Шерипбаев Неъматулла Сатимбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хоразм вилояти ўртача шўрланган тупроқ шароитида интеркаляр усулида олма кўчатларини етиштириш технологияси”, 06.01.07 – Мевачилик ва узумчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3.PhD/Qx1397
Илмий раҳбар: Қосимов Ахмаджон Абдуқодирович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/29.04.2022.Qx.13.04.
Расмий оппонентлар: Буриев Хасан Чутбаевич, биология фанлари доктори, профессор; Халмирзаева Лола Бахромовна, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Хоразм вилоятининг ўрта шўрланган тупроқ-иқлим шароитларига мос интенсив боғларга мўлжалланган олма кўчатларини интеркаляр усулда етиштириш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Хоразм вилояти шароитида олманинг уруғидан кўпаювчи «Хазорасп» пайвандтаги морфо-биологик хусусиятларини ривожланиш даражаси (пайвандтагларни тутувчанлиги, ўсиш кучи, илдиз тизими) юқори эканлиги билан ўртача шўрланган тупроқларга энг чидамли эканлиги аниқланган;
интеркаляр усулда кўчат етиштиришда пайвандлаш муддати 10-сентябрда, «Хазорасп» пайвандтагига уланган оралиқ қўйилма «М-Ⅸ» пакана пайвандтагига 10 см баландликда пайванд қилиб етиштирилганда куртакларнинг 65-67% гача тутиб кетиши исботланган;
«Хазорасп» пайвандтагига пайвандланган оралиқ қўйилма «М-ИХ» пакана пайвандтагига 10 см баландликда «Голден делишес», «Пинк Леди» навларини пайванд қилиб етиштирилганда тайёр кўчатларнинг чиқиши 55,4% (гектарига 39581 дона) гача бўлиши аниқланган;
ўртача шўрланган тупроқларда интенсив боғлар учун олма навларидан интеркаляр усулда кўчатлар етишритилганда 1-нав кўчатларнинг баландлиги 179,0 см, диаметри 22,1 мм ва новдалар сони 4 дона бўлиб, стандарт талабларига тўлиқ мувофиқ келиши аниқланган;
ўртача шўрланган тупроқларда «Хазорасп» пайвандтаги ва оралиқ қўйилма «М-Ⅸ» пакана пайвандтагига пайвандустларни оптимал муддат 10-сентябрда 20 см баландликда пайванд қилиб етиштирилган «Пинк Леди» навининг иқтисодий самарадорлиги 197% гача, «Голден делишес» навида эса 174% юқори рентабелликка эришиш мумкинлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм вилояти ўртача шўрланган тупроқларда интеркаляр усулда олма кўчатларини етиштириш технологияси бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
фермер хўжаликлари, соҳа мутахассислар ва шахсий томорқа ер эгалари учун «Шўрланган ҳудудларга мос интеркаляр кўчат етиштириш технологияси» номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 10 майдаги 05/06-03-185-сонли маълумотномаси). Ушбу тавсиянома фермер хўжаликлари, соҳа мутахассислар ва шахсий томорқа майдонларида олма пайвандтагларини уруғидан кўпайтириш, интеркаляр усулда кўчат етиштириш агротехнологияларини қўллашда амалий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
интеркаляр усулда олма кўчатларини етиштириш ишланмаси Хоразм вилояти Хива тумани «Даврон» фермер хўжалигида олманинг Пинк Леди нави интеркаляр кўчатларидан 0,5 га майдонда, Хоразм вилояти Хазорасп тумани «Самандар Гўжа» фермер хўжалигида олманинг Голден делишес нави кўчатларидан 0,7 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 10 майдаги 05/06-03-185-сонли маълумотномаси). Натижада, анъанавий усулда кўчат етиштиришга нисбатан ўрта шўрланган тупроқларда интеркаляр усулда кўчат етиштириш орқали гектаридан 34-36 минг дона (18-25% га юқори) сифатли ва стандарт кўчатлар олинган;
Хоразм вилояти Урганч тумани «Хоразм илмий-тажриба станцияси»да олманинг Пинк Леди навининг интеркаляр усулда етиштирилган кўчатлари 0,75 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025 йил 10 майдаги 05/06-03-185-сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида анъанавий усулда кўчат етиштиришга нисбатан ўрта шўрланган тупроқларда интеркаляр усулда кўчат етиштириш орқали 26,5 минг дона (18% га юқори) сифатли ва стандарт кўчатлар олинган.