Ашурова Нилуфар Ўктамовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий-ҳуқуқий муҳофазасини такомиллаштириш”, 12.00.08 “Жиноят ҳуқуқи. Жиноят-ижроия ҳуқуқи” ихтисослиги (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.DSc/Yu394
Илмий маслаҳатчи: Рустамбаев Мирзаюсуп Хакимович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.32/30.12.2020.Yu.74.01 рақамли илмий кенгаш
Расмий оппонентлар: Ўрозалиев Мурод Қораевич, юридик фанлар доктори, профессор; Қаландаров Мақсуд Махмудович, юридик фанлар доктори, профессор; Утемуратова Сапаргул Шамшетовна, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети. Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий-ҳуқуқий муҳофазасини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши ёш авлоднинг эктремистик ғоялардан муҳофазаси кучайтирилишига ва жамиятнинг маънавий-маърифий барқарорлиги таъминланишига хизмат қилиши асослантирилган;
вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган жинсий турдаги жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилмаслиги жиноятчиларга манзилли профилактик таъсир ўтказилишига, рецидив жиноят хавфини камайтирилишига, жазонинг узил-кесил ва тўлиқ ижро этилиши таъминланишига хизмат қилиши исботланган;
жабрланувчининг ўн тўрт ёшга тўлмаган (кичик ёшдаги болалар)га нисбатан содир этилган номусга тегиш жинояти ожиз аҳвол сифатида инобатга олиниши жиноятчи қилмишининг қатъийроқ баҳоланишига, жазонинг оғирроқ белгиланишига, болаларга нисбатан номусга тегиш жиноятларининг барвақт профилактикасига, ожиз ҳолатдаги жабрланувчиларни ҳимоя қилиш самарадорлиги оширилишга имкон бериши исботлаб берилган;
вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий турдаги жиноятлар учун жазо тайинлашда жиноятга тайёргарлик кўрганлик ҳамда жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодекси моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг тўртдан уч қисмидан ошмаслиги тўғрисидаги қоиданинг қўлланилмаслиги жиноятчиларга нисбатан қатъий ва адолатли жазо тайинланишига, ёшларга нисбатан содир этилаётган жинсий жиноятлар сонини камайтиришга хизмат қилиши асослантириб берилган;
жиноий жазо тайинлашда жиноят содир этиш пайтида ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан бир неча ҳукм юзасидан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўн беш йилдан ошмаслиги ёш жиноятчиларнинг ресоциализациясининг енгиллаштирилишига хизмат қилиши асослаб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларини тадқиқ этишнинг илмий натижалари асосида:
вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши лозимлиги тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил
12 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-63-сон Қонунининг 1-модда
4-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 20-мартдаги 27/2-49-25-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши вояга етмаганларни экстремистик, деструктив ташкилотлар таъсиридан ҳимоя қилиш учун қонуний асосларнинг яратилиши, бу орқали уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланишига хизмат қилган;
вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган жинсий турдаги жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилмаслиги тўғрисидаги таклифларидан Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонунининг 3-моддаси 2-банди (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси, тўртинчи қисм, «г» бандига киритилган ўзгартириш)ни шакллантиришда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 20-февралдаги №3/дн-35-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган шахсларнинг жиноий ҳаракатлари учун тўлиқ ва тўғри жавобгарликни таъминлаш, жазонинг тарбиявий таъсирини сақлаб қолиш ҳамда шу орқали вояга етмаганларнинг жиноий-ҳуқуқий муҳофазасини такомиллашишига хизмат қилган;
жабрланувчининг ўн тўрт ёшга тўлмаган (кичик ёшдаги болалар)га нисбатан содир этилган номусга тегиш жинояти ожиз аҳвол сифатида инобатга олиниши лозимлиги тўғрисидаги таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сон Қарори 6-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 30-апрелдаги №01-29-66-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши кичик ёшдаги болаларнинг жисмоний ва психологик ҳимоясини кучайтириш, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ошириш ва жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолашни таъминлайди;
вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий турдаги жиноятлар учун жазо тайинлашда жиноятга тайёргарлик кўрганлик ҳамда жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодекси моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг тўртдан уч қисмидан ошмаслиги тўғрисидаги қоиданинг қўлланилмаслиги тўғрисидаги таклифларидан Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонунининг 3-моддаси 2-банди (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 58-моддаси, иккинчи қисми, «б» бандининг 3,4,5 ва 6-хатбошисига киритилган ўзгартиришлар)ни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 20-февралдаги №3/дн-35-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий турдаги жиноятга тайёргарлик ва суиқасд қилганлик ҳолатларида жазони умумий тартибда енгиллаштирмаслик, уларнинг жиноий ҳаракатларига нисбатан жиддий муносабатни таъминлаб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини тўғри баҳолашга ва судларда якдиллик ҳамда индивидуал ёндашувни мустаҳкамлашга хизмат қилган;
судлар томонидан вояга етмаганларга жиноий жазо тайинлашда жиноят содир этиш пайтида ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан бир неча ҳукм юзасидан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўн беш йилдан ошмаслиги лозимлиги тўғрисидаги таклифларидан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 7 декабридаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-735-сон Қонунининг 1-моддаси 2-3-бандлари ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 20-мартдаги 27/2-49-25-сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши болаларга нисбатан жиноий жазо қўллашда одиллик принципларининг мустаҳкамланиши ҳамда вояга етмаганларга нисбатан ўта оғир жазолар қўллашдан сақланиши орқали уларни қайта ижтимоийлаштириш ва жамиятга қайтариш имкониятини оширишга хизмат қилган.