Бозоров Анвар Омановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):
“Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни солиққа тортиш амалиётини такомиллаштириш”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/Iqt3742
Илмий раҳбар: Тошматов Шухрат Амонович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университет
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент Халқаро университети, DSc.22/29.12.2023.I.175.01
Расмий оппонентлар: Бурханов Актам Усманович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Кузиев Равшан Рамазанович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни солиққа тортиш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
солиқ базасининг кенгайиши, бюджет тушумларининг ошиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг янада шаффоф ва барқарор солиқ муҳитида юритилишини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар учун қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини ҳисоблашда солиқ даври давомида жами даромадларининг энг кам миқдорлари асосланган;
ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият кўрсатувчи жисмоний шахсларни солиққа тортиш амалиётини такомиллаштиришда солиқ даврида олинган даромади юз миллион сўмдан ошган кундан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ режимини жорий этиш таклиф этилган;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларига мос равишда ҳудудий тоифаларга ажратиш орқали солиқ солиш тартибини жорий этиш таклифи асосланган;
меҳнат бозорининг ноформал сегментини ҳуқуқий майдонга жалб этиш, ижтимоий та'минот тизимининг барқарорлигини та'минлаш ҳамда солиқ юкининг иқтисодий асосланган тақсимотини шакллантиришда якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан ижтимоий солиқни фаолият туридан келиб чиқиб ундириш амалиёти такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни солиққа тортишни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
солиқ базасининг кенгайиши, бюджет тушумларининг ошиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг янада шаффоф ва барқарор солиқ муҳитида юритилишини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар учун қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини ҳисоблашда солиқ даври давомида жами даромадларининг энг кам миқдорлари юзасида берилган таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 30-декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-812-сон Қонунида фойдаланилиб, мазкур Қонун билан Солиқ кодексининг 462-моддаси тўққизинчи қисмига тегишли ўзгартириш киритилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024-йил 13-майдаги 45023-сонли маълумотномаси). Натижада, солиқ даври давомида жами даромади бир миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар жами даромади бир миллиард сўмга етган кундан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтиши орқали 2023 йил давомида 2468 та якка тартибдаги тадбиркорлардан 68,2 млрд. сўм қўшилган қиймат солиғи ва 55,4 млрд. сўм фойда солиғи ундирилишига эришилган;
ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият кўрсатувчи жисмоний шахсларни солиққа тортиш амалиётини такомиллаштиришда солиқ даврида олинган даромади юз миллион сўмдан ошган кундан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ режимини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 28-декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-891-сон Қонунида фойдаланилган, ҳамда мазкур Қонун билан Солиқ кодексининг 369-моддаси иккинчи қисмида тегишли ўзгартириш киритилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024-йил 13-майдаги 45023-сонли маълумотномаси). Натижада, солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган даромадга эга бўлган ўзини ўзи банд қилувчи жисмоний шахслар учун солиқ солиш амалиёти такомиллаштириш орқали норасмий иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тизимида адолат тамойилларини таъминлаш ва бюджетга тушумларни барқарор ошириб боришга олиб келган;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларига мос равишда ҳудудий тоифаларга ажратиш орқали солиқ солиш тартибини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 30-декабрдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–287-сон Фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024-йил 13-майдаги 45023-сонли маълумотномаси). Натижада, шароити оғир бўлган туманларда фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субектларига нисбатан имтиёзли солиқ ставкаларини қўллаш асосида 5-тоифадаги 20 та туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилиш, ҳамда 4-тоифадаги 40 та туманларда якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 0,5 гача камайтирувчи коеффициент киритиш амалга оширилган;
меҳнат бозорининг ноформал сегментини ҳуқуқий майдонга жалб этиш, ижтимоий та'минот тизимининг барқарорлигини та'минлаш ҳамда солиқ юкининг иқтисодий асосланган тақсимотини шакллантиришда якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан ижтимоий солиқни фаолият туридан келиб чиқиб ундиришга доир таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 16-июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-847-сон қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддасига тегишли ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024-йил 13-майдаги 45023-сонли маълумотномаси). Натижада, якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилиши ва фақатгина савдо мажмуалари ва бозорларда фаолиятни амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи ҳажмида мажбурий тартибда тўланиши жорий этилган.