Курязов Зокир Маткаримовичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Гилсимон ил чўкинди ва техноген чиқиндилардан фойдаланилган керамик материалларнинг юқори ҳароратдаги структура ҳосил бўлиш жараёнларини аниқлаш ва хоссаларини бошқариш», 02.00.15 – Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.DSc/К183.
Илмий маслаҳатчи: Қодирова Зулайхо Раимовна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти ҳузуридаги DSc.02/05.05.2023.К/Т.35.02 рақамли Илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Закиров Бахтиёр Сабиржанович, кимё фанлари доктори, профессор; Юнусов Миржалил Юсупович, техника фанлари доктори, профессор; Адинаев Хидир Абдуллаевич, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: гилсимон ил чўкинди ва техноген чиқиндилардан фойдаланиб керамик материалнинг юқори ҳароратдаги структура ҳосил бўлиш жараёнларини аниқлаш ва хоссаларини бошқаришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув омборлари гилсимон ил чўкиндиси, чиқиндилардан “Ўзметкомбинат” АЖ микрокремнеземи, “Хоразм шакар” АЖ дефекати каби иккиламчи ресурсларнинг кимё-минералогик, гранулометрик таркиблари, ҳамда физик-кимёвий ҳусусиятлари аниқланган;
гилсимон ил чўкиндисининг минералогик таркиби каолинит, гематит, монтмориллонит, кварц, калцит, гидрослюда, албит минераллардан таркиб топган алюмосиликатли хомашёларга ўхшашлиги, микрокремнеземнинг донадорлик таркиби бўйича майда дисперс хомашёларга мансублиги исботланган;
иккиламчи Ангрен каолини, ил чўкиндиси, микрокремнезем ва дефекатларнинг керамик материалларни структурасини шакллантиришдаги ва куйдириш вақтида хоссалари бошқаришга яроқлилиги аниқланган;
илк бор, гилсимон ил чўкиндиларига термик ишлов берилганда қаттиқ фазали реакциялар ва фазавий ўтишлар ҳисобига 900-1100оC ҳарорат оралигида анортит, волластонит ва муллит каби янги минерал кристалл фазаларни ҳосил бўлиши исботланган;
каолин ва ил чўкиндисидан иборат бўлган керамик масса таркибига дефекатнинг қўшилиши натижасида керамик сополак пишиш ҳароратини 50оC пасайиши ва ушбу жараёнда дефекатдан суюқ фаза ҳосил қилувсҳи компонент сифатида фойдаланиш мумкинлиги ҳамда куйдириш жараёнида волластонит анортит, муллит минераллари миқдорининг ортиши ва янги геленит минералини ҳосил бўлиши исботланган;
керамик сополак намуналарига 900-1100оC ҳарорат оралиқларида термик ишлов беришда қаттиқ фазали реакция жараёнларининг жадаллашув кинетикаси ва термодинамик параметрлари ҳисобланган;
каолин, ил, микрокремнезем ва дефекатлардан мос равишда таркиб топган иккиламчи ва учламчи системаларнинг фазавий ўзаро нисбат диаграммалари қурилган ва паст ҳароратда пишадиган мақбул таркиблар соҳалари ва эвтектик нуқталари аниқланган;
“каолин-гилсимон ил-микрокремнезём” ва “каолин-гилсимон ил-дефекат” учламчи системаси асосида паст ҳароратда пишадиган қурилиш мақсадларидаги керамик материаллар таркиблари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Гилсимон ил чўкинди ва техноген чиқиндилардан фойдаланилган керамик материалнинг юқори ҳароратдаги структура ҳосил бўлиш жараёнларини аниқлаш ва хоссаларини бошқаришлар бўйиша олинган натижалар асосида:
гилсимон ил чўкиндилари ва техноген чиқиндилардан таркиб топган системаларда юқори ҳароратдаги структура ҳосил бўлиш жараёнларини аниқлашдан олинган илмий маълумотлар П3-20170920189-сонли «Норуда хомашё ва иккиламчи ресурсларни комплекс қайта ишлаш йўли билан иссиқликни ҳимояловши-оловбардош ва керамик материалларнинг импорт ўрнини босувши таркиблари ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш» (2018-2020 йй.) мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (ЎзР Фанлар Академиясининг 2023 йил 04 декабрдаги 4/1255-2690-сонли маълумотномаси). Натижада, учламчи системалар асосида паст ҳароратда керамик материал структурасини шаклланиш жараёнлари бўйича илмий асосланган, фундаментал маълумотлар олиш имконини берган;
“гилсимон ил-каолин-дефекат” композицияси асосида ишлаб чиқилган керамик ғиш таркиби ва олиш технологияси “Урганш қурилиш материаллари” МСҲЖ нинг 2026-2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли ишланмалар рўйхатига киритилган (“Ўзқурилишсаноатматериаллари” Уюшмасининг 2025 йил 07 июлдаги 02/15-2327-сонли маълумотномаси). Натижада, паст ҳароратда пишириш технологияси асосида стандарт талабларга жавоб берадиган керамик материалларни олиш имконини берган;
“гилсимон ил-каолин-микрокремнезём” композицияси асосида ишлаб чиқиладиган қурилиш керамик ғишт таркиби “Жайҳун” ХК нинг 2026-2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли ишланмалар рўйхатига киритилган (“Ўзқурилишсаноатматериаллари” Уюшмасининг 2025 йил 07 июлдаги 02/15-2327-сонли маълумотномаси). Натижада, техноген чиқиндидан фойдаланиб керамик ғиштларнинг талаб даражасидаги ресурстежамкор таркибини олиш имконини берган.