Ахмедов Ихтиёр Бахтиёровичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Жиноят ишида далилларни сохталаштирганлик учун жиноий жавобгарлик”, “12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи. Жиноят-ижроия ҳуқуқи” ихтисосликлари бўйича.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Yu153.
Илмий раҳбар: Отажонов Аброржон Анварович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Кабулов Рустам, юридик фанлар доктори, профессор; Ўразалиев Мурод Қораевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади далилларни сохталаштиришнинг жиноят-ҳуқуқий жиҳатларини комплекс ўрганиш асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, мазкур жиноятга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий чораларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятини квалификация қилишда муаммолар ва қонунчиликда бўшлиқлар мавжудлиги ҳамда уларни бартараф этиш зарурати сабабли “терговга қадар текширув органлари” мансабдор шахсини ҳамда “адвокат”ни далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятининг субъекти сифатида белгилаш лозимлиги асослантирилган;
жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ошириш ва ижтимоий хавфи юқори бўлган жиноий оқибатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш заруратининг мавжудлиги сабабли далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) “одам оʻлимига сабаб бўлган”да жавобгарлик дифференциация қилиниши лозимлиги исботланган;
маҳкумни ахлоқан тузатиш ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришининг олдини олиш учун амалдаги жазо тизимини такомиллаштириш заруратининг мавжудлиги ҳамда муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазосининг жазо мақсадига эришиш ва шахснинг келгусидаги жиноий фаолиятига тўсқинлик қилишга тўла равишда имкон бермаётганлиги сабабли далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жинояти учун белгиланадиган қўшимча жазолар қаторидан муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазосини чиқариш мақсадга мувофиқлиги асослантирилган;
Жиноят кодексининг 2302-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган фаолият субъектларининг тўғридан-тўғри аниқлаштирилмаганлиги, шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи барча органларда бундай ҳуқуқнинг мавжуд эмаслиги амалиётда ушбу нормани қўллашда муаммоларни келтириб чиқараётганлиги, мазкур қилмиш учун оғирлаштирувчи ҳолатларда жавобгарлик белгилаш заруратининг мавжуд эмаслиги сабабли “ахборотни ноошкора олиш учун мўлжалланган махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилган” тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) билан боғлиқ қилмишни “Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш)” жиноятининг оғирлаштирувчи таркибидан чиқариш мақсадга мувофиқлиги исботланган;
жиноят содир этганликдаги айбдорлик масаласи фақат мақбул далиллар билан исботланган тақдирдагина жиноий жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд бўлиши ва ушбу тартибни қонунчиликда белгилаш заруриятининг мавжудлиги сабабли қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги шартлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Илмий тадқиқот натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятини квалификация қилишда қонунчиликдаги муаммолар ва бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида, “терговга қадар текширув органлари” мансабдор шахсини ва “адвокат”ларни далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятининг субъекти сифатида белгилаш зарурати тўғрисидаги таклифидан янги таҳрирдаги Жиноят кодексининг 332-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 04-июлдаги 27/2-141-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятини квалификация қилишдаги муаммоларни бартараф этишга ҳамда ушбу жиноят субъектларини аниқлаштирилишига хизмат қилади;
жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ошираётганлиги ва ижтимоий хавфли жиноят оқибатларининг олдини олиш чораларини кучайтириш зарурати туфайли, “одам ўлимига сабаб бўлган” далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун жавобгарликни дифференциация қилиш зарурати тўғрисидаги таклифидан янги таҳрирдаги Жиноят кодексининг 332-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 04-июлдаги 27/2-141-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жинояти учун жавобгарликни дифференциация қилинишига хизмат қилади;
маҳкумни ахлоқан тузатиш ва унинг жиноий фаолиятини давом эттиришининг олдини олиш учун амалдаги жазо тизимини такомиллаштириш зарурати, шунингдек, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) жинояти учун белгиланган қўшимча жазолар қаторидан чиқариб ташлаш лозимлиги тўғрисидаги таклифидан янги таҳрирдаги Жиноят кодексининг 332-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 04-июлдаги 27/2-141-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши далилларни қалбакилаштириш учун жазо мақсадига эришишга ва шахснинг кейинги жиноий фаолиятининг олдини олишга хизмат қилади;
“Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш)” жиноятининг оғирлаштирувчи таркибидан “ахборотни ноошкора олиш учун мўлжалланган махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилган” қилмишни чиқариб ташлаш тўғрисидаги таклифидан янги таҳрирдаги Жиноят кодексининг 332-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган. Бу амалдаги Жиноят кодексининг 2302-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган фаолият субъектларининг аниқ белгиланмаганлиги, шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи барча органларда бундай ҳуқуқнинг йўқлиги амалиётда ушбу нормани қўллашда муаммоларни келтириб чиқараётганлиги билан шартланади. Шу боис, оғирлаштирувчи ҳолатларда бундай қилмиш учун алоҳида жавобгарлик белгилашнинг зарурияти мавжуд бўлмайди. (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2025-йил 04-июлдаги 27/2-141-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилиниши тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) жиноятини квалификация қилишдаги муаммоларни бартараф этишга ва адолатли жазо чорасини қўллашни таъминлашга хизмат қилади.
Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳамда қонунларда белгиланган тартибларни бузган ҳолда ёхуд қонунларда назарда тутилмаган ҳаракатлар натижасида тўпланган далиллар қонунни бузган ҳолда олинган далиллар деб эътироф этилиши лозимлигига оид таклифидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 23-июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сон қарорининг 9-банди 2-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2024-йил 29-апрелдаги 08/431-24-сон далолатномаси). Ушбу таклифлар шахсни айблаш асосига қўйиладиган ҳар қандай далилнинг сохталаштирилиши, ёʻқ қилиниши, алмаштирилиши, ўзгартирилиши ҳамда айбловнинг сунъий далилларини яратилишини олдини олишга хизмат қилади.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish