Камалов Айбек Кудабаевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тадбиркорлик субектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштириш йўллари”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Iqt2971. 
Илмий раҳбар: Исламкулов Алимназар Худжамуратович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
 Расмий оппонентлар: Хайдаров Низомиддин Ҳамраевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Абдуллаев Зафар Алиджанович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тадбиркорлик субектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси барча туманларида жойлашган ва ушбу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун айрим солиқлар (фойда, айланмадан солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари) бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтириш орқали тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш таклиф этилган;
тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси ҳисобламаслик зарурлиги исботланган;
тадбиркорлик субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб бериш ҳамда экспортчилар маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши зарурлиги асосланган;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар сонини қисқартириш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги асослаб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
Қорақалпоғистон Республикасида ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўналишида барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтириш бўйича берган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги ПФ-213-сон “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг 2022 йил 7 декабрдаги 02-07-3235-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида солиқ имтиёзлари Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил сентябр – декабр ойларида 2 495 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши, хорижий ва ички инвесторлар томонидан қўшимча равишда 419,5 млрд.сўмлик 212 та янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига эришилган.
иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси ҳисобланмаслиги бўйича берган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 ноябрдаги ПҚ-413-сон “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлдарини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг 2022 йил 7 декабрдаги 02-07-3235-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида, тадбиркорлик билан шуғулланаётган иссиқҳона хўжаликларининг 2022 йилнинг 9 ойи давомида табиий газ бўйича шаклланган жами 79 млрд.сўм қарздорликларига ҳисобланиши лозим бўлган пеня суммаси тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолдирилишига эришилган.
тадбиркорлик субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб бериш ҳамда экспортчилар маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши бўйича берган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги ПФ-25-сон “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлдарини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг 2022 йил 7 декабрдаги 02-07-3235-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига ички юк ташишда транспорт харажатлари қоплаб берилиши ва экспортёрларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб берилиши тартиби жорий этилган.
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар сонини қисқартириш бўйича берган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган Натижада, 2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга «Ягона давлат назорати» ахборот тизимидаги давлат назорати функсиялари реестрига киритилмаган функсиялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланди. «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида барча назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари учун мажбурий бўлган 46 443 та талаблар рўйхатлари шакллантирилиб «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилишига эришилган. Мазкур амалиёт, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилиши мумкин бўлган асоссиз текширувларни олдини олиб, текширувлар сони қисқаришини таъминлаб берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish