Тўйчиев Дилмурод Бахтиёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болалар кардиожарроҳлигида операциядан кейинги седация ва оғриқсизлантиришни оптималлаштириш» 14.00.37 – Анестезиология ва реаниматология (тиббиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В 2023.3. (PhD) /Tib3963.
Илмий рахбар: Сатвалдиева Элмира Абдусаматовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Болалар миллий тиббиёт маркази, DSc.04/01.02.2022.Tib.147.01.
Расмий оппонентлар: Атаханов Шухрат Эргашевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Александрович Юрий Станиславович, тиббиёт фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: болалар кардиожарроҳлигида операциядан сўнг туғма юрак нуқсонлари бўлган ёш болаларда дексмедетомидинни парацетамол билан вена ичига юбориш орқали аналгоседация сифатини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор сунъий қон айланиш остида туғма юрак нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволангандан сўнг кичик ёшли болаларда операциядан кейинги аналгоседациянинг опиоид бўлмаган усулини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган.
трахеяни экстубация қилишдан олдин опиоид бўлмаган аналгетик парацетамолни қўллаш беморни етарли даражада оғриқсизлантириш билан таъминлаши исботланган. 
сунъий қон айлантириш остида туғма юрак нуқсонлари бўйича операция қилинган ёш болаларда операциядан кейинги мултимодал аналгезия схемасида оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи воситаларни биргаликда қўллаш самарадорлиги исботланган.
кардиожарроҳлик беморларида операциядан кейинги асоратларни камайтиришда биз таклиф қилган схема бўйича мултимодал оғриқни йўқотишнинг самарали комбинацияси, оғриқ шкаласи ва седатив воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Болалар кардиожаррохлигида олиб борилган илмий изланишлар натижалари олинган хулосалар асосида Тошкент педиатрия тиббиёт институти илмий кенгаши томонидан 01.06.2024 йилдаги №-12 сон “Болалар кардиохирургиясида операциядан кейинги оғриқсизлантириш ва седация” мавзусидаги услубий тавсияномаси тасдиқланган. Мазкур услубий тавсиянома болалар кардиожаррохлигида операциядан кейинги анальгезия ва седацияни оптималлаштириў имконини берган:
биринчи илмий янгилик: илк бор сунъий қон айланиш остида туғма юрак нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволангандан сўнг кичик ёшли болаларда операциядан кейинги аналгоседациянинг опиоид бўлмаган усулини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган. Операциядан кейинги оғриқни йўқотиш учун мултимодал опиоид бўлмаган ёндашувни қўллаш фақат морфинни қўллаш билан солиштирганда оғриқ синдромининг интенсивлигини ва яллиғланиш реакциясини сезиларли даражада камайтирган ва дексмедетомидинни киритиш стресс ва метаболик реакцияларнинг ривожланишини ишончли тарзда олдини олган. Бу опиоид аналгезияга нисбатан янги техниканинг самарадорлиги ва хавфсизлигини исботлаган. Тадқиқотнинг ижтимоий самарадорлиги: Мултимодал аналгоседациянинг опиоид бўлмаган усули сунъий қон айланиш остида туғма юрак нуқсонларини жарроҳлик йўли билан тузатишдан сўнг кичик беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаган, эрта реабилитацияга ёрдам берган, асоратлар ва ўлимни камайтирган; иқтисодий самарадорлиги: Операциядан кейинги эрта даврда дексмедетомидин ва парацетамол билан мултимодал аналгоседациянинг опиоид бўлмаган усули беморларнинг интенсив терапия бўлимида бўлиш муддатини қисқартирган, касалхонада даволаниш муддатини умумий сонини ўртача 3,0 кунга қисқартирган. Иқтисодий самарадорлик ҳар бир беморга 480,6 минг сўмни ташкил этган, чунки 1-гуруҳдаги болалар ўртача 6 ўрин, яъни 552,6 минг сўм (кунига 92,3 минг), 2-гуруҳда эса 9 ўрин, яъни 828,9 минг сўмни ташкил этган. Ушбу усул анъанавий опиоид аналгезияга нисбатан касалхонада қолиш муддатини 1,5 баравар қисқартирган. 
иккинчи илмий янгилик: трахеяни экстубация қилишдан олдин опиоид бўлмаган аналгетик парацетамолни қўллаш беморни етарли даражада оғриқсизлантириш билан таъминлаши исботланган.  Ёш болаларда сунъий қон айланиш остида туғма юрак нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволанишдан кейинги биринчи кунида парацетамол ва дексмедетомидинга асосланган тавсия этилган мултимодал оғриқни йўқотиш схемасининг етарли даражада опиоидни сақловчи таъсири аниқланган. Ёш болаларда очиқ юрак жарроҳлигидан сўнг янги техникани қўллаш юрак-қон томир ва нафас олиш тизимларига салбий таъсир кўрсатмасдан, операциядан кейинги оғриқни назорат қилиш ва сифатини яхшилаган, нохуш ҳодисаларни 2,1 баробарга камайтирган ва моноопиоид аналгезияга нисбатан тез реабилитацияга ёрдам берган. Тадқиқотнинг ижтимоий самарадорлиги: Мултимодал аналгоседациянинг янги усули боланинг танасига умумий фармакологик ва опиоид юкини камайтирган, кирувчи асоратлар хавфини камайтирган ва операциядан кейинги тикланишнинг тезлашишига ёрдам берган; иқтисодий самарадорлиги: ишлаб чиқилган таҳлил қилиш усули беморларнинг интенсив терапияда бўлиш муддатини ва тиббиёт саноати учун тегишли харажатларни қисқартиришга имкон берган (юрак реанимацияси учун қимматбаҳо ускуналар (сунъий ўпка вентиляцияси, ултратовуш, экспресс лабораториялар) ишини тежаш). вақт ва умумий тежашга олиб келган.
учинчи илмий янгилик: сунъий қон айлантириш остида туғма юрак нуқсонлари бўйича операция қилинган ёш болаларда операциядан кейинги мултимодал аналгезия схемасида оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи воситаларни биргаликда қўллаш самарадорлиги исботланган. Кўрсатилганидек, дексмедетомидинни кун давомида 0,8 мкг/кг/соат дозада доимий инфузия шаклида мултимодал аналгезия схемасига қўшилиши ҳаддан ташқари седация билан зарарланишни 3 баравар камайиши, операциядан кейинги кўнгил айниши ва қусиш эса 1,7 бараварга пасайган ва умумий динамикани қўллаб-қувватламайди. Дексмедетомидин аналгетик, седатив ва анксиолитик хусусиятларга эга селектив α-2 АР агонисти. Препарат бемор билан алоқада бўлган ҳолда дозага боғлиқ седатив даражасини таъминлаган, парвариш қилишни осонлаштирган, нафас олиш депрессиясини келтириб чиқармаган ва эрта экстубацияга ёрдам берган. Дексмедетомидин аналгетик таъсирга эга бўлиб, опиоидларга бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада камайтирган; ижтимоий самарадорлиги. Янги усул шароитида операциядан кейинги даврда беморларни энтерал озиқлантиришни эрта бошлаш имконияти бор, чунки у физиологик (дозага боғлиқ седацион даражаси) уйқуга яқин уйқуни келтириб чиқарган, чуқур ортиқча седацияга олиб келмаган, бемор билан алоқани сақлаб қолган. Тадқиқотнинг иқтисодий самарадорлиги: Назорат остида седация ва операциядан кейинги самарали оғриқни йўқотиш тезлаштирилган реабилитацияга ёрдам берган, беморнинг касалхонада қолишини 1,5 баробарга, жарроҳлик даволаш харажатларини эса 1,5 баробарга қисқартирган. Янги усул эрта экстубация ва сунъий ўпка вентиляцияси зарурати йўқлиги сабабли анъанавий усулга нисбатан харажатларни 24,7% га камайтирган.
тўртинчи илмий янгилик. кардиожарроҳлик беморларида операциядан кейинги асоратларни камайтиришда биз таклиф қилган схема бўйича мултимодал оғриқни йўқотишнинг самарали комбинацияси, оғриқ шкаласи ва седатив воситалардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги исботланган. Янги усул операциядан кейинги оғриқ синдроми ва яллиғланиш реакцияси агрессиясини самарали равишда камайтиради, назорат остидаги седация ва етарли даражада опиоидларни сақловчи таъсир кўрсатган. Ёш болаларда махсус оғриқ ва седатив шкалаларидан фойдаланиш оғриқ синдромининг кучини ва оғриқни йўқотиш самарадорлигини тезда баҳолашга ёрдам берган, мумкин бўлган салбий реакциялар ва асоратларни олдини олган. Ижтимоий самарадорлиги. Мултимодал аналгезия опиоидларни ва улар билан боғлиқ асоратларни, айниқса нафас олиш ва когнитив бузилишларни камайтиришга қаратилган. Ушбу тадқиқот натижалари, шу жумладан оғриқ ва седация шкаласи маълумотлари анъанавий опиоид тизимли аналгезия билан солиштирганда янги усулнинг юқори самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатган; иқтисодий самарадорлиги: Янги усул операциядан кейинги эрта даврнинг янада қулай кечишини таъминлаган, шу билан бирга салбий реакциялар сонини солиштирма гуруҳга нисбатан 2,1 мартага камайган (23% га нисбатан 48%). Ўпканинг узоқ муддатли сунъий вентиляциясига эҳтиёжнинг йўқлиги, енгил бошқариладиган седация ва етарли оғриқ қолдирувчи таъсир операциядан кейин ўртача 24 соат ўтгач, беморларни энтерал озиқлантиришнинг эрта бошланишига ёрдам берган.
Тадқиқот давомида олинган натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази (07.08.2024 йил 78-сон буйруғи) ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси (06.06.2024 йил 48-сон буйруғи) кардиожарроҳлик ва реанимация бўлимлари амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илмий-техник кенгашининг 2025 йил 15 январдаги 11-сонли хулосаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish