Sayt test rejimida ishlamoqda

Қодиров Қувонч Бекмуродовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мустақиллик даврида Ўзбекистонда ички ишлар идораларининг фаолияти (1991–2011 йиллар)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Таr166.

Илмий раҳбар: Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.27.06.2017.Tar.01.04.

Расмий оппонентлар: Обломуродов Наим Халимович, тарих фанлари доктори, профессор; Ганиев Шерзод Алишерович, юридик фанлар доктори.

Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ички ишлар органлари фаолиятининг босқичма-босқич ривожланиш масалаларини тарихий ёндашувлар асосида очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистоннинг тараққиётига раҳна солаётган таҳдидларнинг олдини олишда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашда ички ишлар органларининг фаолияти тарихий босқичлар асосида ёритиб берилган;

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган даврда ички ишлар органлари жамиятда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактикасига қаратилганлиги асосланган;

ички ишлар органларининг фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлиги натижасида ички ва ташқи хавф-хатарлардан маҳаллий ва минтақавий даражада ҳимояланишни амалга оширганлиги илмий асослантирилган;

Тошкент олий милиция мактаби Ички ишлар вазирлиги Академиясига айлантирилиши натижасида ички ишлар органлари учун ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ва жой-жойига қўйиш тизими оптималлаштирилганлиги очиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда ички ишлар идораларининг фаолият юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган даврда ички ишлар органлари жамиятда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактикасига қаратилганлигига оид маълумотлардан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 9 февралдаги гувоҳномаси. Рўйхатга олиш рақами: 133-202). Ушбу дарслик олий таълим муассасалари талабалари ва академик лицей ўқувчиларининг мамлакат тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш борасидаги тушунчаларга эга бўлиш имконини берган;

ички ишлар органларининг фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлигига  оид маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги музейининг “Ички ишлар органлари мустақиллик йилларида” номли 3-бўлимини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 10 мартдаги 2/927-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши ёшларда мустақиллик йилларида ички ишлар органларида амалга оширилган ислоҳотларни ўрганиш ҳамда ҳуқуқ тартиботни таъминлаш борасида жамоатчилик ролини кучайтиришга оид билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилган;

Тошкент олий милиция мактаби Ички ишлар вазирлиги Академиясига айлантирилиши натижасида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг захирасини шакллантириш борасидаги ислоҳотларига оид таклиф ва тавсиялардан Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2019 йил 12 мартдаги 04-13/1175-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар ички ишлар органлари учун малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish