Қосимжонов Рўзали Вохидовичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ядро физикаси амалий машғулотларининг такомиллаштирилган мазмуни (педагогика олий таълим муассасалари мисолида)”, 13.00.02 – Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № В2020.1.PhD/Ped1363
Илмий раҳбар: Насриддинов Комилжон Рахматович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Фарғона политехника институти, PhD.03/27.02.2020.FM.106.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Курбанов Мирзааҳмад - педагогика фанлари доктори, профессор; Захидов Иброҳим Обидович - физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика универститети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. педагогика олий таълим муассасаларида ядро физикаси амалий машғулотлари мазмунини ядро моделлари, ядро нурланишларининг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашиши ва дозиметрия асосларига доир масалалар ишлаб чиқиш орқали такомиллаштириш ва ядро физикаси амалий машғулотлари такомиллаштирилган мазмунига доир ўқув-методик таъминотни яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
педагогика олий таълим муассасаларида ядро физикаси амалий машғулотларининг ҳозирги мазмунини ўрганиш ва уларни таҳлил қилиш асосида, Умумий физикадан намунавий фан дастурида келтирилган ядро физикасига доир амалий машғулотларнинг мавзуларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали унинг мазмуни такомиллаштирилган;
Умумий физика курсининг Ядро физикаси бўлими амалий машғулотлари мазмуни яъни, ядро моделлари, ядро нурланишларининг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашиши ва дозиметрия асослари мавзуларини ўзлаштиришда талабаларнинг мантиқий ва мустақил фикрлашини ривожлантиришга хизмат қилувчи масалалар ишлаб чиқиш орқали такомиллаштирилган;
Умумий физиканинг Ядро физикаси бўлими амалий машғулотлари мазмуни ядро моделлари, ядро нурланишларининг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашиши ва дозиметрия асосларига тегишли жараёнларни тушунтиришда фанлараро интеграцияни ва талабаларнинг ижодкорлик қобилиятини ривожлантиришга қаратилган масалалар мажмуасини ишлаб чиқиш орқали такомиллаштирилган;
Ядро физикаси бўлими амалий машғулотлари мавзуларини ўқитиш методикаси талабаларнинг назарий билим, амалий кўникма, малакалари ва касбий компетентлигини ривожлантиришга қаратилган ноанъанавий ўқитишнинг дидактик имкониятларидан фойдаланиш ҳамда талабалар билимини комплекс баҳоловчи ностандарт топшириқларни ишлаб чиқиш асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Педагогика олий таълим муассасаларида ядро физикаси амалий машғулотларининг такомиллаштирилган мазмунини яратишга қаратилган назарий ва амалий таклифлар асосида:
педагогика олий таълим муассасалари талабалари учун мўлжалланган “Умумий физика. Атом ва ядро физикасидан масалалар тўплами” номли ўқув қўлланма яратилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 25-декабрги 538-092-сон буйруғи). Натижада, унинг асосида умумий физикадан амалий машғулотларни ташкил этишдаги дидактик жараён ва методик таъминотни такомиллаштиришга эришилган;
ядро физикаси амалий машғулотларининг такомиллаштирилган мазмуни ишлаб чиқилган, тадқиқот жараёнида ядро физикасининг ядро моделлари, ядро нурланишларининг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашиши ва дозиметрия асосларига доир масалалар, тажриба–синов ишлари натижасида талабаларнинг билимини назорат қилиш ва уларнинг ўз–ўзини баҳолаш учун ностандарт тест топшириқлари ишлаб чиқилган, шу билан бирга амалий машғулотлар жараёнида педагогик ва компютер технологияларига асосланган мазмунининг ишлаб чиқилганлиги ишнинг амалий аҳамиятини янада оширган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2023-йил 3-июндаги 02-07-2067/04–сон маълумотномаси). Натижада, талабаларнинг Ядро физикаси бўлимини ўзлаштириш самарадорлигини оширишга эришилган;
ядро физикаси амалий машғулотларининг такомиллаштирилган мазмунини ишлаб чиқишга оид таклифлар ҳамда бу бўлимдан амалий машғулотлар учун ишлаб чиқилган тавсиялардан Нукус давлат педагогика институтида 2014-2015 йилларда бажарилган ЁА5-ХТ-1-31884-рақамли “Инновацион технологиялар шароитида физика ўқитувчисининг методик тайёргарлигини шакллантириш усуллари” мавзусидаги лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2023-йил 3-июндаги 02-07-2067/04–сон маълумотномаси). Хусусан, диссертация иши юзасидан тўпланган назарий маълумотлар, адабиётлар таҳлили ва хулосалари, шунингдек, ядровий нурланишлар, уларнинг атроф-муҳит, модда ва материаллар, биологик объектларга бўлган таъсири, дозиметрия ҳамда нурланиш дозалари, нурланиш нормалари каби маълумотлардан Қорақалпоқ давлат университетининг ОТ-Ф-2-77-рақамли “Моделлаштириш асосида ички нуқсонларни ҳисобга олган ҳолда яримўтказгичли асбобларнинг ишончлигини башорат қилишни такомиллаштириш усули” мавзусидаги илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2023-йил 3-июндаги 02-07-2067/04–сон–сон маълумотномаси). Натижада, педагогика олий таълим муассасалари ядро физикаси амалий машғулотлари мазмуни, мавзуларининг баёни ўрганиб чиқилган ва таҳлил қилинган ҳамда бу бўлим амалий машғулотлари мазмунини такомиллаштиришга эришилган.