Джураев Пахлавонжон Усаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Давлат қарзини бошқариш механизмини такомиллаштириш”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.PhD/Iqt5007.
Илмий раҳбар: Рустамов Даврон Рустамович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Раззоқов Жасур Ҳамробаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент шаҳри филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: давлат қарзини бошқариш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чикишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
кафолат жамғармаси маблағларини пассив ҳолатдан фаол инвестиция инструмент сифатида фойдаланиш мақсадида бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга йўналтириш ва юқори ликвидлик қимматли қоғозларга инвестиция қилишга доир таклифи асосланган;
давлат қарзларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қарзларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини тақдим этиш амалиётини бекор қилиш тартиби жорий этилган;
давлат кафолатларини тақдим этиш натижасида юзага келадиган тўлов рискларини камайтириш мақсадида давлат кафолатларининг иқтисодий нархини белгиловчи ва бюджет рискини пасайтирувчи компенсацион тўлов механизми (“тақдирлаш пули”)ни жорий этиш таклифи асосланган;
ташқи қарз шартномаларининг тизимли таҳлили ва шаффофлигини оширишга қаратилган “Ташқи қарз битимларини иловавий аудитлаш” модели асосида қарорлар қабул қилишга доир таклифи асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот натижасида диссертант давлат қарзини самарали бошқариш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий натижалар асосида:
Кафолат жамғармаси маблағларини пассив ҳолатдан фаол инвестициявий инструмент сифатида фойдаланиш мақсадида жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга йўналтириш ва юқори ликвидлик қимматли қоғозларга инвестиция қилишга доир таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сон сонли Қарори асосида ишлаб чиқилган Низомда фойдаланилган (Оʻзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 18-июлдаги № 04/45-6-15662-сонли маʼлумотномаси). Таклиф асосида давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси маблағларини шакллантиришда жамғарманинг вақтинча бўш турган миллий ва чет эл валютасидаги маблағларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига белгиланган тартибда депозитга жойлаштиришдан ҳамда юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция қилишдан олинадиган даромадлардан фойдаланиш тартиби жорий этилди. Бу орқали жамғарма маблағларининг даромадлилиги таъминланади, натижада давлат томонидан қарзга хизмат кўрсатиш учун ажратиладиган бюджет маблағларига бўлган эҳтиёжни 10-12 фоизгача қисқартиришга эришилди.
Давлат қарзларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қарзларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш мақсадида давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини тақдим этиш амалиётини бекор қилишга доир таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарори асосида ишлаб чиқилган 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Оʻзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 18-июлдаги № 04/45-6-15662-сонли маʼлумотномаси). Мазкур, таклифни амалиётга жорий этиш натижасида давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини тақдим этиш амалиётини бекор қилиш (стратегик муҳим бўлган инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар бундан мустасно) тартиби жорий этилди.
Давлат кафолатларини тақдим этиш натижасида юзага келадиган тўлов рискларини камайтириш мақсадида давлат кафолатларининг иқтисодий нархини белгиловчи ва бюджет рискини пасайтирувчи компенсацион тўлов механизмини такомиллаштиришга доир таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 29 апрелдаги “Давлат қарзи тўғрисида”ги ЎРҚ-836-сон Қонунида ўз аксини топган (Оʻзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 18-июлдаги № 04/45-6-15662-сонли маʼлумотномаси). Мазкур таклиф натижасида давлат кафолатлари бўйича юзага келадиган бюджет юкини камайтириш, фискал барқарорликни таъминлаш ва кафолат фойдаланувчилари масъулиятини ошириш мақсадида “тақдирлаш пули” тушунчаси иқтисодий-молиявий категория сифатида илмий асосланди. Унга кўра, давлат кафолати берилган ҳар бир кредит учун кафолатланган қарздор кунлик қолдиғига нисбатан 0,5% йиллик ставкада тўлов ҳисобланади ва белгиланган тартибда давлат бюджетига ўтказиш тартиби амалиётга жорий этилди.
Ташқи қарз шартномаларининг тизимли таҳлили ва шаффофлигини оширишга қаратилган “Ташқи қарз битимларини иловавий аудитлаш” модели орқали қарорлар қабул қилиш механизмини такомиллаштириш мақсадида фискал хатарни олдиндан баҳолаш консепсиясини ишлаб чиқишга доир таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 29 апрелдаги “Давлат қарзи тўғрисида”ги ЎРҚ-836-сон Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 мартдаги 107-сон сонли Қарорида “Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи қарзларни жалб қилиш корхонанинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасини аниқлаш ва ушбу корхоналар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар” бўйича белгиланган талаблари асосида шакллантирилган (Оʻзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 18-июлдаги № 04/45-6-15662-сонли маʼлумотномаси). Мазкур таклиф асосида, ташқи қарз шартномаларининг техник-иқтисодий асослари ва хатарларини ҳужжат тайёрлаш босқичидаёқ баҳолашга асосланган “иловавий аудитлаш” модели ишлаб чиқилди. Бу моделда лойиҳани молиялаштириш схемаси, қарз юки бўйича прогноз, қайтариш манбалари ва тўловларга таъсир қилувчи валюта хатарлари олдиндан ҳисобланиб, тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланиши шарт қилиб қўйилди.