Намозов Зухриддин Абдукаримовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD)
илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзанинг ўрта толали янги навининг хусусиятлари ва амалиётга жорий этиш”, 06.01.05 - Селекция  ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Qx.1771.
Илмий раҳбар: Нариманов Абдужалил Абдусаматович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти ғўзанинг “Мағрур” нави (НАП 00567).
II. Тадқиқотнинг мақсади ўрта толали ғўза тизмаларининг бир неча авлод популяциялари устида кўп марталик танлов олиб бориш асосида, ҳосилдор, Республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида қимматли хўжалик кўрсаткичларини ижобий ҳолатда сақловчи ўрта толали ғўза навини яратиш, авлодлар таҳлилини олиб бориш, навдорлиги юқори бўлган сара уруғлик чигитларини етиштириш ва жорий этишдан иборат.   
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор ғўзанинг кўп геномли (Д1 х Д5) × (АД1 х Э1) дурагай комбинацияси асосида олинган Л-18 тизмасида ота-она шаклларнинг қимматли белгиларини сақлашга қаратилган бир неча авлод популяциялари устида олиб борилган мақсадли кўп мартали танлаш услуби асосида бир қатор оила ва тизмалар ҳамда “Мағрур” нави яратилган ва унинг янгилиги тасдиқланган ҳолда Интеллектуал мулк агентлиги томонидан НАП 567 рақамли патент олинган;
юқори ҳосилдорлик, тола сифатининг барқарорлиги, тезпишарлик билан бир қаторда олинган тизмалар ва навнинг генотипида мураккаб дурагайлаш натижасида Д геномидан бардошлилик, АД геномидан юқори ҳосилдорлик ва тола сифати, Э геномидан экологик стрессларга мослашувчанликни мужассамлаштиришга эришилган;
мақсадли олиб борилган селекция ва уруғчилик ишлари натижасида ғўзанинг янги “Мағрур” нави популяцияси фенотипик текисланган, уруғлик чигити сифат кўрсаткичлари ЎзДСт 633:2006, морфохўжалик белгилари софлиги ЎзДСт 1110:2006 ва толасининг сифат кўрсаткичлари ЎзДСт 604:2001 талаблари даражасига келтирилган; 
ғўзанинг “Мағрур” навида морфологик белгиларнинг бир хиллиги ва хўжалик аҳамиятига эга кўрсаткичларнинг юқори бўлиши ирсий жиҳатдан юқори даражада таъминланганлиги аниқланган ҳамда кейинги авлодларда сақланиб қолиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўрта толали ғўзанинг янги навини яратиш, унинг айрим қимматли хўжалик белгилари кўрсаткичларининг барқарорлигини сақлаш ва жорий этиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида: 
ғўзанинг туричи (Г. ҳирсутум Л.) шаклларини (Л-9263 х Л-726) дурагайлашдан олинган Л-9263 ва Л-726 тизмаси асосида янги Мағрур нави (НАП 567) яратилган ва амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар Миллий марказининг 2025 йил 15 октябрдаги № 05/04-04-633-сонли маълумотномаси). Натижада, ғўза навлари генофондини ўртапишар, ҳосилдор, толасининг сифати ва чиқими юқори бўлган янги нав билан бойитиш имконини берган; 
ғўзанинг янги “Мағрур” нави 2022 йилда ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Зангиота илмий тажриба базасида ва Дўрмон марказий тажриба участкасида 2,0 гектар майдонда уруғ кўпайтириш учун жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида экинлари навларини синаш маркази 2025 йил 11-сентябрдаги Т-6/01-07-654-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур ғўза навининг Тошкент вилояти иқлим шароитига мослашувчанликни намоён этган ўсимликлари асосида 1060 дона якка ва 126 дона оилавий танлов намуналари териб олинган ҳамда 1100 кг сара уруғлик етиштиришга эришилган;
ғўзанинг янги “Мағрур” нави 2024 йилда институтнинг Пискент илмий тажриба базасида 2,0 га майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида экинлари навларини синаш маркази 2025 йил 11-сентябрдаги Т-6/01-07-654-сонли маълумотномаси). Натижада, нав юқори адаптивлик намоён этиб, ҳосилдорлиги ўртача 40,4 с/га ни ташкил қилган ҳамда ҳудудда экилаётган навларга нисбатан 5,2 сентнерга юқори ҳосил олиниб, қўшимча ҳосил ҳисобига  6,29 млн сўм соф даромад олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish