Қосимов Дилшоджон Мамуржон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Қизилқум фосфоритларини фосфат-сульфат кислотали қайта ишлаш асосида суюқ ва қаттиқ комплекс ўғитлар олиш технологияси», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Т5565.
Илмий раҳбар: Намазов Шафаат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/05.05.2023.К/Т.35.02.
Расмий оппонентлар: Кучаров Бахром Хайриевич, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Темиров Ўктам Шавкатович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қизилқум фосфоритларини фосфат-сульфат кислотали қайта ишлаш асосида суюқ ва қаттиқ комплекс ўғитлар олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фосфорит хомашёсига фосфат ва сульфат кислоталари аралашмаси билан ишлов берилганда фосфорнинг ўзлаштирилмайдиган шаклидан ўсимлик ўзлаштирадиган ва сувда эрийдиган шаклга ўтиши аниқланган;
ЭФК:H2SO4:ФУ = 100:5:15 мақбул оғирлик нисбатлари ўрнатилди, бунда бойитилган суперфосфатдаги фосфорнинг (Р2О5ўзл.) ва (Р2О5сув.) шаклларининг нисбий миқдори мос равишда 99 ва 80% дан ошганлиги исботланган;
ЭФК:H2SO4:ФХ = 100:5:15 нисбатида парчалаш орқали фосфорит унининг (≈92%) ювиб қуритилган концентрат ва ювиб куйдирилган концентратга (≈82 и 81%) нисбатан юқори реакцион қобилияти аниқланган;
таркибида 48% дан ортиқ озуқа компонентлари бўлган РК-ўғит олишни таъминлайдиган P2O5 : K2O = 1 : 0,5 мақбул оғирлик нисбати аниқланган;
аммонийлашган суюқ қисмга бентонит суспензиясидан 3% қўшиш орқали тиниш даражаси 15% дан ошмайдиган N : P2O5 : K2O = 1:0,7:0,5 мақбул масса нисбатидаги суспендирланган суюқ комплекс ўғити ишлаб чиқилган;
ягона циклда паст навли фосфоритларни фосфат-сульфат кислотали қайта ишлаш асосида фосфорли, фосфор-калийли ва суспендирланган суюқ ўғитлар олишнинг технологик схемаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Қизилқум фосфоритларини фосфат-сульфаткислотали қайта ишлаш асосида суюқ ва қаттиқ комплекс ўғитлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
паст навли фосфоритларни кислотали қайта ишлаш асосида донадор бойитилган суперфосфат ва суюқ NP-ўғитлар олиш технологияси “Elektrokimyozavod” ҚК-АЖнинг “2026-2030 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалари рўйхати”га киритилган (“Elektrokimyozavod” ҚК-АЖнинг 16 июнь 2025 йилдаги 64/С-сонли маълумотномаси). Натижада, бирламчи фосфорли ўғитлар ва анъанавий ўғитлардан қолишмайдиган мувозанатлашган суюқ NP-ўғитлар ассортиментини кенгайтириш имконини беради;
паст навли фосфоритларни кислотали қайта ишлаш асосида донадор фосфоркалийли ўғити ва суспендирланган суюқ комплекс ўғитини олиш технологияси “Elektrokimyozavod” ҚК-АЖнинг “2026-2030 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалари рўйхати”га киритилган (“Elektrokimyozavod” ҚК-АЖнинг 16 июнь 2025 йилдаги 64/С-сонли маълумотномаси). Натижада, бойитилган суперфосфат сифатини ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини илдиз ва илдиздан ташқари озиқлантиришга мўлжалланган суюқ композициялар олиш имконини беради.