Кулиева Дилафруз Раджабовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Махсус кийимларни лойиҳалашда, уларнинг эксплуатацион кўрсаткичларини такомиллаштириш мақсадида базалт толали газламалардан фойдаланиш”, 05.06.04 – Тикувчилик маҳсулотлари технологияси ва костюм дизайни.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/Т4928.
Илмий раҳбар: Авезов Мавлонжон Фазлиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат техника университети, PhD.03/29.10.2021.Т.101.03
Расмий оппонентлар: Муминова Умида Тухтасиновна, техника фанлари доктори, профессор; Асадова Ситора Садуллаевна, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент;
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади махсус кийимнинг эксплуатацион кўрсаткичларини такомиллаштириш мақсадида базалт толали матодан фойдаланишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
махсус кийимда илк бор базалт толали газламаларни қоʻллаш мақсадида, елимли эмулсия билан ишлов бериш усулини қўллаш орқали тикиш имкониятлари кенгайтирилган ва махсус кийимга қўйилган эксплуатацион талаблар асосида шакллантирилган.
илк бор базалт толали газламанинг ипли структурасига кучланишли деформасия таъсир даражасини аниқлаш асосида уларнинг тикиш усуллари такомиллаштирилган ва махсус танланган тикув чокининг мустаҳкамлиги назарий асосланган ҳамда экспериментал исботланган;
махсус кийимнинг асосий функсионал қисмларида қўлланилган базалт толали газламанинг ситилувчанлигини камайтиришга елимли эмулсия консентрацияси, қуритиш давомийлиги, қуритиш температураси ва тикув чокининг мустаҳкамлигини оширишга бахя узунлиги, эмулсия миқдори ва ипнинг чизиқли зичлиги каби таъсир этувчи омилларнинг мақбул қийматлари аниқланган.
махсус кийимда шим оғ қирқими параметрининг базалт толали газламанинг ситилувчанлик хусусиятларига боғлиқлигидан келиб чиққан ҳолда, оғ қирқими ўлчамининг узайтирилган оптимал қиймати тавсия этилган ва махсус кийимнинг такомиллашган конструксияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Пайвандчилар учун базалт толали мато қўлланилган махсус кийимни ишлаб чиқаришга ёналтирилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
таклиф этилаётган махсус кийимга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг саноат намунасига патент олинган (“Қурилиш-монтаж, электр ва газпайвандлаш соҳалари ишчилари учун базалт толали матодан махсус кийим комплекти”, № САП 02496). Натижада пайвандчилар учун базалт толали мато қўлланилган оловбардош хусусиятли махсус кийимининг замонавий моделлари ва рационал конструксиясини ишлаб чиқиш, ҳамда эксплуатациялаш пайтида пайвандчилар ҳаракатлари эркинлигини таъминланиш имконияти яратилган;
таклиф этилаётган пайвандчилар учун махсус кийим янги комплектлари ва уларнинг конструкторлик-техник ҳужжатлари пакети “Ўзтўқимачиликсаноат” Уюшмаси таркибидаги корхоналарда, жумладан, “Шарқ текс люкс” МЧЖ (Бухоро вилояти), “Ғайрат Чодак” МЧЖ (Бухоро вилояти) ҳамда “Бухоро Саркор қурилиш плус” МЧЖ (Бухоро вилояти) корхоналарида жорий қилинган. («Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг 2024 йил 7 августдаги 03/25-2010-сонли маълумотномаси). Натижада пайвандчилар учун оловбардош хусусиятли махсус кийимни ишлаб чиқиш асосида меҳнат унумдорлиги 12,55 % ва эксплуатацион кўрсаткичлари такомиллашган махсус кийимни ишлаб чиқиш асосида электр ва газпайвандлаш соҳалари ишчиларига қулай, комфорт ва арзон махсус кийим билан таминлашга имкон яратилган.