Sayt test rejimida ishlamoqda

Икрамова Нодира Анваровнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда сурункали HBV-инфекция кечишида яллиғланиш анемиясининг патогенетик аҳамияти ва ташхислашни такомиллаштириш», 14.00.09–Педиатрия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Tib341.

Илмий раҳбар: Иноятова Флора Ильясовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc.27.06.2017.Tib.29.01.

Расмий оппонентлар: Умарназарова Зульхумар Ерназаровна, тиббиёт фанлари доктори; Хайбуллина Зарина Руслановна, тиббиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясининг диагностик информатив мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда патогенетик схемасини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясининг юқори частотаси 94,6% да аниқланган ҳамда рефрактер вариантларининг (60,7%) касаллик кечишига салбий таъсир кўрсатиши ва жигардаги патологик жараённинг жадаллашувини (49,4%) келтириб чиқиши исботланган;

сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясининг касалликнинг эрта босқичида «ҳақиқий» темир танқислиги ривожланиши билан норефрактер анемия кўриниши ривожланиб бориши; касаллик давомийлиги ошиши ва патологик жараён чуқурлашиши билан жигарда темирнинг қайта тақсимловчи танқислиги ривожланиши билан анемиянинг рефрактер варианти келиб чиқиш механизмлари аниқланган;

сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемияси кечиш вариантлари ривожланишида касаллик давомийлиги ҳамда жигарда патологик жараён фаоллигига боғлиқ бўлган гепсидин-25 пептидининг патогенетик аҳамияти аниқланган;

трансферриннинг тўйиниш коэффициентини ҳисоблаш яллиғланиш анемиясининг кечиш вариантларини қиёсий ташхислашдаги диагностик аҳамияти аниқланган;

яллиғланиш анемиясининг ривожланиши касалликнинг клиник-биокимёвий синдромлари ҳамда HBV фаоллигини узайтиришга олиб келиши, патогенетик жиҳатдан ушбу ўзгаришлар HBV антиген бошлаган патологик стресс-реакцияларни акс эттириши, натижада иккита параллел ўзаро оғирлаштирувчи жараёнлар ривожланишини белгиловчи механизмлар шаклланиши исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясини ташхислашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Сурункали вирусли гепатит билан оғриган болаларда яллиғланиш анемиясини қиёсий ташхислаш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№IAP 05450, 2017 йил). Диагностиканинг бу усули сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясининг рефрактер ва норефрактер вариантларини аниқлаш имконини яратган;

сурункали вирусли гепатит билан оғриган болаларда яллиғланиш анемиясини қиёсий ташхислаш дастури асосини ташкил этувчи касаллик патогенези ва алгоритми схемаси ишлаб чиқилган ва амалий соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ этилган ҳамда «Сурункали вирусли жигар патологияси билан оғриган болаларда яллиғланиш анемясини ташхислаш ва даволашга ёндашувлар» услубий тавсияномасига киритилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 3 апрелдаги 8н-д/436-сон маълумотномаси). Ушбу Дастурнинг татбиқ этилиши сурункали HBV-инфекцияли болаларда яллиғланиш анемиясини ташхислаш сифатини 30%га яхшилаш; асоратлар учрашини хамда касалликнинг жадаллашган шакли ривожланишини 24,6% га камайтириш имконини берган;

сурункали вирусли гепатит билан оғриган болаларда яллиғланиш анемиясини қиёсий ташхислаш чора-тадбирлари бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Қибрай туман тиббиёт бирлашмасига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 27 декабрдаги 8н-з/249-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқотларнинг амалиётга жорий қилиниши иқтисодий самарадорликка олиб келган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish