Маткаримова Нилуфар Махсудовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекларнинг бешик ва суннат тўйи маросимлари: анъанавийлик ва замонавийлик (Хоразм воҳаси материаллари асосида)”, 07.00.07. – Этнография, этнология ва антропология 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Tar2074.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Маткаримова Назокат Максудовна, тарих фанидан фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Хоразм Маъмун академияси.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами: Қорақалпоқ давлат университети. DSc.03/06.04.2024.Tar.20.05 
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси, унвони:
Давлатова Саодат Тиловбердиевна, тарих фанлари доктори (DSc)., профессор.
Файзуллаева Мавлюда Хамзаевна, тарих фанлари доктори, (DSc)
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.    
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА ҚҚБ Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти Этнография бўлими.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм воҳаси ўзбекларининг бешик ва суннат тўйи маросимларидаги анъанавийлик ва замонавийлик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: Тарихий-этнографик манбалар ва дала тадқиқотлари асосида Хоразм воҳаси ўзбекларининг бешик ва суннат тўйи маросимларини комплекс тадқиқ этиш асосида маҳаллий удум ва анъаналарнинг (бешик тайёрлаш, она ва болани чилладан чиқариш, боланинг сочини олиш, одим чўрак қилиш, тах ясаш, чойхалта тикиш ва бошқа амаллар) воҳага хос локал хусусиятлари, уларнинг бошқа ҳудудлар маросимларидан фарқли жиҳатлари мавжудлиги очиб берилган;
бешик ва суннат тўйи маросимлари (гўз ойдин, беш оқшом, болани бешикка солиш, кўрпа бичар, нон ёпар, гашир дўғрашма, генгаш, суннат атиш) нинг трансформацияга учраганлиги, яна бешик ва суннат тўйидаги айрим маросимлар (ерик оши, дарпанди палов, қўноқ олиш, супра қоқди, танга сози) эса бошқа ҳудудларда ўтказиладиган маросимлар билан синкретлашиш жараёнида ўзининг асл мазмун-моҳиятини ўзгартиргани ҳамда бешик ва суннат тўйларида ўтказилган халқ ўйинлари (гўраш, арқон тортиш, қўчқор ва хўроз уриштиришма)нинг ҳозирда деярли ўтказилмаётгани аниқланган;
бешик ва суннат тўйи билан боғлиқ бир қатор маросимларни (бешикни алас қилиш, чиллали уйда 40 кунгача чироқ ёқиб қўйиш, исвант тутатиш, гўзминжиқ тақиш, бешикнинг ва суннат қилинган бола тўшагининг бош тарафи остига нон, туз, пичоқ каби ҳимоя воситаларини қўйиш, боланинг киндигини яшириб қўйиш, боланинг эшини мевали дарахт остига кўмиш ва ҳ.к) таҳлил қилиш жараёнида бу маросимларга ислом дини таъсири сезилмаслиги ҳамда воҳага хос архаик инонч-эътиқод ва расм-русумларнинг ҳозиргача сақланиб келаётганлиги исботланган;  
Хоразм воҳаси бешик ва суннат тўйларида ишлатиладиган нарса-буюмлар (чаман, бешик, сумак); кийим-кечаклар (жубба, курта, андикча, оғли иштон); таом ва егуликлар (атала, буломиқ, юмурта қўрдоқ, уноши, хўроз қанд, олмо қант) билан боғлиқ атамалар таҳлили асосида уларнинг фақат Хоразм воҳасига хос локал хусусиятга эга эканлиги аниқланган; 
ҳозирги кибертехнологиялар ва киберспортнинг шиддат билан ривожланиб бориши жараёнида аждодларимиздан сақланиб қолган ҳамда бешик ва суннат тўй маросимлари билан боғлиқ боланинг илк ривожланиш давридаги эркалатиш-соғломлаштириш тарзидаги (додов-додов, чопоқ-чопоқ, чилим-читди, чапак-чапак, чўмбил-чўмбил); болани ақлий, жисмоний ва психологик ривожлантирувчи  (гизланмажак, қуволошма, о'ртоғо гиришма, хола-хола, чиллик, поққилдовуқ, ланги, бектош ва ҳ.к.) халқ ўйинларининг жуда катта аҳамият касб этиши ва уларни яна тиклаш зарурати асослаб берилган.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамяти: Тадқиқотнинг илмий аҳамияти Хоразм воҳасида маҳаллий аҳамиятга эга бўлган, бироқ кенг жамоатчиликка номаълум бўлган кўплаб маросим ва расм-русумларнинг аниқланганлиги билан изоҳланади. Қолаверса, мазкур тадқиқот Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқлари анъана ва урф-одатлари тарихи, бешик ва суннат тўйи маросимлари билан боғлиқ халқона маданиятнинг этноҳудудий хусусиятларини ўрганишда ҳамда Хоразм тарихини тарихий-этнографик материаллар асосида тадқиқ қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат: Диссертацияда келтирилган маълумотлардан маҳаллаларнинг “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари” учун социологик анкета сўровнома олишда фойдаланилди;
Хоразм воҳаси бешик ва суннат тўйи маросимлари, уларнинг турлари ва у билан боғлиқ жараёнлар билан қизиқувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, гид экскурсоводлар ва кенг жамоатчилик учун фотосуратлар жамланмаси ҳамда унинг ўзбек ва чет тиллардаги (рус ва инглиз) изоҳидан иборат албом тайёрланди.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши: Ўзбекларнинг бешик ва суннат тўйи маросимлари: анъанавийлик ва замонавийлик (Хоразм воҳаси материаллари асосида)” мавзуси бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида: 
Ушбу докторлик (PhD) диссертациясининг бешик ва суннат тўйи билан боғлиқ маросимлар ва анъаналар ёритилган боблари ва параграфларидаги илмий янгиликлари, хулоса, таклиф ва тавсияларидан Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фонди устави ва шу асосда қабул қилинган дастурларни амалга ошириш доирасида фойдаланилмоқда (“Олтин мерос” халқаро ҳайрия жамоат фондининг 2025-йил 
4-апрелдаги № 01-23-сонли маълумотномаси). Диссертация мавзусига оид маҳаллий удум ва анъаналарнинг локал хусусиятлари, бешик тўйи ҳамда суннат тўйи маросимларининг тарихий-генетик асослари ва мазмун-моҳияти асосланиб, тарихий ва ёзма манбалар асосида фарзанд учун қилинадиган амалларнинг маънавий-тарбиявий аҳамияти, болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишидаги ўрни кўрсатиб берилган;
диссертациянинг илмий натижаларидан Хоразм Маъмун академиясида бажарилган “И-ФА-2019-25 Хоразм шаҳарларининг тарихи, маданий мерослари, обидалари ва санъат асарларининг тадқиқотлари асосида СМАРТ технологияларини яратиш” ҳамда “ПЗ-2020103078 – “Дорул ҳикмат вал маориф” замонавий виртуал музейини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳаларини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун Академиясининг 2025-йил 30-июндаги №186/2-25-сонли маълумотномаси). Натижада диссертациянинг илмий хулосалари асосида мазкур грантлар доирасида Хива хонлиги даврига оид тарихий маълумотлар мазмунан бойиган, ёзма манбалар маълумотлари таҳлили асосида ўзбек халқи маросим фолклорига оид маълумотлар, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, халқ этнографиясига оид тарихий фактлар мазмунан бойиган;
тадқиқотчининг диссертация маълумотлари асосида тайёрлаган “Ўзбекларнинг бешик ва суннат тўйи маросимлари: анъанавийлик ва замонавийлик” деб номланган чиқиши Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ахборот-информацион дастури ва Хоразм телерадиоканалининг “Ассалом Хоразм” теледастури, “Нажот билимда” радио эшиттириш дастури орқали аҳолига, кенг жамоатчилик вакилларига, олимларга, талабаларга, ўқувчи ёшларга тарғиб этилди (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Хоразм вилояти телерадиоканали давлат муассасасининг 2025-йил 4-июндаги №395-сонли маълумотномаси). Муаллифнинг бешик ва суннат тўйи маросимлари, бу маросимлардаги анъанавийлик ва замонавийлик ҳақидаги чиқиши умуминсоний ва миллий қадриятларимизга бўлган эътибор, шунингдек бешик ва суннат тўйи маросими ва бу маросимлар билан боғлиқ урф-одатларни чуқур ўрганиш, унут бўлаётган маросим ва қадриятларни қайта тиклаш ва асраб-авайлаш, таргиб этишда муҳим аҳамиятга эга;
диссертантнинг бешик ва суннат тўйи маросимлари, урф-одатлари, уларнинг анъанавий ва замонавий кўринишлари ҳақидаги тадқиқот натижаларидан Қорақалпоғистон миллий телерадиокомпанияси “Қорақалпоғистон” телеканалида эфирга узатилган “Ассалам Қарақалпақстан”, “Уълкемиз бойлап” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилди ҳамда диссертант томонидан “Куш билимде” радио эшиттиришлар дастурида мавзу юзасидан атрофлича маълумот берилди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қарақалпақстан телерадиокомпаниясининг 
2024-йилнинг 23-декабрдаги № 05-22/561-сонли маълумотномаси). Диссертация маълумотлари Қорақалпоғистон миллий телерадиоканалларида намойиш этиладиган маънавий-маърифий кўрсатувларни тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади ҳамда қорақалпоқ ва ўзбек халқининг умуминсоний ва миллий қадриятларимизга бўлган эътиборини ўрганиш, унут бўлаётган маросим ва қадриятларни қайта тиклаш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. 
Бешик ва суннат тўйи маросимларининг турлари, ўтказилиш тартиби ва ўзига хос локал хусусиятлари, уларнинг доимо маҳалла ва қариндошларнинг иштирокида, маҳалла оқсоқоллари бошчилигида нишонланиши ва бу тадбирларда ҳар бир жамоа аъзосининг ўзига яраша вазифалари борлиги ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазма саройида 2023-йил 17-23-апрел кунлари бўлиб ўтган “Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали!” доирасида ташкиллаштирилган амалий санъат асарларидан иборат кўргазмасида экскурсия матнларини яратишда фойдаланилди (Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2023-йилнинг 21-июндаги №124-сонли маълумотнома). Ушбу маълумотлар ўзбек ва қорақалпоқ халқларида бирдек аҳамиятли бўлган бешик ва суннат тўйи маросимларининг миллатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тушунчаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish