Ганиева Дилнора Умирзаковнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):
«Қудуқлар гуруҳининг ўзаро таъсирланишини бартараф қилиш ва улар ишлашини барқарорлаштириш усулини ишлаб чиқиш», 05.09.04-Сув таъминоти. Канализация. Сув ҳавзаларини муҳофазаловчи қурилиш тизимлари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Т4967
Илмий раҳбар: Гадаев Аброр Ниязович, техника фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий Кенгаш номи: Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.26/26.01.2023.Т.109.03. рақамли Илмий Кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хўжақулов Рустам, техника фанлари доктори, профессор;
Мирзаев Абдиалим, техника фанлари номзоди, досент.
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти
Диссертация йўналиши назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Гуруҳ бўлиб ишлайдиган қудуқларнинг ўзаро таъсирланишини бартараф қилиш ва олдини олиш усулини ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Маҳаллий шароитда қудуқлар гуруҳининг ўзаро таъсирлашув натижасида дебитини пасайиши сабаблари комплекс тизимлаштирилиб улардаги глобал ва маҳаллий иқлим ўзгариши ҳисобига ўзаро таъсирлашув омили ишлаб чиқилди;
Қудуқларнинг ўзаро таъсирлашуви муаммосининг амалий ечими сифатида техник регламентлар ишлаб чиқилди;
Қудуқлар гуруҳи ишлашининг мураккаб гидродинамик ҳолати моделлаштирилиб амалий ечимлар ишлаб чиқилди;
Гуруҳ бўлиб ишлайдиган қудуқларнинг жойлашув ўрни ва муаммоли ҳолатнинг амалий ечими бўйича умумлашган усули ишлаб чиқилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қудуқлар гуруҳининг ўзаро таъсирланишини бартараф қилиш ва улар ишлашини барқарорлаштириш усулини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маҳаллий шароитда ишлайдиган қудуқлар гуруҳининг ўзаро таъсирлашуви натижасида сув сатҳи ва дебитини пасайиши сабаблари комплекс тизимлаштирилиб улардаги глобал ва маҳаллий иқлим ўзгариши ҳисобига ўзаро таъсирлашув омили “Самарқанд сув таъминоти” АЖнинг Даҳбед сув иншоотлари ҳудудида жойлашган 17, 18 ва 19-рақамли қудуқларда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 13-ноябрдаги 24-06/12000-сон маълумотномаси). Натижада, қудуқларни узоқ муддат ишлаши натижасида улардаги дебит ва сатҳ ўзгаришларини келгусида бартараф қилиш таклифи ишлаб чиқилган;
лаборатория ва дасла шароитидаги тадқиқотлар натижаларини ишончлилигини ошириш мақсадида қудуқлар гуруҳи ишлашининг мураккаб гидродинамик ҳолати моделлаштирилиб амалий ечимлари “Қашқадарё сув таъминоти” АЖнинг Китоб тумани ҳудудидаги Шаҳрисабз-Қарши сув иншоотининг “7 эски”, 7янги” ва “7а эски” рақамли қудуқларда жорий этилди (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 13-ноябрдаги 24-06/12000-сон маълумотномаси). Натижада, узоқ муддат ишлайдиган қудуқларда иқлим ўзгариши натижасида ер ости сувлари сатҳи ва захиралари камайиб кетишининг оқибатида беқарор ишлашини олдини олишнинг реал имконияти яратилган;
гуруҳ бўлиб ишлайдиган қудуқлар жойлашув ўрни ва муаммоли ҳолатнинг амалий ечими бўйича умумлашган усули Коммунал лойиҳа илмий-тадқиқот институтида ҳимоя қилинган ва вазирлик маълумотномаси олинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2024-йил 13-ноябрдаги 24-06/12000-сон маълумотномаси). Натижада қудуқлар гуруҳида кутилмаган ўзаро таъсирлашув ва дебит ўзгаришининг олдини олиш орқали қудуқларни барқарор ишлаш даврини узайтириш имконияти яратилган.