Sayt test rejimida ishlamoqda

Нишонов Ўткир Анжибоевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қобирғали пластинка ва сферик қобиқларнинг ночизиқли деформацияланиши», 01.02.04–Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/FM167.

Илмий раҳбар: Халмурадов Рустам Ибрагимович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.30.08.2018.FM/T.02.09.

Расмий оппонентлар: Абдикаримов Рустамхон Алимханович, физика-математика фанлари доктори, доцент; Мамасолиев Қозоқбой, физика-математика фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: турли динамик юкланишлар таъсири остидаги қобирғали доиравий пластинка ва сферик қобиқларнинг  ночизиқли деформацияланиш моделларини такомиллаштириш, тебраниш тенгламаларини сонли ечиш усуллари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

пластинка ва қобиқлар ностационар тебранишлари ва кучланган-деформацияланган ҳолатларига ўзаро таъсирлашувчи кўндаланг кесими ўзгармас қобирғалар кўринишидаги мустаҳкамлаш элементларининг динамик реакциясини аниқлаш усули ва алгоритми ишлаб чиқилган;

деформация ва кўчишлар компонентлари орасидаги геометрик ночизиқли боғланишларни ҳисобга олган ҳолда қобирғали доиравий пластинка ва сферик қобиқларнинг тебраниши тенгламаларини сонли ечиш алгоритми ишлаб чиқилган;

материалнинг эластик-пластик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда қобирғали доиравий пластинка ва сферик қобиқларнинг тебраниши тенгламаларини сонли ечиш дастурий воситаси ишлаб чиқилган;

мустаҳкамлаш қобирғалари, уларнинг жойлашиши ва сонининг дискретлиги таъсирини ҳисобга олган ҳолда ташқи динамик, хусусан пластинка ва қобиқларнинг қобирға билан туташмаган ташқи сиртига таъсир этувчи импульсли, портлашдаги юкланишлар таъсири остидаги доиравий пластинка ва сферик қобиқларни ҳисоблаш алгоритми яратилган;

ташқи ностационар импульсли, оний ўсувчи ва бошқа юкланишлар таъсиридаги мустаҳкамланган қобирғали доиравий пластинка ва сферик қобиқлар кучланган-деформацияланган ҳолатини ҳисоблаш усули ва алгоритми ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Турли хил динамик юкланишлар таъсири остидаги қобирғали пластинка ва қобиқлар ночизиқли деформацияланиши ҳисобининг яратилган дастури натижалари ҳамда ишлаб чиқарилган сонли усуллар ва алгоритмлар бўйича олинган натижалар асосида:

қобиқ ностационар тебранишлари ва кучланган-деформацияланган ҳолатларига ўзаро таъсирлашувчи кўндаланг кесими ўзгармас қобирғалар кўринишидаги мустаҳкамлаш элементларининг динамик реакциясини аниқлаш усули «Мензула тасвир сервис» МЧЖда  бикрлик қобирғалари билан мустаҳкамланган ётиқ сферик қобиқларнинг кучланган-деформацияланган ҳолатини аниқлаш жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Натижада бикрлик қобирғалари билан мустаҳкамланган сферик қобиқнинг деформацияланган ҳолати унинг мумкин бўлган салқинлигини аниқлаш билан бирга баҳоланган ва бу қурилма материал сарфини 15%га камайтириш имконини берган;

ташқи ностационар импульсли юкланишлар таъсиридаги мустаҳкамланган қобирғали сферик қобиқлар динамик деформацияланган ҳолатини ҳисоблаш усули ва алгоритми «Мензула тасвир сервис» МЧЖда бино устки қурилмаси материали мустаҳкамлиги шартининг бажарилишини текшириш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Натижада кучланишлар тўпланган соҳаларини бикрлик қобирғалари билан мустаҳкамлаш усули қурилманинг юк кўтариш имкониятини 10–12%га ошириш имконини берган;

қобирғали доиравий пластинканинг тебраниши тенгламасини сонли ечиш дастурий воситаси «Сармоя қурувчи сервис» МЧЖда амалиёт учун хавфли бўлган, бир ёки иккита халқали қобирғалар билан мустаҳкамланган доиравий пластинка кесимларидаги эгувчи моментлар ва қирқувчи кучлар қийматларини аниқлаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Натижада қобирғаларнинг ўрнатилиши кўрсатилган куч факторларини 40%дан 60%гача камайтириш ва қурилма оғирлигини 15-20%га енгиллаштиришга хизмат қилган;

ташқи динамик, хусусан, пластинканинг қобирға билан туташмаган ташқи сиртига таъсир этувчи импульсли юкланишлар таъсиридаги доиравий пластинка ҳисоби алгоритми «Сармоя қурувчи сервис» МЧЖда материал мустаҳкамлиги шартини текшириш имконини берувчи кучланиш қийматларини аниқлаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 1186/30-01-сон маълумотномаси). Натижада пластинка радиусининг 2/5 ва 3/5 қисми нуқталарида қобирғаларни ўрнатиш материаллар ва меҳнат сарфини қобирғаланмаган пластинкага нисбатан 30%гача иқтисод қилиш ҳамда қобирғаларни оптимал жойлаштириш пластинканинг юк кўтариш қобилиятини 12–15%га ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish