Хамзахўжаев Асрорхўжа Ахрорхўжа ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Иккиламчи органик хомашёлари асосида юқори сорбсион материаллар олиш ва уларнинг адсорбсион хоссаларини ўрганиш», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/К902.
Илмий раҳбар: Пайғамов Рахимжон Абдукаюмович, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Қўқон давлат университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қўқон давлат университети, PhD.03/08.05.2025.К/Т.130.04.
Расмий оппонентлар: Маматалиев Нозимжон Нимаджанович, кимё фанлари доктори; Абдулхаев Толибжон Долимжонович, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иккиламчи органик хомашёлар асосида термик ва кимёвий фаоллаштиришни амалга ошириш, уларнинг тузилиши ва адсорбсион хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иккиламчи органик хомашёлар асосида углеродли адсорбентлар олиш жараёнида карбонизация ҳарорати ва кимёвий фаоллаштирувчи модда (КОҲ) миқдорининг ғовакли тузилишга таъсири тизимли равишда ўрганилди, 1:20 % консентрасия нисбатда олинган намуналар энг юқори даражада сирт майдони (600-880 м2/г) ҳамда микроғовакларнинг ривожланиши билан ажралиб туриши исботланган;
автомашина шинаси ва меламинланган қоғоз чиқиндисидан олинган углеродли адсорбентларнинг термик барқарорлиги ва фаоллантириш жараёнидан кейин бўладиган физик-кимёвий ўзгаришлар ИҚ-спектроскопия, ХРД, ТГ/ДТА ва СЕМ таҳлил усуллари ёрдамида аниқланган;
илк бор меламинланган қоғоз хомашёси асосида олинган углеродли адсорбентларнинг сирт майдони, ғоваклар ҳажми ва тақсимоти, функсионал гуруҳларининг мавжудлиги шунингдек, уларнинг тузилиши ва текстура параметрлари аниқланган;
олинган углеродли адсорбентларнинг ноорганик ва органик бирикмаларни адсорбсиялаш қобилиятини, адсорбсиянинг максимал сиғимини, сирт майдони, ғовак ҳажми ва тақсимоти, адсорбсия механизмлари илмий асослаб берилган;
нефт саноати чиқинди сувларида синовдан ўтказилган углеродли адсорбентлар ҳона ҳароратида мой ва нефт маҳсулотларини 87-88 %, фенол бирикмаларини 85-86 % гача, минерал аралашмалар ва сувда эриган ёғлар миқдори эса 90-97 % гача тозалаган. Бу жараёнда сув–органик фаза чегарасида молекулаларнинг тезкор диффузияланиши ва адсорбсияси ҳисобига органик ифлослантирувчи заррачаларни ютилиши илмий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Термик ва кимёвий фаоллаштирилган углеродли адсорбентлар олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
иккиламчи органик хомашёлар асосида термик фаоллаштирилган кўмир адсорбентлари олиш усули ишлаб чиқилган ва уларни қўллаш усуллари “Фаргʼона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ нинг “2026-2030 йилларда амалиётига жорий этиладиган истиқболли ишланмалари рўйхати”га киритилган (“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг 2025 йил 10 сентябрдаги 15/116-сонли маълумотномаси). Натижада, сув таркибидаги мой ва нефт маҳсулотларини 55–62 %, фенолларни 59–68 %, оғир металл ионларини 74–83 %, сулфидли бирикмаларни 81–87 %, аммиак ва аммонийни эса 75–81 % гача тозалаш имконини беради;
термик ва кимёвий фаоллаштирилган углеродли материалларни адсорбсион тозалаш усули “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖда амалиётига тадбиқ этилган (“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг 2025 йил 10 сентябрдаги 15/116-сонли маълумотномаси). Натижада, термик фаоллантирилган намуналарга нисбатан КОҲ билан фаоллаштирилган кўмир адсорбентлар оқова сувлар таркибидаги органик ва минерал бирикмаларнинг тозалаш самарадорлиги 1,2- 1,5 марта, назорат кўмир адсорбентга нисбатан эса 2 марта ортиш имконини берган.