Sayt test rejimida ishlamoqda

Бобожанов Ҳусанхон Тохировичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Йигириш машиналари параметрларини оптималлаш йўли билан ипнинг деформацион хоссаларини яхшилаш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш», 05.06.02–«Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш» (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/T228.

Илмий маслаҳатчи: Жуманиязов Қадам Жуманиязович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-технология институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти ҳузуридаги PhD.30.05.2018.T.66.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Хамраева Сановар Атаевна, техника фанлари доктори, профессор; Ахмедходжаев Хамид Турсунович, техника фанлари доктори, профессор; Мухаммадиев Давлат Мустафаевич, техника фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: янги ассортиментдаги, деформацион хоссалари юқори бўлган компакт меланж иплари ишлаб чиқариш ҳамда ундан рақобатбардош трикотаж тўқималари тайёрлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ипни зичлаб берувчи компакт қурилмадан фойдаланиб маҳаллий хом-ашёдан янги ассортиментдаги компакт меланж ип ишлаб чиқариш технологияси яратилган;

ипларнинг юк таъсирида ва юксизланиш вақтидаги деформацияланиши Келвин Фойгт қонунига бўйсиниши механик таъсир натижасида ип оладиган деформация қийматини  тажрибавий ўрганиш натижасида аниқланган;

ипни чўзувчи куч таъсирида деформацияланишининг бошланғич онларидаги ўзгаришларини юқори аниқликда ўлчовчи оптик асбоб конструкцияси ишлаб чиқилган;

Zinser-350 русумли ҳалқали йигириш машинасида компакт ва оддий иплар олиш учун машинанинг оптимал ишчи параметрлари кўп омилли экспериментлар натижаларини компьютерда қайта ишлаш йўли билан аниқланган;

тажриба йўли билан турли ассортиментдаги иплардан трикотаж тўқималари тайёрлашда ипнинг деформацион хоссаларини инобатга олган ҳолда тўқилаётган мато сифат кўрсаткичларини бошқариш имконияти мавжудлиги асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ҳалқали йигириш машинасига механик компакт қурилма ўрнатиб, деформацион кўрсаткичлари юқори бўлган янги ассортиментдаги компакт меланж ипларини ишлаб чиқариш бўйича қилинган изланишлар натижалари асосида:

компакт меланж ипларни олиш технологияси «OSBORN TEXTILE» МЧЖ хорижий корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси “ЎЗТЎҚИМАЧИЛИКСАНОАТ” Уюшмасининг 2019 йил 22 февралдаги 6М-06-870-сон маълумотномаси). Натижада тўқимачилик ипининг нотекислигини 22%га камайтириш, узилиш кучини 17% орттириш имконияти яратилган;

 янги усулда олинган компакт меланж ипдан Ластик ўрилишда тўқима ишлаб чиқариш технологияси LXА-252SC маркадаги ясси игнадонли трикотаж машиналари ўрнатилган “FLATNIT ТЕXTILE” МЧЖ корхонасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси “ЎЗТЎҚИМАЧИЛИКСАНОАТ” Уюшмасининг 2019 йил 22 февралдаги 6М-06-870-сон маълумотномаси). Натижада тўқиманинг 14%га қалин бўлиши, ишқаланишга чидамлилик кўрсаткичи l0% ошиши хисобига сифат кўрсаткичларининг яхшиланишига эришилган;

ҳалқали йигириш машинасида компакт ва оддий иплар олиш учун аниқланган оптимал ишчи параметрлар «OSBORN TEXTILE» МЧЖ хорижий корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси “ЎЗТЎҚИМАЧИЛИКСАНОАТ” Уюшмасининг 2019 йил 22 февралдаги 6М-06-870-сон маълумотномаси). Натижада RoCoS компакт ип қурилмаси  ўрнатилган 1200 та урчуқли «ZINSER–350» йигириш машинасида ишлаб чиқарилган матонинг киришиш кўрсаткичи узунлиги бўйича l5%, эни бўйича эса 40%га яхшиланиши таъминланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish