Эгамбердиев Абдуваҳоб Абдурасул ўғлининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркистон матбуоти Шарқ мамлакатлари халқаро муносабатларида ахборот-мафкуравий восита сифатида (1870-1917 йй.)”, 07.00.05 – Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат тарихи. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Tar813
Илмий раҳбар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлар доктори, 
профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/31/01/2024/Tar.21.03  Расмий оппонентлар: 
Дониёров Алишер Худайбердиевич, тарих фанлар доктори, профессор.
Абдимўминов Ойбек Бектемирович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Туркистон даврий матбуотида ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида Шарқ мамлакатларининг халқаро муносабатлари, ташқи сиёсати ва улар билан боғлиқ бўлган геосиёсий воқеаларнинг қандай ёритилганини таҳлил қилиш, матбуот орқали минтақавий ва глобал сиёсий жараёнларнинг талқинини аниқлаш ҳамда бу жараёнларнинг Туркистон жамиятидаги сиёсий онг ва ташқи сиёсий дунёқарашнинг шаклланишига таъсирини очиб бериш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
1870–1917-йиллар оралиғида чоп этилқан рус ва ўзбек тилидаги Туркистон газеталарининг Шарқ мамлакатлари – Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, Хитой, Усмонийлар империяси ҳақидаги хабар ва таҳлилий материаллари илк бор халқаро муносабатларда контекстида комплекс ўрганилиши натижасида матбуотнинг минтақада фақат маҳаллий маълумот етказувчи эмас, балки давлатлараро алоқаларда ахборот-мафкуравий восита сифатидаги роли илмий асосда далилланган.
Туркистон даврий матбуотида империялараро ахборот рақобатини ўрганиш асносида Россия ва Буюк Британия ўртасидаги “Катта ўйин” сиёсати доирасида Шарқ мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги хабарларнинг империялар стратегик манфаатларига мослаштирилиши ҳамда ушбу рақобат шароитида маҳаллий жамоатчилик сиёсий тафаккурини шакллантиришда расмий ва миллий матбуот ўртасидаги фарқлар илмий асосланган.
Трансмиллий ахборот алмашинуви механизмининг шаклланиши ва ривожланиш жараёни тадқиқи натижасида Туркистон даврий матбуотининг инглиз, рус, немис ва бошқа хорижий нашрлар билан ўзаро мулоқоти ўша давр учун янгича ҳодиса бўлган таржима, иқтибос келтириш ва турли манбалар асосида хабар алмашиш амалиёти йўлга қўйилгани, ҳамда мазкур жараён моҳиятан миллий чегараларни кесиб ўтувчи ахборот оқимини таъминлагани илмий асосда далилланган.
Туркистон жамиятида халқаро сиёсий онгнинг босқичма-босқич шаклланиши ва эволюцияси жараёни таҳлили натижасида даврий матбуот саҳифаларида Шарқ мамлакатларидаги миллий озодлик ҳаракатлари, диний бағрикенглик ва халқаро иқтисодий алоқалар ҳақидаги хабарлар мунтазам ёритилгани аниқланган ҳамда ушбу материалларнинг маҳаллий ўқувчиларни жаҳондаги сиёсий воқеаларидан хабардор этиш, уларнинг ушбу ҳодисаларга муносабатини шакллантириш ва миллий ўзликни англаш жараёнида муҳим омил бўлганлиги илмий жиҳатдан исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Туркистон матбуоти орқали маҳаллий аҳоли Шарқдаги мустақиллик жараёнлари, сиёсий ўзгаришлар ва миллий ҳаракатлар ҳақида маълумот олиб турган. Бу эса сиёсий онгнинг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатиб, ўлкадаги миллий уйғониш жараёнини тезлаштирган. Шунга асосланиб, илмий хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилган:
Диссертацийада коърсатилган Эрон, Афғонистон, Туркия каби давлатларга нисбатан муносабат Россиянинг ташқи сиёсий йўналишларига боғлиқ ҳолда турлича акс этганлиги борасидаги тадқиқот натижалари ва хулосаларидан Ўзбекистон Республикакси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва хорижий мамлакатлардаги, хусусан, Эрондаги турдош илмий марказлар ва нуфузли университетлар билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда амалий жиҳатдан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикакси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2025-йил 17-сентябрдаги 02/436-сонли далолатномаси). Натижада диссертацийада билдирилган илмий хулосалар ва таклифлар соҳага оид ахборот-таҳлилий базани такомиллаштиришга ва амалда қоъллашга хизмат қилган.
Туркистон матбуоти Шарқдаги мустақиллик ҳаракатлари, сиёсий ўзгаришлар ва миллий озодлик курашлари ҳақида мунтазам маълумот бериб, ўлкада яшовчи маҳаллий аҳолининг сиёсий тафаккурини шакллантириш ва кенгайтиришга хизмат қилган. Натижада, матбуот нафақат ахборот тарқатувчи восита, балки сиёсий онгни ривожлантирувчи, миллий ўзликни англаш жараёнини жадаллаштирувчи муҳим омил сифатида майдонга чиққан. 
Мазкур илмий изланишлар Ўзбекистон либерал-демократик партияси фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, мамлакатда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, давлат бошқарув органлари фаолиятида инсон манфаатларини устувор йўналиш сифатида қарор топтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилган. (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг 2025-йил 17-сентябрдаги 01-27/393-сонли маълумотномаси).
Тадқиқотда Туркистон даврий матбуотининг хорижий нашрлар билан ахборот алмашинуви – таржима, иқтибос ва манбалар асосидаги мулоқоти – ўша давр учун янгича трансмиллий журналистика тажрибаси сифатида илмий асосда таҳлил қилинган. Бу жараён миллий чегараларни кесиб ўтувчи ахборот оқимини юзага келтиргани кўрсатиб берилган. Шунингдек, матбуот орқали халқаро сиёсий онгнинг шаклланиши, Шарқдаги озодлик ҳаракатлари, диний бағрикенглик ва иқтисодий алоқалар ҳақидаги хабарлар маҳаллий ўқувчиларнинг дунёқараши ва миллий ўзлигини англашида муҳим рол ўйнагани илмий асосланган.
Тадқиқот натижаларидан ТДШУда нашр “Шарқ мамлакатлари ривожланиш тарихининг тизимли таҳлили” дарслигининг “Ҳиндистон сивилизацион ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари”, “Эроннинг ижтимоий-сиёсий ривожланиши хусусиятлари”, “Туркиядаги сиёсий модернизациянинг таҳлили”, “Афғонистон муаммосининг генезиси ва эволюсияси” ҳамда “Хитой ривожланиш моделининг ўзига хос жиҳатлари” мавзуларини шакллантиришда фойдаланилган (Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2025-йил 23-сентябрдаги 03-03-02/2411-сонли маълумотномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish