Хаитов Баҳодир Турсуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): Ҳарбий таълим муассасаларида курсантларни маънавий-маърифий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш методикаси” (“Ҳарбий санъат тарихи, миллий ҳарбий мерос ва Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” фани мисолида) 13.00.02 - Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (тарих) (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.2.PhD/Ped3467.
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Чирчиқ давлат педагогика университети.
Илмий раҳбар: Хасонбоев Бекзоджон Валижонович, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Чирчиқ давлат педагогика университети, DSc.03/30.04.2021.Ped.82.01.
Расмий оппонентлар: Исмоилов Темурбек Исломович, педагогика фанлари доктори, профессор; Ходжаев Бегзод Худойбердиевич, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ахборот-коммуникация технологиялари ва Алоқа ҳарбий институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади олий ҳарбий таълим муассасаларида ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар мажмуаси ва уларнинг ғоявий-мафкуравий аҳамиятини таҳлил қилиш орқали курсантларни маънавий-маърифий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш методикасини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
глобаллашув жараёни шароитида ёшлар маънавиятини ёт таъсирлардан ҳимоя қилишнинг аҳамияти ва зарурати, генезиси ва ривожланиш тадрижи геосиёсий жараёнларнинг таранглашуви шароитида Шарқ мутафаккирларининг миллий меросини ретроспектив таҳлил қилиш воситасида миллий мафкура тарғиботи механизмларини методик такомиллаштириш орқали дидактик жиҳатдан асосланган;
бўлажак офицерларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ёш ва психологик жиҳатлари тарбиянинг тушунтириш, ишонтириш, одатлантириш, ибрат-намуна каби анъанавий методларини ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг вертикал тизими имкониятларини таълим-тарбия жараёнига адаптив қўллаш асосида очиб берилган;
курсантларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тамойиллари бўлажак офицерларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш технологиясини ҳарбий таълим амалиётига татбиқ этиш ва ҳарбий ватанпарварлик тарбиясининг когнитив, этноидентификацион, ҳиссий ва мотивацион компонентларини ҳарбий таълимга горизонтал ва вертикал интеграциялаш орқали асосланган;
бўлажак офицерларни миллий ҳарбий меросга садоқат руҳида тарбиялаш методикаси курсантларнинг ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини кучайтиришнинг амалий механизмларини дарсдан ташқари тадбирлар (семинар, вебинар, давра суҳбатлари) шакл ва мазмунига сингдириш ҳамда тарбиявий ишлар методикасини ҳарбий олий таълимда қўллаш технологияларини ишлаб чиқиш асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ҳарбий таълим муассасаларида курсантларни маънавий-маърифий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш методикаси бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
геосиёсий жараёнларнинг таранглашуви шароитида Шарқ мутафаккирларининг миллий меросини ретроспектив таҳлил қилиш, ёшлар маънавиятини ёт таъсирлардан ҳимоя қилишнинг аҳамияти ва зарурати, генезиси ва ривожланиш тадрижи бўйича таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг 235-сонли “Олий ҳарбий таълим муассасалари биринчи босқич курсантларининг ўқув жараёнига мослашиши учун ўтказиладиган тайёрлов йиғини Дастурини тасдиқлаш ва амалга киритиш тўғрисида”ги буйруғининг Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари мавзуларини шакллантиришда ҳамда 2024-йил 19-апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкиллаштириш бўйича Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги 314-сонли буйруқнинг 6-иловаси ҳисобланган Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотининг 2024/2025-ўқув йилига Тематик режасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2024-йил 15-июндаги 14/1844-сонли маълумотномаси). Натижада, олий ҳарбий таълим муассасаларида курсантларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш методикаси такомиллаштирилган;
тарбиянинг тушунтириш, ишонтириш, одатлантириш, ибрат-намуна каби анъанавий методларини ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг вертикал тизими имкониятларини таълим-тарбия жараёнига адаптив қўллаш асосида очиб берилган бўлажак офицерларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ёш ва психологик жиҳатлари бўйича таклифлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасаси “Ўзбекистон тарихи” телеканали орқали эфирга узатилган “Тарихий савол”, “Манбалар сўзлаганда” кўрсатувлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2024-йил 6-майдаги №8512/07-сонли маълумотномаси). Натижада, бўлажак офицерларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича дарсдан ташқари тадбирлар мажмуи такомиллаштирилган;
бўлажак офицерларда ҳарбий-ватанпарварликни нафақат таълим ва тарбия орқали сингдириш, балки аждодларимиздан бизга мерос қолган миллатимизнинг маънавий ва моддий қадриятларини асраб авайлаш, давлатимизда бунёд этилаётган замонавий бино ва иншоотлардан фахрланиш туйғусини туйиш, мазкур бино ва иншоотлар, давлат ва жамиятимизнинг бир бўлаги ҳамда келажак авлод учун бугунги миллий бунёдкорлик тафаккури ва маънавий онгимиздан далолат берувчи манбалардан бири эканлиги педагогик жиҳатдан сингдирилиб, психологик жиҳатдан мотивацион драйвер сифатида эътироф этилиши “Ғалаба боғи”да ташкил этиб келинаётган тарғибот акциялари, “уч авлод вакиллари учрашувлари” каби маданий-маънавий тадбирларни ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг 2024-йил 15-майдаги 42/385-сонли далолатномаси). Натижада, олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим ва тарбия жараёнининг самарадорлиги ошган.