Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахматов Орифжоннинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Узум меваларини қуритиш ва тозалаш технологиялари ва техник воситаларини такомиллаштириш», 05.07.01 – «Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларни механизациялаш» (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/Т.95.

Илмий маслаҳатчи: Нуриев Карим Катибович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтути, DSс.27.06.2017.Т.10.01.

Расмий оппонентлар: Шаймарданов Бахтиёр Пардаевич, техника фанлари доктори, профессор; Баракаев Нусратилло Ражабович, техника фанлари доктори, профессор; Имомов Шавкат Жахонович, техника фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: «BMKB-Agromash» АЖ.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қуритилган узумни етиштирилган жойида ишлаб чиқаришни таъминлайдиган янги технологияларни ва механизациялашган техник воситаларни ишлаб чиқиш билан узумни қайта ишлаш тизимини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

узумни қуритиш технологик жараёнлари учун такомиллаштирилган конструкциядаги техник воситалардан иборат технологик линия ишлаб чиқилган;

узумга роторли бланширлагичда гидродинамик усул билан ишлов бериш учун иссиқлик манбаининг қувватини мақбул қиймати унинг айланишлар сони ва хочсимон ротор диаметрини ҳисобга олган ҳолда аниқланган;

узум қуритишда иссиқлик узатишнинг комбинациялашган усулини амалга оширадиган такомиллаштирилган қуриткичнинг конструкцияси ишлаб чиқилган;

такомиллаштирилган қуритиш қурилмасида узумни қуритишда  иссиқликни дифференциялаб узатиш режими қурилманинг иш режимини осцилляциялаш орқали асосланган;

узумни қуритиш технологик жараёнларида қўлланиладиган қуритилган узумни шингиллардан ажратувчи қурилмани конструктив схемаси ишлаб чиқилган;

барабанли дисмембратор туридаги шохажраткичнинг технологик жараёнлари режимларини аналитик ифодалайдиган графо-аналитик ва конструктив-режимли ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;

узумни бланширлаш, қуритиш ҳамда шохларини ажратиш қурилмаларининг мақбул параметрлари уларнинг иш жараёнини белгиловчи регрессия тенгламаларини ечиш орқали аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Узум меваларини қуритиш ва тозалаш учун технологиялар ва техник воситаларни такомиллаштириш бўйича ўтказилган тадқиқотларда олинган натижалар асосида:

узумни қуритиш жараёнида қуритилган узум доналарини шингиллардан ажратиш қурилмасига Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган («Узум доналарини шингиллардан ажратиш қурилмаси», №IAP 02752-2005 й.). Натижада такомиллаштирилган штифтли ишчи органни шохажраткич қурилмасига жойлаштириш орқали унинг янги конструктив схемасини ишлаб чиқиш имкони яратилган;

узумни қуритишда технологик жараёнларни бажарилишини таъминлайдиган такомиллаштирилган техник воситалар «Автоматика» ва «Vitask» ХФда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-40-сон маълумотномаси). Натижада маҳсулотни қуритиш учун бланширлагич, қуёш-ёнилғили қуритгич ва шохажраткич қурилмаларнинг такомиллаштирилган конструкцияларини ишлаб чиқиш имкони яратилган;

узумни қуритиш технологик жараёнларини амалга оширишда қўлланиладиган такомиллаштирилган бланширлаш, қуритиш ва шохажратиш қурилмаларини ўзлаштириш учун лойиҳа конструкторлик ҳужжатлари (техникавий шартлар ва чизмалар) ва ҳисоблаш усуллари «Техэкспромт» экспериментал конструкторлик бюроси МЧЖда лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-40-сон маълумотномаси). Натижада бланширлагич, қуёш-ёнилғили қуритгич ва шохажраткич қурилмаларини ишлаб чиқариш имкони яратилган;

узум ҳосилидан кишмиш ишлаб чиқариш учун такомиллаштирилган технологиялар ва техник воситалар Самарқанд вилояти Оқдарё тумани,  Сирдарё вилояти Ховос туман, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-40-сон маълумотномаси). Натижада нам-иссиқлик роторли бланширлагичдан ташкил топган техник воситаларни қўллаш ҳисобига иссиқликдан фойдаланиш самарадорлигини 14 фоизга ошириш ва энергия сарфини 27-28 фоизга камайтиришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish