Ғиёсхўжа Арибжанович Низамовнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон матни
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Логистика хизматларида рақамли технологияларни қўллашни такомиллаштириш (Ўзбекистон темир йўллари АЖ мисолида)”, 08.00.16 – “Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция” бўйича ихтисослик.
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: B2022.2.PHD/Iqt2365.
Илмий раҳбар: Кенжабаев Аман Турғунович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, DSc.19/04.07.2023.1.88.01 рақамли Илмий кенгаш асосидаги Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Бердиназаров Зафар Улашович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ғуломов Саидахрор Саидахмедович, иқтисодиёт фанлари доктори, академик.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жиззах политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Темир йўлда рақамли технологияларни қўллаган ҳолда логистика хизматларини такомиллаштириш таклифларидан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгиликлари:
юк бекатларида жойлашган юк-тижорат ҳужжатларини расмийлаштириш бўлимлари фаолиятида рақамли технологияларни бекат тўлов тизимига татбиқ этиш орқали мижозларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш механизми ишлаб чиқилган;
юк бекатларида ушбу механизмни самарали амалга ошириш мақсадида хизмат кўрсатиш тўлов платформаси тизимида жисмоний ва юридик шахсларни ҳисобини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган;
юк вагонларини бекатларда ортиқча туриб қолиш вақтини ҳисоблаш орқали йўқотилаётган иқтисодий нафни келтириб чиқариш ва уни амалиётда қўллаш усуллари таклиф этилган;
пул тушуми назоратини ички блокчейн технологиялар ёрдамида назоратни масофадан назорат қилиш усули таклиф қилиниб, тўловларни аниқлик даражасини таъминлаш асослаб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Логистика хизматларида рақамли технологияларни қўллашни такомиллаштириш бўйича илмий иш натижалари асосида:
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги юк вагонлари юк бекатларида жойлашган юк-тижорат ҳужжатларини расмийлаштириш бўлимлари (касса) фаолиятида тўлов карточкалари тўловлари орқали станция тўлов тизимига рақамли иқтисодиётни татбиқ этилган ҳамда мижозларга хизмат сервиси оширилиши бўйича илмий таклфлар (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида 2024-йил 23-майдаги 03/1980-24-сонли маълумотномаси) жорий этилиш учун қабул қилинган. Янги турдаги технологияни темир йўл юк бекати касса бўлимига жорий қилган ҳолда мижозлар билан ишлаш даражасини ва темир йўлга ишончни ошириш имкониятини берган;
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги юк вагонлари юк бекатларида жойлашган юк тижорат ҳужжатларини расмийлаштириш бўлимларидаги иш жараёнига хизмат кўрсатиш тўлов платформасини такомиллаштириш таклифи (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида 2024-йил 23-майдаги 03/1980-24-сонли маълумотномаси) ишлаб чиқилган. Темир йўл юк бекатлари касса бўлимига янги платформани жорий этган ҳолда қоғозбозликдан қутилиш ва рақамли иқтисодиёт шароитига ўтиш имкониятини яратиб беради. Бунда хатто онлайн ўтказмалар назоратини ҳам амалга ошириш ва маблағлар қолдиғини назорат қилиш имкониятини берган;
Дам олиш кунлари (иш кунларидан ташқари) вагонларнинг бекатларда ортиқча туриб қолиш вақтини ҳисоблашнинг математик воситалар орқали йўқотилаётган пул қийматини аниқлаб, ишлаб чиқариш жараёнига қўллаш учун солиштирма методлартаклифи (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида 2024-йил 23-майдаги 03/1980-24-сонли маълумотномаси) қабул қилинган. Янги йўналишни жорий этган ҳолда бир ойдаги 8 кунлик дам олиш вақтида вагонларни туриб қолиш даражасини камайтириш кўрсатилган бўлиб, шанба ва якшанба куни ҳам ишлаш имкониятини яратиб бериш мумкинлиги ҳақида таклиф берилган;
Темир йўл юк бекати юк-тижорат кассаси тизими тўловларидаги пул тушуми назоратини тўғридан-тўғри бошқарма орқали ички блокчейн технологиялари ёрдамида назорат қилиб туриш бўйича масофавий технологик усул таклиф қилинган ҳамда тўловларни рақамлаштириш орқали фаолиятда аниқлик даражасини ошириш механизми (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида 2024-йил 23-майдаги 03/1980-24-сонли маълумотномаси) ишлаб чиқилган. Афзаллиги шундан иборатки, уларнинг орасидаги жараёнларга инсон омили таъсирини камайтириш ва самарадорлик даражасига олиб чиқиш имкони яратилган.