Саъдуллаева Моҳира Собировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
“Ўзбек шеваларида полисемия (ўғуз лаҳжаси мисолида)” 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослигидан. Диссертация рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Fil3302
Диссертация бажарилган муассаса: Навоий давлат университети.
Илмий раҳбар: Аллабердиев Алижон Авезбердиевич, филология фанлари доктори (DSc), доцент.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Жиззах давлат педагогика университети, PhD.03/04.06.2020.Fil.113.02.
Расмий оппонентлар: Абдиев Муродқосим Болбекович филология фанлари доктори, профессор; Ибрагимов Юлдаш Маткаримович филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўғуз шевалари лексикаси ва грамматик кўрсаткичлар бўйича йиғилган барча тил фактларини қиёсий, қиёсий-тарихий таҳлил орқали лексик-семантик жиҳатдан таҳлил қилиш ҳамда ўғуз шеваларининг бошқа ўзбек шеваларга, туркман тили ва унинг лаҳжаларига узвий боғлиқлигини полисемантик хусусиятига кўра тадқиқ этишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўғуз шеваларида қўлланувчи кўп маъноли сўзларнинг генетик жиҳатдан таркиби (қатламлари) аниқланган;
ўғуз шевасига мансуб кўп маъноли лексик бирликларнинг маъно торайиши, маъно кенгайиши, янги маъно касб этиши ҳодисалари ўзбек адабий тилига қиёсланган ҳолда атрофлича очиб берилган;
ўғуз шеваларидаги аффиксал полисемиялар аниқланиб, улар ифодалайдиган маъно қирралари таҳлилга тортилган;
кўп маъноли ўғуз шеваларининг туркман тили ва унинг лаҳжалари, бошқа ўзбек шевалари (қарлуқ ва қипчоқ) даги сўзлардан шаклий, маъновий фарқлари исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек шеваларида полисемия (ўғуз лаҳжаси мисолида) юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
ўғуз шеваларида қўлланувчи кўп маъноли сўзларнинг генетик жиҳатдан таркиби (қатламлари) аниқланганлиги тўғрисидаги хулосалардан 2021-2023-йилларда бажарилган ПЗ-202004165 рақамли: “Умумий ўрта таълимнинг бошланғич синф ўқувчиларида оғзаки ва ёзма нутқий компотенсияларни ривожлантирувчи электрон платформа яратиш” номли амалий лойиҳа яратишда шевага хос сўзларнинг мавзуий кўламига кўра ўзига хос хусусиятларни тасниф қилиш ва ёритишда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 15-апрелдаги № 01/4-1393-сон маълумотномаси)
ўғуз шевасига мансуб кўп маъноли лексик бирликларнинг маъно торайиши, маъно кенгайиши, янги маъно касб этиши ҳодисалари ўзбек адабий тилига қиёсланган ҳолда очиб берилганлиги тўғрисидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида 2021-2023-йилларда бажарилган “Қорақалпоқ оғзаки насри (жанрлар тузилиши, генезеси, образлар тизими, сужет ва мотивлари, поетикаси)” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда диссертация иши натижаларидан фойдаланилган (2025-йил 3-сентябрдаги № 529/1- сон маълумотномаси). Натижада фундаментал тадқиқот лойиҳасини бажаришда шевага хос сўзларнинг мавзувий кўламига кўра ўзига хос хусусиятларни тасниф қилиш ва ёритишда, шунингдек, лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар ҳамда монографиялар илмий савиясини оширишга хизмат қилган.
ўғуз шеваларида аффиксал полисемиялар таҳлилидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Навоий” телеканали ижодкорлари “Ассалом, янги кун”, “Алишер Навоий ва замонамиз”, “Тарихдан сабоқлар”, “Адабиёт ва ҳаёт”, “Мозийга назар” каби кўрсатув ва радиоешиттиришларни тайёрлашда фойдаланилди.
кўп маъноли ўғуз шеваларининг туркман тили ва унинг лаҳжалари, бошқа ўзбек шевалари (қарлуқ ва қипчоқ) даги сўзлардан шаклий, маъновий фарқлари исботланган хулосалардан мазкур кўрсатув ва эшиттиришлар учун тайёрланган ўғуз шевалари лексикасида кўп маъноли сўзларнинг ўзига хос хусусиятлари, халқ тилидан ёзиб олинган луғатлардан кенг фойдаланилган (2025-йил 26-мартдаги № 02-04/36- сон маълумотномаси).