Эшбоев Қаҳрамон Бакир ўғлининг филология фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек тили Изоҳли луғатлари тавсифларида сўзлараро даражаланиш тамойили”. 10.00.01 – Ўзбек тили.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.DSc/Fil628.
Илмий маслаҳатчи: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат университети, DSc.03/25.12.2024.Fil.164.01.
Расмий оппонентлар: Абдиев Муродқосим Болбекович, филология фанлари доктори, профессор; Нормаматов Султонбек Эрмаматович, филология фанлари доктори, профессор; Джумабаева Жамила Шариповна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили изоҳли луғатларида сўзлараро даражаланиш тамойилларини аниқлаш ва уларнинг тавсифланиш хусусиятларини лингвистик жиҳатдан таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тили изоҳли луғатларининг тузилиши (сўз бирлигининг макро ва микро тузилмаси, дефинициялар тартиби, грамматик ва стилистик белгиларнинг кўрсатиш тизими, изоҳларнинг структурал схемаси ва индексация тамойиллари) ва мазмунини даражаланиши (сўзларнинг семантик градацияси, синонимик ва антонимик қаторлар билан боғлиқлиги, экспрессив-интенсивлик даражаси ва коннотатив қийматлари) лексик бирликларнинг ўзаро иерархик-семантик муносабатлари, уларнинг градацион боғлиқлиги, интенсивлик даражалари ва маъно кучайиши ёки сусайиши каби жараёнлар ҳамда сўзлараро даражаланишнинг структурал, семантик, функсионал ва когнитив омилларини аниқлаш асосида таҳлил қилинган;
луғатлардаги сўзлараро муносабатлар (синонимия, антонимия, ҳипонимия, гиперонимия, меронимия ва фразеологик боғлиқлик) ва даражаланиш ҳолатлари (градацион интенсивлик, маъно кучайиши ёки сусайиши, функсионал ва контекстуал ўзгаришлар) сўзларнинг иерархик-семантик тузилиши, лексик бирликларнинг ўзаро боғлиқлиги, стилистик ва когнитив хусусиятлари ҳамда контекстуал ишлатилиш мезонлари асосида аниқланган;
сўзларнинг семантик (маъноларининг кучайиши ёки сусайиши, градацион ўзгаришлари), стилистик (услубий ранг-баранглиги, расмийлик ёки норасмийлик даражалари) ва функсионал (коммуникатив вазифа ва қўлланиш доираси) даражаланиш мезонлари уларнинг лексик тизимдаги ўзаро иерархик муносабатлари ва градацион боғлиқлигини илмий-таҳлилий тадқиқотлар, корпус маълумотлари ва экспериментал кузатишлар асосида ўрганилган;
сўзлараро даражаланиш тамойилининг (лексик бирликларнинг иерархик-семантик тартиби, градацион боғлиқлиги, интенсивлик даражалари ва маъно ўзгариш жараёнлари) луғатшуносликдаги ўрни ва аҳамияти изоҳли луғатларда сўзларнинг ўзаро муносабатларини аниқ ифодалаш, фойдаланувчига семантик фарқларни тушунарли етказиш ва лексик тизимни тизимли ёритиш имконини бериши назарий-таҳлилий ва илмий-амалий тадқиқотлар асосида ўрганилган;
замонавий изоҳли луғатларни тузишда сўзлараро иерархик ва градацион муносабатларни, лексик бирликларнинг семантик интенсивлик даражалари ва маъно ўзгариш жараёнларини луғат ёзилишида изчил акс эттириш орқали фойдаланувчига лексик бирликларнинг ўзаро семантик фарқларини аниқ тушунтириш имконини берувчи даражаланиш тамойиллари асосида илмий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тили изоҳли луғатлари тавсифларида сўзлараро даражаланиш тамойилини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тили изоҳли луғатларида сўзлараро даражаланиш тамойилларини лингвистик таҳлил қилиш, сўзлараро даражаланишнинг семантик, стилистик ва функсионал мезонларини тизимлаштириш ҳамда уларнинг луғатшуносликдаги акс этиш хусусиятлари аниқлаш, луғат тузіш жараёнида сўзлараро даражаланишни ҳисобга олган ҳолда янгі ёндашув ва методологик асослар ишлаб чиқиш каби хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2022-2024-йилларга мўлжалланган ИЛ-402104209 “Ахборот-қидирув тизимлари (Гоогле, Яндех, Гоогле транслате) учун автоматик ишлов бериш воситаси – ўзбек тилининг морфолексикони ва морфологик анализатори дастурий воситасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 17-июндаги № 01/4-2554-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг илмий-назарий консепсияси янги фикр-мулоҳазалар билан бойишига эришилган;
ўзбек тили изоҳли луғатларида сўзлараро даражаланиш тамойилларини аниқлаш ва уларнинг тавсифланиш хусусиятларини лингвистик жиҳатдан таҳлил қилишга оид маълумотлардан, ўзбек тилида сўзлараро даражаланиш ҳодисасининг назарий асосларини ёритишга оид фактик материаллардан, замонавий изоҳли луғат тузишда даражаланиш тамойилларини қўллаш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқишга оид таҳлиллардан, луғатлардаги сўзлараро даражаланиш тамойилларининг лингвистик асосларини аниқлашда фойдаланилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2023-2024-йилларда бажарилган АЛ-662205561 рақамли “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” (“Хазойин ул-маоний” куллиётидаги гʻазаллар асосида) мавзусидаги амалий лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 17-июндаги № 01/4-2555-сон маълумотномаси). Натижада муаллифлик корпуси маълумотлар базаси, даражаланиш лексемаларининг тил тизимидаги ўрни, уларнинг лисоний хусусиятларига оид назарий маълумотлар билан бойишига эришилган;
ўзбек тили изоҳли луғатларида сўзлараро даражаланишнинг семантик, стилистик ва функсионал мезонларини тизимлаштириш ҳамда уларнинг луғатшуносликдаги акс этиш хусусиятларини аниқлаш, амалдаги изоҳли луғатлардаги лексик бирликлар тавсифида қўлланилган даражавий кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг изчил ва тизимли қўлланиш даражасини аниқлаш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020-2023-йилларда бажарилган АМ-Ф3-201908172. “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 17-июндаги № 01/4-2553-сон маълумотномаси). Тадқиқот хулосалари асосида чиқарилган таклиф ва тавсияларнинг амалиётга татбиқ этилиши юзасидан эришилган ижобий натижалар амалий лойиҳа доирасида электрон платформа, назарий ва амалий материаллар тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;
туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг грамматик тизимида мавжуд муштарак жиҳатлари ва терминлар базасини яратишда диссертациянинг илмий хулосаларига асосланган. Жумладан, диссертациянинг ўқув изоҳли луғатларнинг тузилиши ва таснифи, сўзлик қисмини шакллантиришда даражаланиш тамойили асосида фойдаланувчи ёшига, қўлланиш мақсадига мос лексик бирликларни танлаш, электрон луғат яратишнинг методологик асосларини ишлаб чиқиш, мултимедиали грамматик электрон ўқув луғатларини электрон платформага боғлаш тўғрисидаги асосий воситалардан бири сифатида тадқиқ қилинишига доир қарашлар таҳлилидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ-2020042022 “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 17-июндаги № 01/4-2552-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот хулосалари асосида чиқарилган таклиф ва тавсияларнинг амалиётга татбиқ этилиши юзасидан эришилган ижобий натижалар амалий лойиҳа доирасида электрон платформа, назарий ва амалий материаллар тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилган.