Тайлонов Бахтиёр Нумоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Экиш муддатлари ва минерал ўғит меъёрларини қанд лавлагининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири (Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида)”, 06.01.08 – Ўсимликшунослик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.4.PhD/Qx1815
Илмий раҳбар: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Тошкент филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/04.03.2022.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Азизов Бахрам Музапарович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Максадов Хурсанд Эсонович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида қанд лавлагининг мақбул экиш муддатлари ва минерал ўғитларга бўлган талабини ишлаб чиқиш, мазкур омилларни ўсимликни ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсирини аниқлаш ҳамда ишлаб чиқаришга тавсиялар беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
илк бор Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида қанд лавлагидан мўл ва сифатли илдизмева ҳосили олишда мақбул экиш муддати ва минерал ўғит меъёрлари аниқлаб берилган;
қанд лавлаги эрта (25.03-01.04) муддатда экилганда об-ҳаво ва тупроқ ҳароратига боғлиқ равишда уруғлар 11-12 кунда, ўрта (05-10.04) муддатда экилганда 9-10 кунда, кечки (15-20.04) муддатда экилганда эса 8-9 кунда тўлиқ униб чиқиши ва бунда кечки муддатда экилганда эрта муддатга нисбатан 5-6 % га, ўрта муддатда нисбатан эса 8-10 % га жадал униб чиқиши, эрта муддатда экилган қанд лавлагининг ўрта муддатда экилганга нисбатан 0,2-0,4% га, кечки муддатда экилганга нисбатан 0,5-0,8% га кўп нобуд бўлиши, парваришида маъдан ўғитлар меъёри НПК 120:90:60 кг/га.дан НПК 160:120:80 кг/га.га оширилганда кўчатлар сонини 0,1-0,2%, НПК 200:140:100 кг/га.га оширилганда эса 0,2-0,4% кўп сақлаб қолишни таъминлаши аниқланган;
қанд лавлаги 25.03-01.04 муддатда экилганда пишишга қадар амал даври ўртача 166-176 кунни, 05-10.04 муддатида экилганда 160-170 кунни, 15-20.04 муддатида экилганда 157-167 кунни ташкил этиб, бунда кечки муддатда экилганда эрта муддатга нисбатан 8-9 кунга, ўрта муддатга нисбатан 3-4 кунга эрта пишиб етилиши, шунингдек, минерал ўғитларсиз парвариш қилинганда амал даври энг қисқа (157-166 кунни), парваришида минерал ўғитларни НПК 120:90:60 кг/га меъёрда берилиши амал даврини назоратга нисбатан 6-7 кунга, НПК 160:120:80 кг/га меъёрда берилиши 8-9 кунга, НПК 200:140:100 кг/га меъёрда берилиши эса 9-10 кунга узайтириши аниқланган;
уруғ экиш муддатларининг эрта (25.03-01.04) муддатдан 10-20 кунга кечикиб бориши билан қанд лавлаги баргларининг сони, массаси, юзаси ва қуруқ массаси камайиб борганлиги, аммо илдизмева узунлиги, диаметри ва массаси ўрта экиш (05-10.04) муддатида энг юқори бўлганлиги, шунингдек, назорат – ўғициз вариантга нисбатан минерал ўғитлар меъёрининг НПК 120:90:60 кг/га.дан НПК 200:140:100 кг/га.гача оширилиб борилиши билан мазкур кўрсаткичларнинг ҳам ортиб боришига ижобий таъсири асосланган;
Қанд лавлагидан ўрта (05-10.04) муддатда экиб, ўғитларни НПК 160:120:80 кг/га меъёри қўлланилганда энг юқори илдизмева ҳосили (437,3 с/га) олинган ҳолда, 10 кун эрта экилганга нисбатан 7,5-16,8 с/га, 10 кун кеч экилганга нисбатан 18,0-36,5 с/га юқори бўлиши, илдизмевадаги энг юқори шакарлик даражаси (19,7%) 25.03-01.04 муддатида экилиб, ўғитларни НПК 120:90:60 кг/га меъёри қўлланилганда олиниб, бу 05-10.04 муддатида экилганга нисбатан 0,6-0,9% га, 15-20.04 муддатида экилганга нисбатан эса 1,0-1,5% га кўп бўлганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Турли экиш муддатлари ва ва минерал ўғит меъёрларини қанд лавлагининг ўсиши, ривожланиши ва илдизмева ҳосилдорлигига таъсири бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида қанд лавлагидан мўл ва сифатли илдизмева ҳосили олиш мақсадида ишлаб чиқилган мақбул экиш муддатлари ва минерал ўғит меъёри бўйича олинган илмий натижалар асосида «Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида қанд лавлаги етиштириш агротехникаси” номли тавсиянома ишлаб чиқилиб, фермер хўжаликларигаамалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 7-июлдаги №05/06-02-667-сонли маълумотномаси). Ушбу тавсиянома қўлланма сифатида вилоятда қанд лавлаги етиштираётган фермер хўжаликларига хизмат қилмоқда;
Қанд лавлагини 05-10.04 экиш муддатида экиб, гектарига НПК 160:120:80 кг/га меъёрда минерал ўғитлар билан озиқлантириб парвариш қилишга доир берилган тавсияга асосан мазкур етиштириш агротехникаси Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 1,8 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 7-июлдаги №05/06-02-667-сонли маълумотномаси). Натижада, гектаридан 437,3 с/га илдизмева ҳосили олиниб, ишлаб чиқаришда қўлланилиб келинаётган агротехнологияга нисбатан илдизмева ҳосилдорлиги юқори бўлиши таъминланган ва 64,5 % рентабелликка эришилган;
Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида илдизмеванинг шакарлик даражаси юқори бўлиши учун қанд лавлагини 25.03-01.04 муддатида экиб, парваришида минерал ўғитларни НПК 120:90:60 кг/га меъёрда қўллаш технологияси Шаҳрисабз туманида 2,0 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025-йил 7-июлдаги №05/06-02-667-сонли маълумотномаси). Натижада, шакарлик даражаси ишлаб чиқаришда қўлланилиб келинаётган агротехнологияга нисбатан 1,6 фоиз юқори юқори бўлган илдизмева ҳосили етиштирилиб, гектаридан 11,8 млн сўм соф даромад олишга ва 57,1 % рентабелликка эришилган.