Норқулов Нурзод Саидмуродовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Умумий ўрта таълим мактабларида мумтоз наср намуналарини ўқитиш методикасини такомиллаштириш”, 13.00.02–Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (ўзбек адабиёти) (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.1.PhD/Ped4522.
Илмий раҳбар: Абдуллаева Марғуба Дусмиратовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат оʻзбек тили ва адабиёти университетида.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 (бир марталик илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: Қодиров Валижон Абдураҳмонович, педагогика фанлари доктори, профессор; Юсуфжонова Назокат Ниғмаджоновна, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, (PhD).
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: мумтоз наср намуналарининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, образлар тизими ва уларнинг таълимий-тарбиявий функсияларини таҳлил этиш баробарида, ўқитиш жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи амалий-методик ҳамда технологик ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
умумтаълим мактабларида мумтоз насрий асарларни ўқитиш муаммолари ва сабаб бўлаётган омиллар аниқланиб, ҳар бир муаммога аниқ методик тавсиялар ишлаб чиқилган;
адабий таълимда мумтоз насрий асарларни ўқитишда шарқона ўқитиш усуллари, хусусан, “илми шарҳ”, “илми таҳлил”, “илми саное”, “илми ғариба” кабиларнинг алоҳида аҳамият касб этиши илмий-методик жиҳатдан далилланган ва ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига эътибор қаратилиб, тасаввуф таълимоти тўғрисида илк тушунчаларни мактабда бериш, сўфиёна руҳдаги битикларни ўргатишни осонлаштириш орқали мумтоз насрий асарларни ўқитиш самарадорлигини ошириш тизими такомиллаштирилган;
мумтоз насрий асарлар матни устида ишлашда “мумтоз матн билан ишлаш алгоритми” ишлаб чиқилиб, мумтоз матнни тушуниш техникаси ва тактикасини эгаллашнинг методик тизими яратилган ва амалдаги адабиёт дарслигидан ўрин олган мумтоз насрий асарлар матни юзасидан тузилган савол ва топшириқлар таҳлил қилиниб, мумтоз матнни янада яхшироқ ва осонроқ тушунишлари учун савол ва топшириқлар такомиллаштирилган;
мумтоз насрий асарларни ўқитишда ўқувчининг мавзудан зерикишини олдини олувчи “Ўқувчи паспорти” технологияси ва “Махфий ахборот” замонавий методи “Қисаси Рабғузий” асари ва Хожа ҳикоятларини ўқитишда илк бор татбиқ этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Умумий ўрта таълим мактабларида мумтоз наср намуналарини ўқитишни такомиллаштиришга оид тадқиқот натижалари асосида:
мумтоз насрий асарлар матни устида ишлашда “мумтоз матн билан ишлаш алгоритми” ишлаб чиқилган ҳамда мумтоз матнни тушуниш техникаси ва тактикасини эгаллашнинг методик тизимини яратишга оид хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020-2023-йилларда бажарилган АМ-ФЗ- 201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли лойиҳада фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 15-апрелдаги 01/4-1408-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз матнни янада яхшироқ ва осонроқ тушунишларига эришилган ҳамда мумтоз матнлар устида ишлаш, мумтоз насрий асарларни бадиий жиҳатдан таҳлил қилиш компетенсиясини такомиллаштиришга хизмат қилган;
умумтаълим мактабларида мумтоз насрий асарларни ўқитиш муаммолари ва сабаб бўлаётган омиллар, ҳар бир муаммога аниқ методик тавсиялар ишлаб чиқилгани, мумтоз насрий асарларни ўқитиш методикасини такомиллаштириш, мумтоз насрий асар матни устида ишлаш, танқидий-ижодий савол топшириқлар тузиш, фанлараро алоқадорлик, мавзулараро интеграция, мустақил таълимни ташкил этиш, мутолаага қизиқтириш, синфдан ташқари ўқиш учун асарлар тавсия қилиш ва улар учун тузилган топшириқлар мазмунини такомиллаштиришга оид илмий-методик хулосаларидан Ижод мактабларининг 9-синф “Адабиёт” дарслиги, 10-синф “Адабиёт” дарслигини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг 2025-йил 21-апрелдаги, 03-12-975-сон маълумотномаси). Натижада Ижод мактаблари учун яратилган “Адабиёт” дарсликларида мумтоз асарларни ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига мос танлаб бериш, шу асосда савол-топшириқларни ишлаб чиқиш самарадорлигига эришилган.
адабий таълимда мумтоз насрий асарларни ўқитишда шарқона ўқитиш усуллари, хусусан, “илми шарҳ”, “илми таҳлил”, “илми саное”, “илми ғариба” кабиларнинг алоҳида аҳамият касб этиши илмий-методик жиҳатдан далилланган ва ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига эътибор қаратилиб, тасаввуф таълимоти тўғрисида илк тушунчаларни мактабда бериш, сўфиёна руҳдаги битикларни ўргатишни осонлаштириш орқали мумтоз насрий асарларни ўқитиш самарадорлигини оширишга оид хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” номли лойиҳада фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 28-апрелдаги 01/4-1686-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз матнни фанлараро интеграция орқали янада яхшироқ ва осонроқ тушунишларига эришилган ҳамда мумтоз матнлар устида ишлаш, мумтоз насрий асарларни бадиий жиҳатдан таҳлил қилиш компетенсиясини такомиллаштиришга хизмат қилган.
мумтоз насрий асарларни ўқитишда ўқувчининг мавзудан зерикишини олдини олувчи “Ўқувчи паспорти” технологияси ва “Махфий ахборот” замонавий методи “Қисаси Рабғузий” асари ва Хожа ҳикоятларини ўқитишга доир илмий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон тарихи” телеканали, ҳамда “Ассалом Ўзбекистон” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон телерадиоканали давлат муассасасининг 2024-йил 17-декабрдаги 06-28-647-сонли маълумотномаси). Натижада томошабин ёшларда маънавий-ахлоқий фазилатлар шаклланишига эришилган ҳамда кўрсатувлар учун тайёрланган илмий-оммабоп материалларнинг мазмун жиҳатидан мукаммаллашуви таъминланган.