Мамазулунов Нурмухаммад Хусанбой ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Тажрибавий қандли диабетнинг кечишини микросомал оксидланиш фенотипи билан ўзаро боғлиқлиги», 03.00.01 – Биокимё (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/В1234.
Илмий раҳбар: Юлдашев Насирджан Мухамеджанович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги DSc.04/30.12.2019.Tib.30.03 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хаджиметов Абдугафар Ахатович, биология фанлари доктори, профессор; Далимова Сурайа Нугмановна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети (Қозоғистон Республикаси).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тажрибавий қандли диабетнинг кечишини микросомал оксидланиш фенотипи билан ўзаро боғлиқлиқ даражасини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба тажрибада қандли диабетни ривожланиши ҳамда оғирлик даражаси жигар монооксигеназа тизими ферментларининг индивидуал фаоллигига ва жигар детоксикацион функцияси интенсивлигига боғлиқ равишда аниқланган;
секин метаболловчи каламушларда тез ва ўрта метаболловчиларга нисбатан биокимёвий кўрсаткичлардан АсАТ фаоллиги, холестерин миқдори паст, мочевина ва креатинин миқдори юқори бўлиши аниқланган;
тез метаболловчи каламушларда аллоксанли ҚДнинг ривожланиши динамикасида вазнни йўқотиш, озуқа ва сув истеъмоли ҳамда диурез кўрсаткичларини пасайиши ўрта ва секин метаболловчиларга нисбатан анча юқорилиги аниқланиб, қандли диабетни ривожланиш жадаллиги маълум даражада организмнинг функционал-метаболик холатига, жумладан жигарнинг бошланғич метаболизм холатига боғлиқлиги исботланган;
тез метаболловчи каламушларда аллоксанли қандли диабет шароитида юзага келадиган жигар детоксикацион функцияси фаоллигидаги биокимёвий ва физиологик ўзгаришлар ўрта ва, айниқса, секин метаболловчи каламушлардаги ўзгаришларга нисбатан яққолроқ намоён бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Тажрибавий қандли диабетнинг кечишини микросомал оксидланиш фенотипи билан ўзаро боғлиқлиқ даражасини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
in vitro шароитида жигар детоксикацион функционал фаоллиги бўйича турли фенотипли каламушларда аллоксанли қандли диабетда баъзи анатомо-физиологик ва биокимёвий кўрсаткичларининг ўзига хосликларни ўрганиш натижасида олинган натижалардан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 2023-A-01-рақамли «Developing student directed self-learning program for medical biochemistry, chemistry and biology» мавзусидаги таълим ва тадқиқот имкониятларини кенгайтириш лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2025 йил 16 апрелдаги 02/01-01-136-сон маълумотномаси). Натижада, углевод алмашинувини бузилиши билан тавсифланувчи ҚД патогенезининг янги бир қиррасини очиб бериш ва жигар детоксикацион ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ҚД терапиясига янгича ёндошувлар учун фундаментал аҳамият касб этиш имконини берган;
каламушлар умумий популяциясини жигарнинг метаболловчи функцияси асосида турли фенотипларга ажратиш усули бўйича “Тажрибавий каламушларнинг умумий популяциясида жигарнинг метаболловчи функциясини турли фенотипларга ажратиш усуллари” номли услубий тавсиянома ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2025 йил 16 апрелдаги 02/01-01-136-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома “60910300 – Педиатрия иши” таълим йўналишининг малака талаблари ҳамда “Биокимё” фанининг ўқув дастури мазмунига интеграция қилиш имконини берган.