи тоза” адабий ҳодисалар мумтоз сўз санъаткорлари яратмаларида янгича кўриниш касб этиб, ўзининг иккинчи умрини яшаш имконига эга бўлганлиги ҳақида муфассал маълумот олиш имконини берган ҳамда илмий назарияларнинг мукаммаллашуви таъминланган;
Аваз Ўтар Навоий ижодида ишланган ҳамд, наът, ошиқона ёки ишқий, риндона, орифона ёки тасаввуфий-фалсафий, ахлоқий-таълимий, ижтимоий, ҳажвий мавзуларда асарлар битганлиги, унинг шеърларида ҳар бир мавзуга новаторона ёндашув ва ижодкор қаламининг индивидуал жиҳатлари бўртиб кўриниши, шеърларида навоиёна фалсафий теранлик, бетакрор бадиият ва сирли руҳ уйғунлиги кузатилиши, шоир уларда ҳаёт фалсафаси, ишқ моҳиятининг теран бадиий талқинини берганлиги ҳақидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2018-2020-йилларда бажарилган ПЗ-20170926459 рақамли “Навоийшунослик тарихи (ХХ-ХХИ асрлар)” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 01- декабрдаги №01-5760-сон маълумотномаси). Натижада Навоийдан илҳом ва рағбат олган Аваз Ўтар ирфоний ва ижтимоий муаммоларни уйғунликда ифодалашга эришганлиги, у муҳаббатни икки дунё саодати кафолати, икки жаҳон мулки маъмурлигига эриштирувчи восита сифатида талқин қилганлиги юзасидан тасаввурлар кенгайишига хизмат қилган;
Аваз Ўтар татаббуъларида Навоий асос ғазалдаги ғояларни чуқур ўзлаштириб, уларга ижодий ёндашган ҳолда оригинал, бадиий етук асарлар ёзганлиги, Навоий ғазалларига боғлаган тахмисларида устоз ғазали байтларига конкретлик киритгани, мухаммасларда Аваз ва Навоий фикрларининг уйғунлашиб кетганлигини, янги фикрлар, образлар билан бойитилганлигини далилловчи хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2023-2024-йилларда бажарилган АЛ – 662205561 рақамли “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 01-декабрдаги №01-5761-сон маълумотномаси). Натижада Аваз Ўтар қатор лирик жанрларни ғоявий бойиши ҳамда такомиллашишида муносиб ҳиссасини қўшганлиги, ғазал, мустазод, мусаммат, қасида, рубоий, қитъа каби турли жанрларда Навоий анъаналарини давом қилдиргани ҳолда янги образ ва характерлар яратишга эришганини ёритиш имкони яратилган;
Аваз Ўтар шеъриятининг образлар тизими ва бадиий тасвир имкониятлари, Навоий қўллаган анъанавий образларга янгича ёндашувни образларнинг бирор жиҳати кучайтирилиши, қайсидир қиррасининг бойитилиши, ривожлантирилиши ёки уларнинг бирор янги хусусияти кашф этилишида кўриниши, вазн, қофия ва шеърий санъатлардан турли поетик мақсадларда некбин ғоялар ифодасида маҳорат билан фойдалангани ва бунда Навоий таъсири далилланган хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258-рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 01- декабрдаги №01-5762-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек мумтоз адабиётининг образлар тизими ва бадиий тасвир тамойилларини кенг очиб беришга эришилган;
Навоий анъаналарининг Хоразм шоирлари ижодида давом эттилирилиши, Аваз Ўтар шеъриятининг образлар тизими ва бадиий тасвир имкониятлари, Аваз Ўтар ижодида Навоий шеъриятида фаол қўлланилишда бўлган анъанавий тимсоллар ва бадиий тасвир воситаларининг ижодий қайта ишланган, сайқалланган ҳолда истифода этилганлиги, қатор оҳорли образлар яратганлиги, шоирнинг вазн, қофия ва шеърий санъатлардан маҳорат билан фойдалангани ва бунда Навоий таъсири далилланган хулосалардан Хоразм вилояти телерадиокомпанияси томонидан 2022-2024-йилларда эфирга узатилган “Ассалом Хоразм”, “Адабий муҳит”, “Қадрият” каби эшиттириш ва теледастурларда фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2025-йил 02-декабрдаги №977-сон маълумотномаси). Натижада Хоразм шоирлари ва Навоий ижодида ғоя, мавзу ва маънодаги муштаракликлар, фикр ифодаси ва жанрларга муносабатда ҳамоҳанглик, шоирларнинг бадиий санъатларни қўллашдаги маҳоратини кенг оммага атрофлича ёритиб бериш имкони юзага келган.