Ўтаев Рахимжон Халимовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Саримсоқнинг серҳосил ва ҳосил сифати юқори, табиий сақлашга яроқли бўлган навларни яратиш”, 06.01.05 - Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.3.PhD/Qx1195.
Илмий раҳбар: Нурматов Норқобил Жўраевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети, PhD.03/28.08.2024.Qx.181.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти Саримсоқнинг “Термиз-2020” нави (NAP 534).
II. Тадқиқотнинг мақсади саримсоқнинг нав намуналари тўпламини морфологик, қимматли хўжалик белгилари бўйича баҳолаш, истиқболли навларни аниқлаш, селекция ишлари учун бошланғич манбаларни ажратиш ҳамда ундан янги нав яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
саримсоқ ўсимлигининг 21 та нав намуналари тўплами қимматли ва хўжалик муҳим белгилари бўйича ўрганилган ва селекция ишлари учун бошланғич манба ажратилган;
аналитик селекция услуби асосида истиқболли К-81 намунаси ажратилган ва селексион боғчада ўрганилган ҳамда якка танлаш ишларини амалга ошириш орқали янги навлар яратилган;
истиқболли нав намуналари Давлат нав синаш марказига ва Интеллектуал мулк агентлигига топширилиб, саримсоқнинг “Термиз 2020” навига патент олинган;
яратилган янги саримсоқнинг “Термиз 2020” нави давлат нав синови ва ишлаб чиқариш синовларидан ўтказилган ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларига жорий этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Саримсоқнинг серҳосил ва ҳосил сифати юқори, табиий сақлашга яроқли бўлган навларни яратиш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:
Сурхондарё вилояти тупроқ иқлим шароитида импорт ўрнини босувчи саримсоқнинг янги маҳаллий «Термиз 2020» нави яратилган, 14.02.2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал Мулк агентлиги томонидан № НАП 534 рақамли патент олинган ҳамда Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 2-июндаги 05/06-02-564-сонли маълумотномаси). Натижада янги яратилган “Термиз-2020” нави республикамизда сабзавотчиликга ихтисослашган фермер хўжаликларида серҳосил ва ҳосил сифати юқори, табиий сақлашга яроқли бўлган саримсоқ генофондини бойитишга хизмат қилган.
Сурхондарё вилояти тупроқ иқлим шароитида саримсоқнинг янги маҳаллий «Термиз 2020» навини етиштириш илмий асосланган ҳамда Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги «Мироб А.А.А» фермер хўжалигининг 2,0 гектар ва «Ғарб дарвозаси» фермер хўжалигининг 3,0 гектар, Термиз туманидаги «Зафарбой Термиз Сурхон» фермер хўжалигининг 2,0 гектар, «Термиз туман элита уруғчилик хўжалиги» фермер хўжалигида 2,5 гектар ҳамда Жарқўрғон туманидаги «Жарқўрғонлик Жамшидбек» фермер хўжалигининг 2,0 гектар, жами 11,5 гектар майдонда амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 2-июндаги 05/06-02-564-сонли маълумотномаси). Натижада саримсоқнинг янги яратилган «Термиз 2020» нави жорий қилинган майдонларда гектаридан 22,5 тоннадан 27,0 тоннагача ҳосил олишга эришилган ва уни реализация қилишдан гектарига ўртача 13 млн 334 мингдан 15 млн 357 минг сўмгача соф даромад олинган ҳамда рентабеллик даражаси жорий қилинган майдонлар кесимида 100,6 % дан 123,2 % гачани ташкил этган.