Таджиева Умида Фахритдиновнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):
“Араб ва ўзбек тилларидаги мақолларнинг лингвомаданий хусусиятлари”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/Fil4208
         Илмий раҳбар: Насирова Малика Анваровна, филология фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ориэнтал университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.21.01.
Расмий оппонентлар: Шомусаров Шорустам Ғиёсович, филология фанлари доктори, профессор; Жўраева Бибиш Муҳсиновна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти                                                             университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Араб ва ўзбек тилларидаги мақолларнинг лингвомаданий хусусиятларини чоғиштирма аспектда ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
паремиология ва мақоллар тадқиқига оид бир неча илмий-назарий базалар жамланди, улар асосида мақолларни паремиологик бирликлардан фарқлаш мезонлари келтирилди, мақоллар асосида юзага келадиган семантик чегаралар ёритилди;
илмий тадқиқот доирасида жалб этилган араб ва ўзбек тилларидаги халқ мақоллари семантикасига кўра бир неча мавзуий гуруҳларга ажратилди, адабий тилдаги мақоллар билан бирга, шевадаги мақолларнинг ҳам халқ ҳаётида муҳим ўрин эгаллаши далилланди;
араб ва ўзбек тилларидаги семантик жиҳатдан умумий ва фарқли бўлган халқ мақоллари таҳлил қилинди. Унга кўра ҳар икки халқда диний эътиқодга оид ва зооморфик мақоллар муштарак эканлиги,  географик жойлашув, ижтимоий тузум ва рангларга оид мақоллар фарқлилиги аниқланди.
араб ва ўзбек тилларида мавжуд аёллар, қариндош-уруғчилик ва диний мавзулардаги мақоллар ўрганилганда, оиладаги патриархал муносабатлар, катталарга бўйсуниш  каби муштарак жиҳатлар очиқланди, мақолларда ўзига хос лексик бирликлар ва маданий образларнинг ифодаланиши каби фарқли хусусиятлар аниқланди, ҳамда уларнинг  шаклланишининг ижтимоий ҳаёт ва анъаналар билан боғлиқ тарихий асослари далилланди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Араб ва ўзбек халқ мақоллари тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
араб ва ўзбек тилидаги аёллар, қариндош-уруғчилик ҳамда диний мавзулардаги халқ мақолларида халқ ҳаёти, урф-одатлари, диний эътиқоди каби миллий-маданий хусусиятларидан олинган фикрларидан Тошкент ислом институтида фойдаланилган (Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 03-12-2024 йилдаги 02-03/3012-сон ма’лумотномаси). Натижада мақоллар ҳар икки халқнинг миллий-маданий хусусиятларини, оламнинг лисоний манзарасини акс эттирувчи асосий намуналарини қўллаш орқали халқ менталитетини акс эттириши масалалари ўз ечимини топган;
араб ва ўзбек тилларидаги аёллар, қариндош-уруғчилик ҳамда диний мавзулардаги мақолларнинг семантик тузилиши очиб берилган ва уларнинг оиладаги патриархал муносабатлар каби муштарак, оʻзига хос маданий образларнинг ифодаланиши каби фарқли хусусиятларидан олинган натижаларидан 2020-2021- йилларда Ўзбекистон давлат хореография академиясида амалга оширилган “Ўзбек миллий рақс сан’атини тарғиб этишга бағишланган веб-сайт ва мултимедиа маҳсулотлари (электрон луғатлар) тўпламини яратиш” мавзусидаги ИЗ-2019081663 рақамли фундаментал лойиҳа доирасида “Ўзбек миллий рақс терминларининг қисқача ўзбекча-русча-инглизча-франсузцча изоҳли луғати”ни яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон давлат хореография академияси 21-10-2024 йилдаги 1/04-132-сон ма’лумотномаси). Натижада лойиҳа араб ва ўзбек халқ мақолларида келган терминлар билан бойитилган;
араб ва ўзбек тилларида мавжуд аёллар, қариндош-уруғчилик ва диний мавзулардаги айрим мақолларнинг шаклланишининг ижтимоий ҳаёт ва ан’аналар билан боғлиқ тарихий асослари орқали далилланган илмий-назарий фикрлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси давлат муассасасининг 13-09-2024 йилдаги 02-25-10.11-сон ма’лумотномаси). Натижада кўрсатувнинг ашёвий базаси мустаҳкамланган ҳамда ўзбек телеаудиторияси учун араб халқ мақолларининг ўзига ҳос жиҳатлари бўйича янги маълумотларни олишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish