Убайдуллаев Мадаминжон Мўминжон ўғлининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида ўрта толали ғўза навларида дефолиантлар самарадорлигини оширишнинг илмий асослари”, 06.01.08 – Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2024.1.DSc/Qx303
Илмий маслаҳатчи: Тешаев Фатулло Жўрақулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Джамолхон Ходжахонович, биология фанлари доктори, профессор; Анорбаев Азимжон Раимкулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Таджиев Карим Марданакулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида C-8290, C-6775, C-9090, Наманган-77 ва Андижон-35 ғўза навларида йетиштирилган ҳосилни кузги ёғин-сочин кунларга қолдирмай сифатли йиғиштириб олишни таъминлаш учун дефолиация агротадбирини сифатли ўтказиб, ғўза кўсакларини пишишини тезлаштиришда, СуюқХМД, Энто-Дефол, ФанДЕФ-аъло, Хим-экстра, Этифон, ФанДЕФ,УзДЕФ, Дропп-плюс ва Авгурон-экстра препаратларни қўллашнинг мақбул меъёр ва муддатларини ишлаб чиққан ҳолда уларнинг самарадорлигини аниқлаш ҳамда ишлаб чиқаришга илмий асосланган тавсиялар беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида парваришланган C-8290 ва C-6775 ғўза навларида 30-40 ва 50-60% кўсаклар очилган муддатда ўсимликка системали таъсир этиб, юмшоқ таъсир этувчи препаратлар гуруҳига кирувчи Энто-Дефол дефолиантини ғўза навларига мутаносиб равишда 0,200 ва 0,150  л/га ҳамда маҳаллий ярим юмшоқ контакт таъсирга эга бўлган ФанДЕФ-аъло дефолиантини 7,0-6,0 л/га меъёрларда қўллаш мақбул эканлиги аниқланган;
ғўзанинг C-8290 ва Наманган-77 навларида кўсаклар 30-40 ва 50-60% очилган муддатда юмшоқ таъсирга эга хорижий Хим-экстра дефолиантининг 0,150-0,100 л/га меъёрларига, кўсаклар очилишини (94,5-97,5; 94,5-98,4% кўсак очилган) тезлаштириш хусусиятига эга бўлган Этифон препаратини 1,0-1,5 л/га меъёрларда қўшиб қўллашнинг самарадорлиги аниқланган;
Фарғона вилояти шароитида парваришланаётган C-8290, C-9090, Наманган-77 ва Андижон-35 ғўза навлари кўсаклари 30-40% очилган муддатда турли дефолиантларни қўллаган ҳолда ушбу навларнинг дефолиантларга бўлган таъсирчанлиги ҳамда препаратларнинг ғўза навларидаги самарадорлиги ўрганилиб, энг юқори самарадорлик C-9090 ҳамда C-8290 навларида Дропп-плюс ва Энто-Дефол препаратларини 0,150 л/га меъёрда қўлланилганда (96,7-84,3 ва 97,6-85,6% барг тўкилган, 80,1-80,4 ва 84,1-82,8% кўсак очилган) олинганлиги исботланган;
ўрганилган ғўза навларида синалган дефолиантларни мақбул меъёр (0,200-7,0; 0,150-6,0 ва 1,0-1,5 л/га) ва муддатларда (30-40% ва 50-60%) қўлланилиши эвазига ғўза барглари 14 кун ичида 96-98% гача тўкилиб, кўсаклар очилиши 97-98% га, 1-терим салмоғи эса 94-96% гача етган. Шу билан бирга қўлланилган препаратларнинг бир дона кўсак вазнига, пахта ҳосилдорлигига, тола ва чигитнинг сифат кўрсаткичларига салбий таъсир этмаслиги аниқланиб, агротадбирнинг пахтадаги иқтисодий самарадорлиги (4100000-3780000; 4680000-4310000 ва 4120000-4365000 соф фойда) юқори эканлиги илмий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида ўрта толали ғўза навларидан юқори ва сифатли пахта хомашёси етиштиришда дефолиация самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида: 
“Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида ўрта толали ғўза навларида сифатли дефолиация ўтказишнинг илмий асослари” номли тавсиянома ишлаб тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2025-йил 08-октябрдаги 05/03-04-615-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома Фарғона вилоятининг ўтлоқи-саз тупроқлари шароитида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш бўйича қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
ўтлоқи-саз тупроқларда C-8290 ғўза навида 50-60% кўсаклар очилиш муддатини ҳисобга олган ҳолда Энто-Дефол ва ФанДЕФ-аъло дефолиантларининг мақбул меъёрларининг қўллаш технологияси Фарғона вилоятининг Риштон ва Фурқат тумани фермер хўжаликларида жами 310,9 гектар пахта майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2025-йил 08-октябрдаги 05/03-04-615-сон маълумотномаси). Натижада, энг яхши кўрсаткичлар C-8290 ғўза навида Энто-Дефол дефолиантини 0,150 л/га ва ФанДЕФ-аъло дефолиантини 6,0 л/га меъёрларда қўлланилганда олинган бўлиб, ғўза барглари тўкилиши мос равишда 93,6-90,6% ни, кўсаклар очилиш тезлиги 27,6-26,0% ни, назоратдан фарқлари эса 13,3-11,7% ни, пахта ҳосилдорлиги мутаносиб равишда 34,3-33,5 с/га ни ташкил этиб, 2,5-1,7 с/га қўшимча ҳосил олинган ҳамда 1-терим салмоғи 95,9-94,6% га тенг бўлиб, 29,1-28,6% рентабелликка эришилган; 
C-8290 ғўза навида Хим-экстранинг 0,100 л/га меъёрига Этифон препаратини 1,5 л/га меъёри аралаштириб қўллаш агротадбири Риштон тумани фермер хўжаликларининг 142,9 гектар ғўза майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 08-октябрдаги 05/03-04-615-сон маълумотномаси). Натижада, ғўза барглари 93,6% тўкилиб, 84,5% кўсаклар очилган ва очилиш тезлиги 49,1% ни ташкил этиб назоратдан 16,1% га юқори бўлган, пахта ҳосили назорат вариантига нисбатан 33,2 с/га ни, 1-терим салмоғи 94,0% ни, рентабеллик даражаси эса 34,9% ни ташкил этган;
C-8290, Наманган-77, C-9090 ва Андижон-35 навларининг кўсаклари 30-40% очилган муддатда Энто-Дефол, Хим-экстра, Авгурон-экстра ва Дропп-плюс дефолиантларини самарадорлигини ўрганиш мақсадида дефолиация агротадбири Фурқат тумани фермер хўжаликларига қарашли 168 гектар ғўза майдонида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 08-октябрдаги 05/03-04-615-сон маълумотномаси). Натижада, C-9090 ғўза навида Дропп-плюс дефолиантини 0,150 л/га меъёри қўлланилганда 14 кундан сўнг барглар тўкилиши 97,8% ни, кўсаклар очилиши 88,9% ни, пахта ҳосилдорлиги 36,1 с/га ни, 1-терим салмоғи 94,4% ни ташкил этиб, рентабеллик даражаси 35,5% га тенг бўлган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish