Sayt test rejimida ishlamoqda

Юнусов Абдувохид Гофуровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Автомобиль йўллари қопламаси равонлигини баҳолаш услубини такомиллаштириш», 05.09.02–Асослар, пойдеворлар ва ер ости иншоотлари. Кўприклар ва транспорт тоннеллари. Йўллар, метрополитенлар (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Т828.

Илмий раҳбар: Садиков Ибрагим Салихович,техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, DSc.27.06.2017.Т.09.01.

Расмий оппонентлар: Каюмов Абдубаки Джалилович, техника фанлари доктори, профессор; Саттаров Алишер Абдуваҳобович,техника фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Тошкент архитектура-қурилиш институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: автомобиль йўлларининг функционал аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат комфортабеллигини таъминлаш шароити бўйича йўл қопламасининг равонлигини баҳолаш услубини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ҳаракатланаётган автомобиль вертикал тебранишининг тезланиши маълумотлари асосида йўл қопламаси юзасининг бўйлама профилини ҳисоблаш услуби Ньюмарк бета сонли интеграллаш усули ва Баттерворт фильтри ёрдамида такомиллаштирилган;

автомобиль йўлларини таъмирлаш лойиҳаси босқичида қоплама равонлигини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ечимларини баҳолаш услуби ишлаб чиқилган;

йўл қопламаси равонлигини халқаро равонлик индекси (International Roughness Index IRI) бўйича баҳолашда фойдаланиладиган ўлчаш қурилмаларини тарировка қилиш усули вертикал тезланиш маълумотлари асосида такомиллаштирилган;

автомобиль йўлларининг функционал аҳамияти ва ҳаракат қулайлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган равонлик меъёрлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Йўл қопламалари равонлигини ўлчаш усули ҳамда баҳолаш услуби бўйича олинган натижалар асосида:

ҳаракатланаётган автомобиль вертикал тебранишининг тезланиши маълумотлари асосида йўл қопламаси юзасининг бўйлама профилини ҳисоблаш услуби, автомобиль йўлларини таъмирлаш лойиҳаси босқичида қоплама равонлигини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ечимларини баҳолаш услуби Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитасига қарашли “Йўл лойиҳа экспертиза” унитар корхонаси фаолиятида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 03/4538-4748-сон маълумотномаси). Натижада автомобиль йўлларини таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиш даврида йўл қопламаси равонлигини халқаро равонлик индекси бўйича баҳолаш орқали транспорт харажатларини 25-40%гача камайтиришга эришилган;

йўл қопламаси равонлигини халқаро равонлик индекси (International Roughness Index IRI) бўйича баҳолашда фойдаланиладиган ўлчаш қурилмаларини тарировка қилишнинг вертикал тезланиш маълумотлари асосида такомиллаштирилган усули Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги Жиззах вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси балансидаги автомобиль йўлларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 03/4538-4748-сон маълумотномаси). Натижада автомобиль йўлларни қабул қилишда фойдаланиладиган равонликни ўлчаш қурилмаларининг аниқлиги ва иш унумдорлигини ошириш ҳамда йўлларни ҳалқаро стандартлар асосида баҳолаш имкони яратилган;

автомобиль йўлларининг функционал аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қулайлигини таъминлаш шароити бўйича йўл қопламасининг равонлигини баҳолаш услубини такомиллаштиришдаги тадқиқот натижалари ШНҚ 2.05.02-07 рақамли «Автомобиль йўлларини лойиҳалаш» ва ШНҚ 3.06.03-08 рақамли «Автомобиль йўлларини қуриш» бўйича меъёрий ҳужжатларга киритилган (Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 03/4538-4748-сон маълумотномаси). Натижада автомобиль йўлларини лойиҳалаш даврида  юқори даражадаги равонликни таъминланиши ҳисобига лойиҳалаш ва қурилиш сифатини ошириш имконини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish